Маълумки, меҳнат интизоми ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом уставлари, техник йўриқнома ва қоидалар, мансаб низом ва йўриқномалари, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.
Уларга мувофиқ, ходим меҳнат интизомига риоя қилиши, ўз вазифасини виждонан бажариши, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига риоя қилиши, ўзига биркитилган мулкни асраши шарт. Иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиб, шартномада кўрсатилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиши, жамоа шартномасини тузиши шарт. Иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Меҳнат интизоми ҳалол меҳнати учун рағбатлантириш ва интизомсиз ходимларни жазолаш орқали таъминланади. Ички меҳнат тартиби қоидаларида рағбатлантириш турлари, тартиби белгилаб қўйилади. Давлат мукофотларига тақдим этиш ҳам рағбатлантириш турига киради. Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар ва устамалар рағбатлантириш турига кирмайди. Интизомий жазо амал қилиб турган вақтда рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.
Ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш (яъни Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3- ҳамда 4-бандлари: ходим ўз вазифаларини мунтазам ёхуд бир марта қўпол равишда бузганда) интизомий жазо ҳисобланади. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати бир йил. Жазони ишга қабул қилиш ваколатига эга шахслар қўллаши мумкин. Бундан олдин ходимдан тушунтириш хати олиниши керак. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди. Жазо ножўя ҳаракат аниқлангандан кейин узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақти бу бир ойлик муддатга кирмайди. Жазо у қўлланган бир йил муддат ўтмасдан олдин ҳам олиб ташланиши мумкин.
Ходим ўзига қўлланилган интизомий жазо устидан меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин, фақат ишга тиклаш низолари бўйича буйруқ нусхасини олгандан кейин бир ой ичида, бошқа меҳнат низолари бўйича ҳуқуқи бузилганини билган кундан бошлаб уч ой ичида мурожаат этиши керак. Бу муддат узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган бўлса, низони кўрувчи орган томонидан қайта тикланиши мумкин. Айрим давлат органларида бу масала юқори турувчи орган томонидан кўриб ҳал қилинади.
Меҳнат низолари комиссияси ходимлар билан иш берувчининг ўзаро келишуви асосида ташкил этилади. Иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тенглик асосида тузилади. Комиссия жамоа шартномаси амал қилиш муддати давомида фаолият юритади. Мустақил равишда иш юритиб, ўз муҳрига эга бўлади. Уларга ишлаш учун шарт-шароитларни иш берувчи яратиб беради. Комиссия меҳнат жамоаси томонидан қабул қилинган ва иш берувчи тасдиқлаган "Меҳнат низолари комиссияси тўғрисида"ги Низом асосида иш олиб боради. Комиссиянинг ваколатлари Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади. "Меҳнат низолари комиссияси тўғрисида"ги Низомда меҳнат низолари комиссиясининг ташкил этилиши, сон таркиби, ишларни кўриб, ҳал этиш муддатлари ва тартиби ҳамда ваколатлари назарда тутилади.
Меҳнат низолари комиссияси иш берувчи ва ходим низо бўйича бирор тўхтамга кела олмаган ишларни кўриб чиқиши мумкин. Низони кўриш вақтида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпроғи иштирок этиши керак. Комиссия ходимнинг аризасини ўн кун муддат ичида кўриб чиқиши шарт. Низо ходим иштирокида кўриб чиқилади ва ходим низони кўриб чиқиш вақтида адвокат таклиф қилиш ҳуқуқига эга. Комиссия мажлисида раислик вазифасини иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитасининг вакили навбатма-навбат бажаради. Мажлисда баённома юритилиб, раис ва котиб томонидан имзоланади. Комиссия қарори комиссия аъзоларининг келишувига асосан қабул қилинади. Қарор меҳнатга оид қонун нормалари, бошқа норматив ҳужжатлар ва меҳнат шартномасига асосланган бўлиши шарт. Қарор қабул қилингач, нусхаси уч кун ичида ходим, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитасига берилиши керак.
Комиссия қарори ўн кунлик шикоят бериш муддати ўтгандан кейин уч кун ичида иш берувчи томонидан бажарилиши керак. Бу қарорни иш берувчи бажармаса, комиссия ходимга ижро варақасининг кучига эга гувоҳнома беради. Бу гувоҳнома уч ой ичида туман судига тақдим этилса, суд ижрочиси комиссия қарорини мажбурий тарзда ижро этади. Комиссия узрли ўтказилган уч ойлик муддатни тиклаши мумкин. Тарафлар ўзаро келишувга эриша олмасалар комиссия қарори қабул қилинмайди, ходимга судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Манфаатдор ходим ёки иш берувчи комиссия қарорининг устидан қарор нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида фуқаролик ишлари бўйича туман судига мурожаат қилиши мумкин. Меҳнат низосини судда кўришни сўраб судга ходим, касаба уюшмаси, меҳнатнинг ҳуқуқ бўйича инспектори, иш берувчи ва прокурор мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 269-моддасида бевосита фуқаролик ишларида кўрилиши лозим бўлган меҳнат низолари кўрсатилган. Буларга корхонада меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса, ишга тиклаш, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарар, ходим ва унинг мулкига етказилган моддий, маънавий зарарлар ҳамда қонунларда кўрсатилган бошқа низолар киради. Ходим ҳар қандай меҳнат низоси юзасидан бевосита судга мурожаат қилиши мумкин. Меҳнат низолари бўйича ходимлар суд харажатларини тўлашдан озод қилинган.
