- Албатта, Мажбурий ижро бюросининг фаолият йўналишлари кўпчиликни қизиқтириши табиий, - дейди Деҳқонбой Абдуллаев. – Аввало шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда электр энергия ва табиий газ таъминоти учун тўловларни ундириш борасида юзага келган аҳвол ва қонунийлик ҳолатининг таҳлили соҳада ечимини кутаётган жиддий муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш оқсаётгани дебитор қарздорлик кескин ортиши, талон-торож ва истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларини юзага келтираяпти.
Ушбу камчиликларни бартараф этишнинг комплекс чора-тадбирларини назорат қилиш учун Президентимиз фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш ваколати берилди.
- Шу ўринда аниқ рақам ва мисолларга тўхталсак. Хўш, сўнгги йилларда энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишлар ҳолати қандай бўлган?
- Электр энергияси ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки талон-торожга йўл қўйилган ҳолатлар охирги икки йилда 48 фоизга ошган. Суд ва бошқа органлар ҳужжатлари амалдаги ижроси эса 2016 йилда атиги 45 фоизга бажарилган, холос.
Ҳисоб-китобларга қараганда, вилоятимизда шу йилнинг 1 июлига қадар электр энергиясидан қарздорлик 272 миллиард 364 миллион 300 минг сўмни ташкил этган. Газ таъминоти бўйича қарздорлик эса 165 миллиард 857 миллион 100 минг сўмдан иборат.
2017 йилнинг биринчи чорагида “Ўзбекэнерго” ҳамда “Ўзтрансгаз” компаниялари тизимидаги 665 нафар, шунингдек, суд ижро департаментининг 36 нафар ходими ишда йўл қўйган қонун бузилиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Айтиб ўтиш керакки, бугун абонентлар истеъмол нуқталарида ўрнатилган электр энергияси ва газ ҳисоблагичларининг аксарияти яроқсиз ҳолга келиб қолган. Эски турдаги ҳисоблагичлар ҳам кўп. Эндиликда бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсад қилинган.
- Биламизки, шу вақтгача коммунал корхоналар ишидаги чалкашлик ва нотўғри ҳисобланган қарздорлик ҳолатлари кўплаб истеъмолчиларда эътироз ва норозилик келтириб чиқараётганди. Бу каби ноаниқликлар қандай бартараф этилади?
- Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси томонидан хатлов ўтказилмоқда. Ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш мақсадида хатлов натижалари бўйича бир тўхтамга келинади. Шунингдек, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” томонидан бизга қарздорлик ҳақида маълумот тақдим этилади. Бюро ходимлари шу маълумотлар асосида қарздорликни ундириш чораларини кўради.
Бундан кейин “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” ходимлари хонадонма-хонадон юрмайди. Агар борадиган бўлса, уларга пул тўлаш мумкин эмас. Фақат бюро ходимлари боради. Уларга махсус кийим берилади, бу кийим намуналари яқинда тасдиқланди. Мана шу махсус кийим ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатгандан кейингина улар орқали тўловни амалга ошириш керак бўлади.
Бюро ходимлари жойлардаги ҳисоблагичлар назоратини ҳам амалга оширади. У ердаги кўрсаткичларни ўзлари киритиб, мазкур маълумотларнинг барчаси электрон тартибда махсус жиҳозлар воситасида “биллинг” тизимига уланади. Шунингдек, тўлов имкониятлари ҳақида маълумот берилади ёки тўлов жойида амалга оширилади.
Юридик шахсларнинг газ тўловлари ўзаро далолатномаларга асосан амалга оширилади. Бу нарса йўл харитасида кўзда тутилган, яъни истеъмолчи – юридик шахс ўз қарзини тан олса, “Ўзтрансгаз” билан солиштирма-далолатнома қилади, бу бизга асос бўлади.
- Мажбурий ижро бюроси томонидан ўрнатилган тўлов тартиби аввалги тартибдан қандай фарқ қилади ва бундан кейин жавобгарлик масаласи қандай бўлади?
