4D форматидаги ёндашув
Хабарингиз бор, 2019 йил 27 июнда кўплаб журналистларга байрам совғаси сифатида Президентнинг "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинган, шу асосда кўплаб идораларга матбуот котиблари ишга олинган, аҳолининг ахборотга эҳтиёжини қондириш, турли чиқишларга холис ва тезкорлик билан муносабат билдириш талаби қўйилганди.
Хўш, ўтган бир йил ичида бу талаблар қанчалик рўёбга чиқди? Ахборот хизматлари фаолияти кутилган натижани бераяптими? Айни саволга, ижодий, "4D форматида" ёндашган ҳолда, томонларнинг умумлашган фикрлари асосида жавоб излашга ҳаракат қилдик.
Газета ходимининг муносабати
Азага борган дардини айтиб йиғлайди, деганларидек, мавриди экан, бир масалага тўхталиб ўтсам. Кейинги пайтларда газета-журналларнинг умри битгани ҳақида "фатво" бериб, "жаноза"сини ўқиб юборадиганлар кўпайди. Улар соҳани тушунмайдиган, компьютер, интернет ва ахборот технологиялари ҳаётининг асосий бўлагига айланиб, умрида қоғоз шаклидаги нашрларни кузатмаган кишилар бўлса-ку тушуниш, тўғри қабул қилиш, "Э, бу газетани қайдан биларди" дейиш мумкин эди. Аммо ўзлари шу соҳани ривожлантиришга масъул бўла туриб, асосий функцияларидан бири сифатида бу қўлларидан келмаганидан кейин босма нашрларни биратўла тугатиб юборишга аҳд қилганлари жуда қизиқ ва ғалати ҳол бўлди.
Айни дамда "Интернет сайтлари ҳар қанча тараққий этмасин, барибир газеталар керак, уларнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди, газеталар ўзларига "фатво" берганлардан кейин ҳам яшайверади" дея баҳс юритмоқчи эмасман. Бир нарсани эсга солмоқчиман: ўшанда "юқорида"гилар гўё босма нашрларнинг энди ортиқ кераги йўқлигини кўрсатиш кўйида ахборот хизматлари фаолиятига зўр беришганди. Хўп, натижа ҳам шунга яраша бўлдими?
Газетада кичик бир хабар ёзсангиз ҳам муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир таҳрири каби босқичлардан ўтади. Уларга маъқул келса, фактлари текширилгач босишга рухсат берилади. Айрим ахборот хизматлари тармоққа қўяётган хабарларни кўриб, буларда савод борми ўзи, деб ўйланиб қоласан. Гўё амалда бошқа, интернетда бошқа имло шакллангандек, телеграмга имло хатолари ғиж-ғиж маълумотларни жойласа бўлаверадигандек. Эй биродар, кишилар каналингиз орқали ахборот олаётган экан, шунга қараб ёшларда савод шаклланаркан, пишакнинг қулоғидаккина хабарчангизга бир қур кўз югуртиринг. Маъно-мазмунига бир қаранг.
Биламан, телеграм имкониятлари кам ёзиб, кўп сурат қўйишни тақозо қилади. Одамларга ҳам шуниси маъқулдай. Демак, матбуот котибидан талаб қилинадигани - ихчамлик, пухталик. Ўша куни Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг каналида "Авто телтомат АБЦ (асфалт қоргич) қурулма" деб ёзишибди. Нима дегани бу? Яна "иш ҳақи бўйича ўртача маълумот"ни ҳам келтиришибди. Шуни тўғригина " ўртача иш ҳақи бўйича маълумот" деб ёзса бўлади-ку.
Тўғри, аввал таҳририятларда ишлаб, кейин матбуот котиблигига ўтганлар таҳрир, канал юритиш борасида қийналишаётгани йўқ. Лекин тизимнинг ичида юрган ёки четдан олиб келинган кўп ходимларнинг ахборот хизматига қўйилиши ўзини оқламаяпти.
Ахборот хизмати кўнгилдагидек ишлаши учун муҳаррир, техник ходим хизмати албатта зарур. Айрим матбуот котиблари оддийгина матнни "қорайтириб" қўйиш ёки "курсив"да беришни ҳам билмайди. Сурат тушириш малакаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ёзадиган ходим ёнида сураткаш албатта бўлгани ва ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул. Шунинг учун айрим каналларда телефонда туширилган, уёқ-буёғи тарашланмаган суратларни ҳам кўриб қолаяпмиз. Ботинкаси билан биров ётиб-турадиган уйга тикка кириб борган ҳокимнинг суратини тармоққа жойлагани учун маломатга қолган ҳам айнан матбуот котиби. Раҳбарнинг фаросати ўзига яраша экан, бошқаларнинг ҳадди сиғмагандир, матбуот котиби деган маслаҳатчиси бор-ку, шу айтса бўлмасмиди, деганларни ноҳақ деб бўлмайди.
