Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг меҳнат муносабатларига оид қарор ҳамда фармонлари, вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг бу борадаги қарорлари меҳнат муносабатларига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тоифасига киради. Мудофаа, ички ишлар, миллий хавфсизлик, божхона тизими ва бошқа айрим давлат хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатлари Меҳнат кодекси билан эмас, балки тегишли хизматни ўташга оид қонун ҳужжатлари орқали тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 58-моддасида меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатлари белгиланган. Унга биноан давлат иш билан таъминлаш турини танлаш эркинлигини, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва қонунсиз ишдан бўшатишдан ҳимояланишни, ишга жойлашишга бепул ёрдам беришни, ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда имкониятлар яратишни, янги касбга бепул ўқитишни, бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда компенсация тўлашни кафолатлайди. Меҳнат ҳақи миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади ва у қонун ҳужжатларида кўрсатилган энг кам миқдордан кам бўлмаслиги ҳамда пул шаклида тўланиши шарт.
Биламизки, тегишли тартибларга мувофиқ ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади. Унча оғир бўлмаган, ёшларнинг ўқишига халақит бермайдиган ишларга ота-онасидан бирининг розилиги билан 15 ёшдан рухсат этилади. 18 ёшга тўлмаганлар соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ноқулай ва ер ости ишларига қабул қилинмайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиб, бу ҳужжатларга паспорт, меҳнат дафтарчаси, ҳарбий хизматга мажбурлар учун ҳарбий гувоҳнома, махсус маълумотлилар учун диплом киради. Биринчи марта ишга кираётганлардан меҳнат дафтарчаси талаб этилмайди. Ўриндошлик асосида ишга кираётганлар эса асосий иш жойидан олган маълумотномани тақдим этади.
Биринчи марта ишга кирганларга беш кун ичида меҳнат дафтарчаси очилади. Аввал ишлаган шахсларни меҳнат дафтарчасисиз ёки аввалги ишидан бўшатилганлиги қайд этилмаган меҳнат дафтарчаси билан ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Қонунларимизда ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмаслиги ўз аксини топган. Жинси, ёши, ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқиши ва мулкий ҳолатига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида чеклашлар ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди. Иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахслар, яъни белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб ишга қабул қилмаслиги мумкин эмас. Иш берувчи вакант вазифага қабул эълон қилиб, раҳбар бу ходимни ишга қабул қилишга ёзма розилик берган бўлса, иш берувчи бу фуқарони ишга қабул қилишга мажбурдир. Олий ўқув юртларини давлат грантлари асосида тамомлаб, белгиланган тартибда ишга юборилган ёш мутахассислар ҳам ишга қабул қилиниши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасида ишга қабул қилишда дастлабки синов масаласи назарда тутилган бўлиб, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Меҳнат шартномасида бу шартлашув кўрсатилмаган бўлса, ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган ҳисобланади. Дастлабки синовни белгилашдан мақсад ходимнинг лаёқатини текшириб кўриш ва унинг меҳнат шартлари, ишни давом эттириш бўйича бир қарорга келишига имконият яратишдир.
Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, олий ўқув юртлари ва коллежларни тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи марта ишга қабул қилинганлар, олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилганда ва корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар учун дастлабки синов белгиланмайди.
Дастлабки синов вақтида тарафлар бир-бирини ёзма равишда уч кун аввал огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидирлар. Дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетмаслиги керак. Бу давр ҳам меҳнат стажига киритилади. Дастлабки синов муддати тамом бўлгандан сўнг иш берувчи ходимни синов натижалари қониқарсиз бўлганини важ қилиб ишдан бўшатиши мумкин эмас.
Қонунчилигимизда ходим ўриндошлик асосида меҳнат шартномаси тузиши мумкинлиги белгиланган. Ўриндошлик – ходим ўзининг асосий ишини қилишдан ташқари меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришидан иборат. Муайян давлат хизматидаги мансаб ёки вазифани бажарувчилар, айрим тоифадаги ходимлар, 18 ёшга тўлмаганлар ўриндошлик асосида ишлашлари мумкин эмас. Ходимнинг ўриндошлик бўйича меҳнат шартномаси тузиб ишлаши учун ҳеч бир давлат органининг розилиги олиниши талаб этилмайди. Ўриндошлик асосида ишлашга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя қилиш керак.
Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар паспорти, асосий иш жойидан тасдиқланган маълумотнома, махсус билим талаб қилинганда диплом нусхасини тақдим қилади. Ўриндошлик асосида меҳнат шартномаси тузиш ва ишга қабул қилиш умумий асосларда амалга оширилади. Ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида иш вақтининг давомийлиги кўрсатилиши шарт. Ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзувлар ҳам ходимнинг илтимосига биноан меҳнат дафтарчасига ёзилади. Қонунчилигимизда ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар ҳам белгилаб берилган бўлиб, бу тоифадаги ишларда ишлаган ходимлар ўриндош ходим саналмайди.
Маълумки, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўлиб, ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари ҳисобланади. Бу ҳужжатда тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ўз ифодасини топади. Меҳнат шартномаси икки нусхада ёзма шаклда тузилади. Унинг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги қарори билан тасдиқланган. Танлов ва сайловдан ўтган ходим билан меҳнат шартномаси тузилиши шарт.
Меҳнат шартномасида иш жойи, ишни бошлаш вақти, ходимнинг касби ва вазифаси, ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, меҳнат ҳақи миқдори, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати ва бошқа шартлар кўрсатилади. Меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, корхона муҳри билан тасдиқланади.
Меҳнат шартномасида қонунда белгиланмаган қўшимча асослар қайд этилиши мумкин эмас. Меҳнат шартномасига киритилган шартлар фақат тарафлар келишуви билан ўзгартирилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси номуайян муддатга, беш йилдан ошиқ бўлмаган муайян муддатга ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин. Меҳнат шартномаси одатда номуайян муддатга тузилади. Танлов ва сайлов асосида маълум муддатга лавозимга сайланганлар билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.
Муддатли меҳнат шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга, муайян ишни бажариш муддатига, мавсумий ишларга ва вақтинча йўқ ходимнинг ўрнида ишлаш учун тузилади.
Қонунчилигимизда иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи чеклангани ходимларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлайди. Номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли меҳнат шартномаларини тузиш мумкин.
Ҳомиладор ва уч ёшга етмаган фарзанди бор аёл бола парваришлаш таътилида бўлган даврида унинг ўрнига ишга қабул қилиш чоғидаги муддатли меҳнат шартномасининг муддати олдиндан белгиланмайди. Чунки бу ходим ўзи истаган вақтда ишга қайтиши мумкин. Унинг ишга қайтиш ҳақидаги аризаси ўрнига ишлаб турган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси муддати тамом бўлганини англатади.
Ходимни ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ меҳнат шартномаси мазмунига зид бўлмаслиги керак. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахс ходимга ҳақиқатдан ишлашга рухсат этган бўлсаю, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган бўлмаса ҳам меҳнат шартномаси тузилган ҳисобланади. Иш берувчи ўз вақтида ишга қабул қилишга оид ҳужжатларни расмийлаштириш чораларини кўриши керак.
Бу борадаги тартиб-таомилларга риоя қилмаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, 491-моддасида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузганлик, 50-моддасида аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, 51-моддасида меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов учун жавобгарлик белгиланган.
Ҳар бир фуқаро доимий равишда меҳнатга оид муносабатларга дуч келади. Шу боис давлат органлари ва ташкилотларда меҳнатга оид қонун нормаларига оғишмай риоя этиш долзарб масаладир.
Абдишукур ОМОНОВ,
ҳуқуқшунос