- Бундан кейин ҳисоблагич бутлиги учун асосий масъулият ҳар бир истеъмолчининг ўзида бўлади. Агар унга бирор шикаст етказилса ёки қандайдир сабаб билан бузиладиган бўлса, асосий жавобгарлик истеъмолчига юкланади, бу ҳатто маъмурий, жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу сабаб истеъмолчилардан катта эътибор ва масъулият талаб қилинади. Бордию ҳисоблагични ўзгартиришда бирор шахс ёрдам берган тақдирда, уларнинг ҳаммаси – нафақат назоратчининг ўзи, балки истеъмолчи, хонадон эгаси ёки юридик шахс, бирдек жавобгарликка тортилади.
Фармонга асосан, тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчи тармоқдан мажбурий узиб қўйилиб, қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида жарима ундирилади.
Электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, шунингдек, ҳисобга олиш асбобларига қасддан зиён етказиш, кўрсаткичларни ўзгартириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, қарздорлик тўланмаган тақдирда ундирув мажбурий тартибда қарздорнинг мол-мулкига қаратилади ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиши тақиқланади. Худди шу каби ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилгандан кейин анча миқдорда ёхуд кўп ёки жуда кўп зарар етказган ҳолда содир этиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача жаримага тортилишга ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилинишга олиб келади.
- Орамизда тўлов муддатини ўтказиб юбормасдан, ошиғи билан тўлаб қўядиган истеъмолчилар ҳам кўп. Ўз-ўзидан назоратчининг ҳар ойда бориб, қарздорлик бор-йўқлигини текшириши унга ёқмаслиги, ортиқча безовта қилиши, вақтини олиши мумкин. Бу борада қандай ишлар қилинаяпти?
- Жорий йилнинг 27 июнь куни Президентимиз “Электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ва ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизимини янада жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Хўш, бу тизимнинг моҳияти нимада? У масофадан туриб бошқарилади. Ҳар бир тармоққа ноқонуний аралашув ҳолати автоматик равишда масъул идораларда кўринади.
Шу билан бирга, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, юртимизда автоматлаштирилган тизимларни жорий қилиш концепцияси ишлаб чиқилади. Хорижлик ҳамкорларни жалб этган ҳолда электр энергияси ва газ ҳисобини юритувчи замонавий электрон ускуналар, улар учун тегишли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Лойиҳаларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва молиявий маблағларни жалб қилиш режалаштирилган. Замонавий тизимда истеъмолчилар қилган тўлов масъул идораларда ва назоратчиларнинг электрон қурилмасида кўринади. Бундан ўз навбатида ҳар икки томон – истеъмолчи ва назоратчининг оворагарчиликларига чек қўйиш мақсад қилинган.
- Мажбурий ижро бюроси - мутлақо янги тузилма. Яъни қарздорликни мажбурий тарзда ундириш, тўловларнинг ўз вақтида тўланишига қаратилган. Айтинг-чи, унинг ташкил этилишида истеъмолчилар манфаати нечоғлик эътиборга олинган?
- Маълумки, бугунги кунда олиб борилаётган барча ислоҳотлар фақат инсон манфаатларини кўзлайди. Биргина мисол, ҳозирги кунда Жануби-шарқий Осиёдаги ривожланган мамлакатларда энергия ресурслари учун тўлов иш ҳақининг 25 фоизигача етади. Юртимизда эса бу кўрсаткич атиги 7,5 фоизни ташкил этади.
Биз таъминот ва ўзаро ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар борасида аҳолини қийнаётган барча муаммолардан хабардормиз. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар давомида турли кўринишдаги суиистеъмол ҳолатларининг олдини олиш ва яратилаётган тизимнинг самарали ишлаши учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Унутмаслик керакки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлайди, балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилади. Қолаверса, “Ҳисобли дўст айрилмас”, деган нақлнинг ҳаётга тўла татбиқ этилишидан, аввало, халқимиз манфаатдор бўлади.
Бекзод ЎКТАМ суҳбатлашди.