Дарвоқе, ҳоким. Матбуот котиби ҳокимнинг эмас, ҳокимлик манфаатларини ифодалаши керак аслида. Бизда эса кўп котиблар ҳоким пинжига кириб, унинг борган жойлари, айтган гаплари мадҳидан ортмаяпти. Нечта сурат қўйилса, ҳаммасида ҳоким... Ахир бошқалар ҳам лайлак ҳайдаб юргани йўқ, уларни-да эътироф этиш керак, одамлар ўшаларни ҳам билсин, танисин. Бинобарин, матбуот котиблари тизимга ёки мансабдор шахс фаолиятига оид тор маълумотлар билан чекланиб қолаяпти. Фақатгина тегиб кетган танқидларга жавоб, тўғрироғи, аксил материал берилганда муайян мавзуга оид кенгроқ маълумотларни учратасиз, холос. Ваҳоланки, матбуот хизматларидан ОАВни, кенг жамоатчиликни батафсил, асосли ва "қайноқ" ахборотлар билан таъминлаш кутилади. Иккита гап, тўртта сурат билан эса бунга эришиб бўладими?!
Шу кеча-кундузда Қарши тумани ҳокимлиги ва тадбиркор ўртасида суд жараёни бораётганидан хабарингиз бор. Судда нима гаплар айтилаётганидан озми-кўпми дарак топиб турибмиз. Буёқда эса ҳокимлик ахборот хизмати ўз каналида судлашилаётган кластерда ёлланма ишчи бўлиб ишлаётган кишининг маошини ололмаётгани, ё бўлмаса кластер раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли айрим ҳудудларда пахта экилган ер майдонлари ачинарли аҳволга келиб қолгани ҳақидаги лавҳаларни пешма-пеш жойлаштириб бормоқда.
Ахир булар ҳаммаси судда айтиладиган, кўрсатиладиган лавҳалар-ку. Одамларга ҳавола этган билан қандай фойдаси бор, якуний ҳукмни судья ўқиса?! Қолаверса, бирданига ойлик олмаган одам топила қолгани, ерлар абгор экани қандайдир ғалати туюлмаяптими?
Интернет кузатувчиси фикри
Канал даражасини одатда унинг аъзолари сони белгилайди. Агар буни ҳокимиятлар мисолида кўриб чиқсак, энг юқори рақам вилоят ҳокимлиги каналига тегишли: 6 мингдан зиёд аъзоси бор. Деҳқонобод ҳокимлигиники 1700 атрофида, Ғузор тумани ҳокимлигиники 1200 чоғли, Касбиники 900, Қамашида 800, Қарши туманида 500 га яқин. Нишон тумани ҳокимлигининг телеграмдаги каналида 367 обуначи бўлса, Яккабоғ тумани ҳокимлиги каналига 240 киши аъзо бўлган, холос (бу рақамлар фойдаланувчилар ихтиёрига қараб кўпайиб ё камайиб туради). Қўйилган ахборотларни ҳам шунча атрофидаги киши кузатиб боради.
Энди бир ўйлаб кўринг, бугун "ўлди" дея баҳоланаётган газета-журналлар ҳам шу атрофда ёки бундан кўп чиқаяпти-да.
Биргина вилоятнинг ўзида ҳам 200 мингдан зиёд аъзога эга бўлган каналлар борлигини ҳисобга олсак, туман ҳокимликлари ахборот хизматлари жамлаган аудитория жуда кичик экани кўринади. Агар бир туманда янгиликлар билан танишиб борадиган 50 минг киши бор, десак, 500 аъзога эга канал ҳудуднинг атиги 1 фоизини қамраб олаётгани ойдинлашади.
Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ахборот хизматлари ҳам мақтана олмайди. Мисол учун, вилоят прокуратурасининг телеграмдаги каналида 560 дан зиёд аъзо бўлса, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасида 384, ички ишлар бошқармасининг 2 мингга яқин, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 260 дан ортиқ обуначиси бор.
Бунга ҳали ахборот хизматлари ишининг янгидан йўлга қўйилгани сабаб қилиб келтирилиши мумкин, аслида ўтган бир йил керакли аъзони тўплаб олиш учун етарли эди. Қолаверса, тизимнинг ўзида ишлайдиганларнинг барчаси ўз каналларига аъзо бўлганда ҳам бир неча ўн минг аъзолик виртуал макон яраларди.
Агар газета-журналлар етарли обуначига эга бўлмаса, инқироз ёқасига келиб қолади. Ахборот хизматларида эса бундай хавф йўқ, улар 10 та аъзо билан ҳам яшайверади. 100-200 минг аъзога эга каналлар эса рекламадан тушадиган пул ҳисобига тирикчилик қилади, шунинг учун обуначини қанча кўпайтирса, шунча манфаатли.
Аслида ахборот хизматларини ҳам ўзини ўзи қоплайдиган тузилмага айлантирса бўлади, аммо бунга қунт қиладиганлар кам.
