Мазкур кўкрак нишони турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталар ва кичик авлодга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муносиб ном қозонган ота-оналарга берилади.
Жорий йилда вилоятимиздан ҳам 7 нафар меҳнат фахрийлари биринчи, 17 нафари иккинчи ва 38 нафари учинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган эди.
Қарши шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да мазкур кўкрак нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу мукофот мамлакатимиз равнақи йўлида ҳалол ишлаган, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган инсонларнинг меҳнати ҳеч қачон унутилмаслигининг яна бир намунаси бўлди. Шу билан биргаликда, ушбу кўкрак нишони фахрийларни жамиятда фаол бўлишга, ёшларни уларнинг амалга оширган ишларидан ибрат олишга ундаши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
- 48 йил давомида вилоят халқ таълими тизимида турли вазифаларда ишлаганман, - дейди 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Жомурод Жиловов. – Жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотларни кўриб, ҳозир ҳам уйда ўтиргим келмайди. Ишласам, элга, юртга нафим тегса дейман. Шу боис жамоатчилик асосида ўзим истиқомат қилаётган Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритмоқдаман. Кўкрак нишони билан тақдирланишим эса ғайратимга ғайрат қўшмоқда. Юртимиз, маҳалламиз ободлиги, фаровонлиги йўлида янада шижоат билан меҳнат қиламан.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев мукофотланганларни қизғин табриклади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.