Бу тўғридаги қарорга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 июль куни имзо чекди.
Қарор билан "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони тўғрисидаги Низом, кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланди.
"Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони тўғрисидаги НИЗОМ талабларига кўра, I даражали кўкрак нишони билан камида 35 йиллик меҳнат стажига эга шахслар; II даражали кўкрак нишони билан камида 30 йиллик меҳнат стажига эга шахслар; III даражали кўкрак нишони билан камида 25 йиллик меҳнат стажига эга шахслар, шунингдек, жамиятда ҳурмат қозонган ишламайдиган оналар тақдирланадилар.
I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин. Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.
Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларига берилади. Ўз навбатида, "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларининг таклифлари ҳар йили 25 декабргача "Нуроний" жамғармасининг Васийлик кенгашига тақдим этилади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш "Нуроний" жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан амалга оширилади.
I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти "Наврўз" байрами арафасида "Нуроний" жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.
Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.