Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Мажбуриятларни бажармаган кластерлар билан ишлашда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйилган

Ўз мухбиримиз

08.08.2024


Мажбуриятларни бажармаган кластерлар билан ишлашда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйилган

Фармон ва ижро

Вилоят ҳокимининг қарорига асосан мажбуриятларни бажармаган пахта-тўқимачилик кластерларининг фаолиятини тартибга солиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Ҳужжат иловасида қайд этилганидек, вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Файзулло   Турумов раҳбарлигидаги бу ишчи гуруҳ вилоят прокуратураси, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, саноат ва ташқи савдо, ички ишлар, солиқ бошқармаларининг раҳбар ходимлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларидан ташкил топган. Улар зиммасига икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва вилоят ҳокимлигига амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот киритиш вазифаси юкланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимининг мазкур қарори давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 июлдаги "Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Бу фармонда кўрсатиб ўтилганидек, юртимизда кластерларни ташкил этиш ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни уларга бириктиришда талабгорларнинг пахтачилик соҳасидаги тажрибаси, моддий ва молиявий салоҳияти инобатга олинмаган. Кластер фаолияти доирасида тузилган битимлар бўйича ўз мажбуриятларини сурункали равишда бажармай келаётган, тижорат банклари олдидаги кредит қарзларини мунтазам қайтармаётган, ўз молиявий салоҳиятини инобатга олмасдан юқори кредит юкини юзага келтирган, фермерлар билан 2023 йилги пахта хом ашёси учун ҳанузгача тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаган кластерлар билан ишлаш ва тегишли чораларни кўришда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйилган. Кластерлар зиммасига турли йўналишдаги самарасиз лойиҳаларни, уларнинг тўғридан-тўғри фаолиятига боғлиқ бўлмаган тадбирларни амалга оширишни юклаш орқали уларнинг молиявий ҳолатига путур етказилган. Электрон тарози орқали қабул қилинган пахта хом ашёси ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш ва уни "Агроплатформа" ахборот тизимига интеграциялаш бўйича ишлар ҳали-ҳамон якунланмаган.

Президент фармони ва унинг ижроси доирасида қабул қилинган вилоят ҳокимининг қарорида тегишли мутасадди ташкилотлар ва масъул шахсларга кластерларнинг пахта хом ашёсини қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган қувватлари самарали ишлашини таъминлаш ҳамда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриб бориш топшириғи ҳам акс эттирилди.

Ўз мухбиримиз

Report typo