- Мазкур хайрли тадбир орқали мамлакатимиздаги барча масжидларга Қуръони карим ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб диний-маърифий китобларни етказиб бериш мақсад қилинган, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги масъул ходими Бекмурод Сахриев. – Эътиборлиси, ушбу акцияда кўплаб юртдошларимиз пул ўтказиш ёки китоб бериш орқали қатнашишди. Бундан ташқари, келгусида тушган маблағ эвазига барча масжидларда бепул онлайн кутубхона ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, ҳар бир масжидга Қуръони карим, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб “Одоблар хазинаси”, “Руҳий тарбия” тўпламлари, “Ҳадис ва ҳаёт” китобидан 6 та жуз, “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ”, “Зикр аҳлидан сўранг” китобидан 4 та жуз, “Олтин силсила” 4-, 6-жузи, “Иймон”, “Очиқ хат”, “Тасаввуф ҳақида тасаввурлар” китоблари, шу билан биргаликда, масжид аҳли учун керакли деб ҳисобланган “Ўкинма”, “Енгил амаллар”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт”, “Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар”, “Ғийбат ўзи нима?”, “Исломда оила”, “Нурул басар”, “Имомлик буюк масъулият”, “Сиз қандай яшамоқчисиз?”, “Расулуллоҳнинг шаклу шамоиллари”, “Сийрат солномаси”, “Расулуллоҳнинг аждодлари”, “Расулуллоҳнинг ахлоқ-одоблари” каби китоблар вақф мулки қилиб берилди.
Маълумотларга кўра, “Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси” асосида ҳозирги кунгача юртимиздаги 306 та масжид уламолар томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланган.
Н.ХЎЖАЕВ