Аммо буни тадбиркорлар буткул назоратсиз қолаяпти, ўз ҳолига ташлаб қўйилаяпти, деб ҳам тушунмаслик керак, албатта. Бугунги кунда солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органининг ўзида амалга ошириладиган назорат тури борки, у камерал назорат деб юритилади. Бундан ташқари, солиқ органи ходимлари томонидан мавзули экспресс ўрганишлар ҳам ташкил этиб борилмоқда.
Камерал назорат нима? Аввало шунга тўхталсак. Камерал назорат солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, ташқи манбалардан олинган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир. Бунда солиқ тўловчига аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқи берилади. Тегишли камчиликлар бўйича солиқ тўловчига талабнома юборилади. Унга жавобан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш ёки ахборотни ўрганиш зарурлиги сезилса, мавзули экспресс ўрганиш ташкил этилади.
Мавзули экспресс ўрганиш тадбиркорлик субъекти жойлашган жойга чиққан ҳолда ўтказилиб, етти календарь кунидан ортиқ бўлмайди. Солиқ тўловчилар ўрганиш тугагунига қадар аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни мустақил равишда бартараф этишга ҳақлидир.
Бундан асосий мақсад солиқлар ва божхона имтиёзлари қўлланишининг қонунийлиги, устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмаларининг соф фойдаси ва дивидендларининг ҳисобланишини аниқлашдан иборат. Қолаверса, солиқ тўловчининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари ҳаракатидаги номутаносибликлар, ахборот тақдим этиш мажбурияти юкланган органлар ва ташкилотлардан солиқ органларига келиб тушган маълумотлар таҳлили бўйича аниқланган фарқлар, ташқи савдо шартномалари бўйича импорт ва экспорт маҳсулотлари нархларининг ошириб ёки тушириб кўрсатилиши текширилади.
Шунингдек, ҳисоботда кўрсатилган ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини, шу жумладан, солиқ тўловчи томонидан даромад олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш, иш ўринлари сони, товар-моддий қимматликлар, асосий воситалар ёки бошқа мол-мулкнинг мавжудлиги кўздан кечирилади.
Айни шу мақсадда жорий йилда вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан бир қанча ўрганишлар ўтказилди. Натижада 14 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари томонидан 59 миллиард 900 миллион сўмлик маҳсулот камомадига йўл қўйилгани аниқланган.
Масалан, Қамаши туманида давлат рўйхатидан ўтган "Қамаши томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти билан юз берган ҳолатни олайлик. Жамият фаолияти субъект номидан ҳам маълум. Аҳолига томорқа хизмати кўрсатиши керак. Қизиғи, ушбу корхона ўз асосий иши қолиб, шакар савдоси билан шуғулланган. Тўғри, муддаоси даромад топиш, буни айблаб бўлмайди. Аммо ташкилот 155 миллион сўмлик шакар маҳсулотини харид қилиб, нақд пулга сотиб юборган. Натижада 155 миллион сўмлик камомад келиб чиққан.
Ўрганишлар давомида вилоятдаги 7 та тадбиркорлик субъекти томонидан 2 миллиард 100 миллион сўмлик имтиёзлардан нотўғри фойдаланиш ҳолати ҳам қайд этилган.
Масалан, Нишон туманида давлат рўйхатидан ўтиб фаолият юритаётган "Л-Мадад" (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси умумий овқатланиш фаолиятидан кўрилган 2 миллиард 500 миллион сўмлик даромадга аутсорсинг (давлат ташкилотига озиқ-овқат етказиб бериш) хизмати маҳсули сифатида қараган. Аслида эса мазкур маблағ манбаи бошқа. Ишбилармон ўзини имтиёздан фойдаланган қилиб кўрсатиши оқибатида 258 миллион сўмлик солиқлар ҳисобланмасдан қолган.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 76 маротаба мавзули экспресс ўрганишларга чиққан бўлса, ташкилотлардан 34 миллиард сўмга қайта ҳисоботлар олинди. Йил бошидан буён 28 миллиард 200 миллион сўм маблағ бюджетга ундирилди.
Фаолиятимиз давомида гувоҳ бўлаяпмизки, кимдир билиб, кимдир билмасдан солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўяяпти. Ҳар жойда тош-тарози бўлгани каби соҳамизда ҳам бундай ҳолатларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилмоқда. Жумладан, ўтказилган ўрганишлар натижасида ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ 12 та ҳолатда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга юборилди.
Ҳурматли солиқ тўловчи тадбиркор, шуни унутмангки, Сиз томонингиздан мавзули экспресс ўрганишга тааллуқли ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси томонидан бу тўғрисида далолатнома тузилади. Далолатнома илгари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотни ишончли эмас, деб топиш учун асос бўлади.
Шомил ҲАМРАЕВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи