Мажбурий обунага қўйилган тўсиқ эса ахборот майдонини ўшандай савиясизлардан бир қадар тозалади. Обуна бўлиш ҳар кимнинг ихтиёрига қўйиб берилди. Хўш, натижа қандай бўлди? Ҳамма ўзи хоҳлаган газета-журналга обуна бўлдими?
Албатта, аввалдан ўзи хоҳлаган газета-журналларни ўқиб юрганлар яна ўз йўлида давом этаяпти, аммо илгари қайсидир нашр мажбурлаб ўқитилган одамнинг ўз ихтиёрига қўйиб берилганда, у ҳеч қайсисини танламади. “Мана, интернет бор, янгиликларни шу ердан ўқиб оламан” дегичлар кўпайиб қолди.
Тўғри, янгиликлардан бохабар бўлишда интернет сайтларининг ўрни катта, бироқ “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи” ёки “Ёшлик” журналлари ўрнини қайси сайт боса олади? Дейлик, ўқитувчини шу каби нашрларга мажбурий обуна қилдирсак, бу унга зарар бўлармиди? Ҳеч нарса ўқимай юргандан кўра бу анча яхши эмасмиди?! Истагимиз билан эришганимиз мос келмаяпти-ку.
Бир неча кундан кейин мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий жараён – сайловлар бўлиб ўтади. Сайловолди тарғиботига старт берилиши билан депутатликка номзодлар қолган ОАВ қатори ижтимоий-сиёсий нашрларда ҳам чиқишлар қилишди. Бироқ вилоятда ижтимоий-сиёсий йўналишдаги асосий газеталар тиражи минг-икки мингдан ошмагани (айримлари мингга ҳам етмайди) кимнинг зарарига ишлади, деб ўйлайсиз? Албатта, ўз дастурини кенг аудиторияга етказа олмаган депутат ва келгуси 5 йил учун кимни сайлашни билмаётган кишиларнинг зарарига! Вилоятда 3 миллиондан зиёд киши яшаши ва газета минг нусхада чоп этилишини ҳисобга олсак, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод ҳақида аҳолининг 0,1 фоизи маълум тасаввурга эга, дегани бу. Булар орасидан оқ-қорани танимайдиган болаларни чегириб ташлаганда ҳам қамроқ 1 фоизгаям етмайди. Қолганини тасаввур қилаверинг...
Энг қизиғи, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва ҳокимликлар ҳам ўз нашри тақдири билан заррача бўлсин қизиқишмади. Якунига етаётган йил давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги “Насаф” ва Китоб тумани ҳокимлигининг “Китоб тонги” газеталари бирор нусхада чоп этилмади!.. Вилоят ҳокимлиги таъсис этган “Новости Кашкадарьи” газетаси эса бор-йўғи 2 марта нашрга берилди, холос. Тегишли тартибга кўра, агар газета 6 ой давомида чоп этилмаса, нашр тугатилиши керак.
Бошқа йилда бўлганда тушунса бўларди, бироқ сайловлар йилида, яна муассис – депутатларнинг кенгаши бўлгани ҳолда ушбу ҳолатни қандай қабул қилса бўлади?
Энди-чи, буёғиям шундай кетаверадими, ё майдонга янги келганлар бу борада бирор ўзгариш ясайдими? Амалда кўрдик, обунага мажбурласа ҳам, ўз ихтиёрига қўйиб берса ҳам бўлмас экан. Газеталар эса савияни ошириб ҳам кўрди, тушириб ҳам, барибир фойдаси бўлмади ҳисоб. Демак, нимадир, қандайдир янги ёндашув зарур газеталар яшаб қолишига, одамларнинг уни ўқишига. Бордию, вилоятда босма нашрларга эҳтиёж йўқ экан, биратўла улардан воз кечиб қўяқолиш керак...
Н.ХЎЖАЕВ