Кўп ахборот хизматларининг асосий хатоси шундаки, "переслать" қилишни, бошқа манбаларда тарқалган хабарларни ўз каналларига жойлашни одат қилиб олишган. Дейлик, коронавирусга чалинганлар сони, мамлакатдаги ва дунёдаги вазият ҳақида маълумот берувчи, 1 миллион 380 мингдан зиёд аъзога эга "Koronavirus Info" канали бор. Хоҳлаган одам шу ерга кириб, шу мавзудаги керак нарсани билиб олаверади. Шу канал "Бугун 6 кишида касаллик аниқланди, уларнинг аҳволи..." деб хабар қўйса бўлди, аксар шаҳар, туман ҳокимликларимиз, бошқарма, ташкилотлар ахборот хизматлари дарров "переслать" қилиб ташлашади. Табиийки, асосий манбадан керакли маълумотни олган киши кейинги манбаларга қараб ҳам қўймайди. Нуқул бошқа манбалардан кўчириб босавериш каналга қизиқишни сусайтириб юборади. Обуначилар ҳам секин-аста чиқиб кетади.
Тўғри, матбуот котиби ўз каналида барча янгиликларни жамлашга, ўқувчиларига ҳамма хабарни ўзи етказишга ҳаракат қилади. Лекин асосий манба турганда ким иккинчи, учинчи... юзинчи манбага мурожаат қилади? Яхшиси, республика, вилоят миқёсида тарқатилаётган хабарлардан туманга оидларини саралаб бериш керак. Қайси каналга кирсанг, бир хил маълумот бўлса, безиб қоласан киши.
Вилоят ҳокимлиги канали кўп аъзога эга экан, ортидан маҳаллий ҳокимликларни ҳам тортиши керак. Бунинг учун зарур ҳаволалар берилса кифоя.
Ҳокимият вакили иддаоси
Ҳокимият тизимида матбуот котиби бўлгани яхши барибир. Ишимиз кўринади. Аввал жуда кўп ижобий ишларимиз қолиб кетиб, бир-иккита танқидий мақола ё кўрсатув сабаб ишламаётганга чиқиб қолардик. Матбуот котиблари "баланс"ни таъминлаб бераяпти, фаолиятимизни акс эттираяпти, танқид бўлса, жавоб қайтаряпти.
Лекин масаланинг яна бир жиҳати ҳам бор, ҳамма ишни биз қиламиз-да, раҳматни матбуот котиби эшитади. Мисол учун, бир тадбиркорга ёрдам бериб, ишини гуллатиб юборишига ҳисса қўшсак, биз эмас, бу ҳақда ахборот жойлаган ходимга ҳокимбува миннатдорлик билдиради.
Биз эрта тонгдан келиб, ярим тунгача қиладиган иш билан қиёсласак, матбуот котиби ҳар куни қўядиган 3-4 та хабарнинг ҳеч бир қийин жойи йўқ. Лекин шу ҳолдаям унинг биздан кўп ойлик олиши (устама бор-да) қандайдир адолатсизликдай туюлади. Бунинг устига агар бирор жойда танқидий мақола чиқадиган бўлса, масала билан матбуот котиби эмас, биз шуғулланамиз. Чунки барибир у соҳамизни тушунмайди, нозик жиҳатларини билмайди. Матбуот котиби ўтирган жойида бизга "муносабат билдиришимиз керак" деб қўйса бўлди, қолгани ўзимизга қолади. Хуллас, матбуот котиби ҳақида "кам иш қиладиган, аммо кўп имтиёзга эга ходим", деган таъриф берсак бўлади.
Матбуот котиби иқрори
Тўғриси, ўтган йилги қарор кўп нарсаларни ваъда қилганди. Унда "давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади", дейилган банд кўп журналистларни ўзига маҳлиё этган, келажаги номаълум газетада абжағим чиқиб юраманми, деб турли ташкилотларга ўтиб кетишганди.
Ҳужжатда айтилганидек бўлса, ҳозир 7-8 миллион сўм ойлик олишимиз керак эди. Даставвал маош 1 миллион сўмдан сал ошиқ эди, ҳозир 2 миллиондан ошади. Ҳужжатларда ободонлаштириш идорасига ишга олинган, амалда матбуот котиблигини қилиб юрганлар ҳам бор сафимизда. Шунинг учун котибликни, айниқса у ҳокимиятда бўлса, кўп журналистлар жуда хоҳлашмайди. Устамани ҳамма ҳокимликдаям тўлашаётгани йўқ. Миришкорда матбуот котибига машина беришганди, қолган туманларда бу ҳақда ўйлаб кўрилганиям йўқ. Компьютер, фотоаппарат берилганидан мамнун бўлиб турибмиз.
Таҳририятда битта бошлиқ бўлса, ҳокимиятда ўнта бошлиқ, ҳоким, ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси, "орготдел", унинг ходимлари...
Иш вақти таҳририятда соат олтида тугарди, бу ерда кечки 10-12 гача ўтираверасиз. Чунки ҳоким куни бўйи жойларда юради, кечга келиб қоғоз-ҳужжатларни кўради, ҳоким ишхонада экан, уйга қайтиб бўлмайди. Шанба-якшанбанинг аҳамияти йўқ.
Энг қийини, бизда ҳокимлар тез-тез алмашади. Ҳар бир ҳокимга маъқул келишнинг эса ўзи бўлмайди. Охир-оқибатда ҳар бирига ҳар хил кўринишга уринавериб буқаламунга айланиб кетмасак бўлгани...
НАСРИДДИН