Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рустам БЕРДИЕВ

18.06.2019


МАЖБУРИЯТ ИСТЕЪМОЛЧИДА БОР, ТАЪМИНОТЧИДАЧИ?

"Қашқадарё" газетасининг 4 июнь сонида бу ҳақда катта сарлавҳа билан мақола ҳам эълон қилинди. Муаммога биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришни, ўрганишлар натижаларини маълум қилишни лозим топдик. Бу вазиятда тўлиқ ноҳақликка йўл қўйилаётганини аниқладик. Қуйидаги мисоллар ҳам шунга ишора қилади.

Қарши шаҳар 3-миттитуман 8-уйда яшовчи фуқаро Э.И. бизга мурожаат йўллаган. Унда айтилишича, истеъмолчи ўз хонадонида 1999 йилдан бери яшаб келаяпти. Фуқаро давлат ишида ишлайди. Фойдаланилган табиий газ учун ҳақ иш жойидан доимий ўтказиб борилган.

Э.И. 2019 йил 15 апрелда Қарши шаҳар газ участкасига борганда, газ участкаси ходимлари фуқаронинг тўланмаган қарздорлиги учун 2013 йил июль  ойидан бошлаб ҳозиргача жами 183 минг 452 сўм қарздорлик шакллангани тўғрисида оғзаки билдиришган. Табиийки, интизомли истеъмолчи бундан ҳайратга тушган. Ваҳоланки, шу вақтга қадар ижрочи ташкилот томонидан фуқарога пеня қарздорлиги бўйича ҳеч қандай оғзаки ва ёзма билдиришнома берилмаган. У 6 йил ўтиб бу "сюрприз"дан хабар топаяпти.

Энг қизиғи, фуқарога 2013 йилдан буён бир неча бор газдан қарздорлиги йўқ, деган мазмунда маълумотнома ҳам тақдим этиб келинган. Гўёки пеня қарз эмасдек. Буни энди-энди ошкор қилишган-қўйишган. Унда тегишли "справка"лар нимага асосланиб берилган? 

Қарши шаҳри Бўстон маҳалласи Бинокор кўчасида яшовчи фуқаро М.М. билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берган. Жорий йил 14 май ҳолатида табиий газ истеъмоли бўйича қарздорлиги йўқлиги тўғрисида Қарши шаҳар газ участкасидан маълумотнома олган бўлса-да, не ажабки  унинг зиммасида 396 минг сўм пеня қарздорлиги мавжуд. Фуқаро ўз абонент картасини олиб кўргачкина бунга ишонч ҳосил қилган. Бу тушунмовчиликдан саросимага тушган истеъмолчи жамиятимизга адолат истаб мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Қарши шаҳар Кунчиқар маҳалласи Қуёшли кўчасида истиқомат қилувчи М.П. ҳам бошқалар қатори пеня деган жабрдан бебаҳра қолмаган. Гап шундаки, яқинда абонент газ идорасидан нотариусга тақдим этиш учун  (Бу тартиб аслида бекор бўлган) табиий газдан қарзи йўқ деган маълумотнома олмоқчи бўлган. Лекин бу мурожаат бир асос билан рад этилган. Эмишки, унинг ҳисобида 320 минг сўм пеня бор. Аксига олиб қарангки, ўша вақтда истеъмолчи ҳисобида 278 минг сўм ортиқча тўлов аввалдан амалга оширилган бўлган.

Маълум бўлишича, 2014 йилда ушбу фуқарога ҳисобланган 322 минг сўм қарздорзлик нореал экани исботланиб, 2017 йил февраль ойида абонент картасидан олиб ташланган.  Бироқ ушбу сумма учун пеня ўзгартирилмаган. Яъни, асоссиз қарзга ҳам жарима ҳисобланиб кетаверган, туғаверган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида истеъмолчи биринчи галда таъминотчига юзланган. Фуқаро мурожаатига жавобан 2019 йил 17 апрелда Қашқадарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бош муҳандиси Ш.Қодиров имзоси билан йўлланган хат мазмуни қуйидагича.

Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил     11 февралдаги "Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги қарорнинг 2-бандида "Шартномада белгиланган муддатлардан ўтиб кетган ҳар бир кун учун юридик шахслардан муддати ўтказиб юборилган сумманинг 0,4 фоизи, аҳолидан эса 0,1 фоизи миқдорида пеня қўшиб ундирилади, деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги "Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида" қарор билан тасдиқланган низомнинг 8-бандида етказиб берилган газ учун шартномада қайд этилган муддатларда ўз вақтида ҳақ тўланмаган тақдирда истеъмолчи ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида пеня тўлайди, деб таъкидланган.

"Юқоридаги давлат ва ҳукумат қарорларига кўра, табиий газ тўловини ўз вақтида тўламаганлиги учун пеня ошиб боради,  пенядан озод этиш юзасидан норматив ҳужжатлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли қолган 320 минг сўм пеняни тўлаб беришингиз лозим", дея якунланади жавоб хати.

Эътибор қаратиш керакки, ҳар икки ҳужжатда ҳам шатномавий муносабат ҳақида сўз борган. Яъни, қачонки икки томон ўртасида расман шартнома тузилган бўлсагина, улар ўз зиммасига мажбурият олиши мумкин.

Энди юқоридаги 3 истеъмолчи билан боғлиқ вазиятни олсак. Аён бўладики, таъминотчи корхона шу вақтгача фуқаролар билан шартнома тузмаган. Қизиғи, бу бугунги кун учун умуман янгилик эмас. Чунки амалиётимизда ҳам бу ҳолатга кўп дуч келганмиз. Таъминотчилардан шартномавий муносабатларга қатъий амал қилишни кўп бора талаб ҳам қилганмиз. Демак кўринадики, ҳеч бир асословчи ҳужжатсиз газ идораси истеъмолчилардан мажбуриятни адо этишга ҳақли эмас. Шу жумладан, пеняни ундириш масаласида ҳам.

Қолаверса, ҳукумат қарорида газ етказиб берувчи томонидан газ  шартномавий ҳажмлардан кам етказиб берилган тақдирда газ етказиб берувчи муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисми суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ етказиб берилмаган газ қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди, деган жойи ҳам бор.

Асосийси, Фуқаролик кодексининг 150-моддасида ҳар қандай даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Буни қандай тушуниш керак? Яъни низолашувчи томон фақат охирги уч йил бўйича даъволашишга ҳақли, холос. Аммо бугун газ идораси 5-6 йиллик нарсани кўтараяпти. Ҳозир манаман деган интизомли истеъмолчи ҳам бу фурсатдаги тўлов квитанцияларини сақлаб қўймаган. Талаб қилинганда, тақдим этишга қодир эмас. Газ идорасининг ҳолати ҳам шундай.

Қонуний жиҳатдан ҳам, мантиқан олиб қараганда ҳам Қарши шаҳри табиий газ истеъмолчиларига адолатсизлик қилинмоқда. Шуларни эътиборга олиб, жамиятимиз фуқаролар номидан Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризалари киритган. Бугун Қарши газ участкасига 126 минг абонент қарашини ҳисобга олсак, ҳар бир фуқаро манфаатини бу тахлит ҳимоя қилиш имконсиз экани ҳам бор гап. Лекин, қай йўсинда бўлсин барибир адолат қарор топади. Истеъмолчиларга йўқ жойдан бош оғриғи кўпайтираётган мутасаддилар шуни унутмасалар яхши бўларди.

Рустам БЕРДИЕВ,

Қарши шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси

 

Report typo