Ишга тиклаш бўйича низо юзасидан ходим буйруқ нусхасини олгандан кейин бир ой ва бошқа низолар бўйича уч ой ичида, иш берувчи ходим етказган моддий зарар бўйича бир йил ичида судга мурожаат қилиши мумкин. Бу муддатлар узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган бўлса, суд томонидан қайта тикланиши мумкин. Ходим соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича истаган вақтда судга мурожаат қилиши мумкин. Фуқароликка оид қонунчилигимизда умумий даъво муддати уч йил қилиб белгиланган. Даъво муддати ўтказиб юборилган тақдирда ҳам судлар меҳнат шартномасига оид низолар бўйича аризани қабул қилиши керак.
Суднинг меҳнат низоси юзасидан чиқарган қуйидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши керак: а) ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги; б) меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари таърифини ўзгартириш тўғрисидаги; в) ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш ҳақидаги; г) ходимга уч ойдан ошиқ бўлмаган муддат учун иш ҳақини тўлаш тўғрисидаги қарорлар. Суд ходимни қонунсиз ишдан бўшатишда айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига моддий жавобгарлик юклаши мумкин.
Ишдан қонунсиз бўшатилганлиги, бошқа ишга ғайриқонуний тарзда ўтказилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низоларни кўриш чоғида пул ундирилишига оид талаблар бир йилдан ошиқ бўлмаган муддат учун қондирилади. Пул ундиришга доир бошқа талаблар уч йилдан ошиқ бўлмаган муддат учун қондирилади. Ходимга етказилган маънавий зарар миқдори ходимнинг қаноатлантирилган моддий зарар, мажбуран бўш юрган вақти учун бериладиган ҳақ миқдорига боғлиқ ҳолда қопланиши мумкин эмас.
Айрим тоифадаги давлат хизматчиларига тааллуқли меҳнат низоларини кўриб чиқиш тегишли давлат органларининг ички меҳнат тартиби қоидалари билан тартибга солинади. Судлар, прокуратура, ички ишлар, божхона, Миллий хавфсизлик хизмати каби давлат органлари шулар жумласидан.
Меҳнат низолари комиссияси ва суд чиқарган қарор асосида тўланган суммалар, агар ходим берган сохта ҳужжатлар асосида берилиб, қарор назорат тартибида бекор қилинган ҳоллардагина ходимдан қайта ундирилишига йўл қўйилади. Бошқа ҳолатларда ходимга тўланган сумманинг қайтариб олиниши мумкин эмас. Агар ходимнинг сохта ёки ёлғон маълумот берганлиги аниқланса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи кўрилади.
Иш берувчи томонидан қонунни нотўғри қўллаш оқибатида ходимга тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас. Ходимга сохта маълумотлар асосида тўланган суммалар ундан суднинг қарори ёки ҳукми асосида ундириб олинади. Ҳисоб-китобдаги хатоликлар ва бошқа техник сабабларга кўра ходимга ортиқча тўланган суммани қонунларда белгиланган тартибда ушлаб қолиш мумкин.
Иш берувчи билан касаба уюшмаси ўртасидаги корхона ходимлари учун меҳнат шартларини белгилаш ёки уларни ўзгартиришга оид бўлган низолар судга тегишли эмас. Бундай низоларни иш берувчи ва касаба уюшмаси органи ўзаро келишув асосида ҳал қилиши керак. Меҳнат шартларини белгилашда иш берувчи ва ходим ўртасида келиб чиққан якка тартибдаги низо судда кўриб ҳал этилади. Жамоа шартномаларининг қўлланиши хусусидаги жамоаларга доир меҳнат низолари суд тартибида кўриб чиқилади.
Биламизки, меҳнат қонунчилигимизда иш берувчидан кўра ходимнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, айрим масалаларда иш берувчининг ваколатларини чеклашга эътибор қаратилган. Зеро, ҳар бир инсон меҳнат қилиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишга интилади. Шундай экан, унинг бу ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга эътибор ва масъулият билан ёндашмоқ лозим.
Абдишукур ОМОНОВ,
ҳуқуқшунос