Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

20.11.2017


МАВСУМ ПУХТА ТАЙЁРГАРЛИКНИ ТАҚОЗО ЭТАДИ

Шунга мувофиқ, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури асосида қатор ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, Қарши шаҳрида “Фавқулодда вазиятлар хизматлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик ўқув   машғулоти ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда дастлаб газ, электр, кўмир таъминоти корхоналари, коммунал соҳа ташкилотлари, шунингдек, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди, ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва тез тиббий ёрдам бригадасининг куз-қиш мавсумини талафотсиз ўтказишга жалб этиладиган куч ва воситалари мавсумга шайлиги кўрикдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов, Фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқишиб, жорий куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир бўлганда асоратларини бартараф этиш бўйича тегишли топшириқ ва тавсияларни беришди.

400 нафарга яқин киши, 38 техника воситаси жалб қилинган махсус тактик ўқув машғулоти тўрт йўналишда, хусусан, аҳоли хонадонларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган заҳарланиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда жабрланганларни қутқариш ишлари, кўп қаватли уйнинг олд қисмидаги газ тақсимлаш масканида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ авария ҳолати, юқори кучланишли подстанцияда электр энергияси узилиши билан боғлиқ ҳамда табиий газ қувурларидаги авария натижасида келиб чиққан ёнғинни бартараф этиш бўйича олиб борилди.

Дастлабки ҳолат шундайки, нотўғри фойдаланиш оқибатида газдан заҳарланиш юз берган. Бундан хабар топган киши дарҳол фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилди ва вазиятни тушунтирди. Ўз навбатида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспекторига ҳам рўй берган ҳодиса бўйича маълумот берилди. Мазкур ҳолатда барча ўз зиммасидаги вазифани тўғри ва белгиланган тартибда бажарса, ижобий натижага эришиш мумкин. Мисол учун, газдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган хонадонга дастлаб махсус кийинган ва зарур асбоб-ускуналарга эга мутахассис кириб, заҳарланиш омилларини ўрганади ва бартараф этади. Сўнг беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу вақтда пала-партиш, суст, эътиборсиз ҳаракат қилиш ярамайди. Рақамларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган даврида юз берган 6 та ҳолат айнан ёнғин, ис газидан заҳарланиш ва автомобиллардаги газ баллонларида олов чақнаши билан боғлиқ. Бунинг оқибатида 21 киши ҳалок бўлган ва 4 киши жароҳатланган. Бу эса аҳоли ўртасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишларини янада жадаллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентимиз топшириғи билан ўтказилаётган мазкур тадбирлар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, техноген ва табиий офатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев. – Воҳа ҳудуди нефть ва газга бойлиги, техноген ва табиий фавқулодда ҳолатлар юз бериши хавфи мавжудлиги боис ис гази ва табиий газдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, хавфсизлик масаласига риоя қилиш борасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилиши керак.

- Бугунги ўқув машғулоти ходимларимизнинг фаолиятда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишидаги амалий ва назарий билимларини оширди, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳиб Равшанов. – Айни пайтда техникалар ҳолати, мутахассислар билими бўйича камчиликлар ҳам айтилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Мавсум талабига кўра ис гази ва табиий газдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, хавфсизликка риоя қилиш бўйича учрашувлар, махсус тактик ўқув машғулотлари, тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом этади.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: махсус тактик ўқув машғулотидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo