Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шамсибек ЖЎРАҚОБИЛОВ

29.06.2017


МАШИНА ЎЗ ЭГАСИГА ҚАЙТАРИЛДИ, ФИРИБГАР ЭСА ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Гап шундаки, фуқаро Носир Тўраев ўзига тегишли бўлган “ВАЗ-2101” русумли автомашинасини сотиши ҳақида эшитган Зокирнинг хаёлини, қандай бўлмасин, ушбу уловни қўлга киритиш фикри эгаллаб олди. У мулк эгасига учрашиб, машинани сотиб олмоқчи экани, аммо айни вақтда пули йўқлиги сабабли қарзга беришини сўради. Носир Тўраев бироз иккиланаётганини кўриб, уни ишонтиришга ҳаракат қилди:

- Пулингизни кўпи билан 10-15 кун ичида қилиб бераман, менга ишонсангиз бўлади. Агар белгиланган муддатда пулни келтириб бера олмасам, ҳар ойда 200 минг сўмдан қўшиб тўлайман.

Хуллас, бир қанча ваъдалардан сўнг улов сотувчисини гапига кўндирди. “Хамир учидан патир” сифатида унга 475 минг сўм пул бериб, машинани олиб кетди.

Шундан сўнг Носир Тўраев учун ҳаловатсиз кунлар бошланди. У аввалига Зокирнинг пулни олиб келиши учун белгиланган муддат ўтишини кутди. Бу муддат ўтиб ҳам ундан дарак бўлмагач, қарзни дарров сўрашдан истиҳола қилиб, яна уч-тўрт кун сабр қилди. Аммо Зокирдан сас-садо йўқ эди. Кўнглига шубҳа оралаб, уни излашни бошлади. Қарангки, “харидор” на пулнинг қолган қисмини берар, на машинани қайтаришни истарди. Зокирнинг уйига серқатнов бўлиб қолган Носир Тўраев эса ҳар сафар у тўқиган турли баҳоналарни эшитиб, ортига қайтишдан бошқа илож тополмасди.

Бу орада Зокирнинг эътиборини ўзи ишлаётган корхона ертўласидаги алюминий профилли эшик ва ромлар ясашда ишлатиладиган станок (тарсофка) тортди. Пул деган жойда ҳалоллик, виждон, имон каби тушунчаларни унутадиган Зокир тун ярмида корхонага келиб, нархи 1 миллион 800 минг сўм бўлган станокни олиб чиқиб кетди. Бунда корхона раҳбарининг унга ишонгани, барча калитларни бериб қўйгани қўл келди.

Ҳар қандай қинғир ишнинг жавоби, албатта, бўлади. Бировни алдаб, унга тегишли мулкни ўзлаштирмоқчи бўлган, энг ёмони ўзига иш бериб, ойлик маош билан таъминлаётган тадбиркорнинг бу яхшилигига хиёнат билан жавоб қайтарган Зокир Пўлатов ҳам қилмишига яраша жазога тортилди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида ўтган суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукмига асосан, Зокир Пўлатовга нисбатан ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Фуқаро Носир Тўраевга тегишли “ВАЗ-2101” русумли автомашина ҳамда тадбиркор Равшан Ҳайитовга тегишли станок ўз эгаларига қайтарилди.

Шамсибек ЖЎРАҚОБИЛОВ,

 

Қарши шаҳар прокуратураси терговчиси

Report typo