Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ, ИШ ҲАҚИ ВА ДАМ ОЛИШ - ШАХСНИНГ КОНСТИТУЦИОН ҲУҚУҚЛАРИДИР

Абдишукур ОМОНОВ

10.04.2017


МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ, ИШ ҲАҚИ ВА ДАМ ОЛИШ - ШАХСНИНГ КОНСТИТУЦИОН ҲУҚУҚЛАРИДИР

Агар корхонада эллик нафардан ошиқ ходим ишласа, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади. Меҳнат шароити ноқулай ишларда ишлаётган ходимларга белгиланган нормалар бўйича кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилади. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари томонидан амалга оширилади. Касаба уюшмаларининг тегишли вакиллари ҳам бу борада бир қатор ҳуқуқларга эга.

Унутмаслик керакки, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар белгиланган тартибда текширилиши ва рўйхатга олиниши шарт. Амалиётда иш берувчиларнинг ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ эмаслиги ва ҳисобга олмасликка уриниш ҳоллари учраб туради. Бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Ходим ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар ўрнини иш берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қоплаши шарт. Зарарнинг ўрнини қоплаш ходимнинг аввалги иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда, аммо энг кам иш ҳақининг беш бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқарилади. Зарар суд тартибида ундирилаётган бўлса, унинг миқдорини суд белгилайди. Ходим вафот этганда, ҳар ойлик тўловлар амалга оширилиши билан бирга, ўртача ойлик иш ҳақининг олти бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир йўла бериладиган нафақа тўланади ва дафн этиш харажатларининг ўрни қопланади. Ходим соғлиғига зарар етганда эса бир йўла тўланадиган нафақа миқдори жабрланувчининг бир йиллик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.

Иш берувчи зарарни ундириш ҳақидаги аризаларни ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқиб, уч кунлик муддат ичида манфаатдор шахсга ёзма равишда жавоб беради. Бу қарор юзасидан судга мурожаат қилиниши мумкин.

Ходим меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари, қоида ва йўриқномаларга, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитария талабларига риоя қилиши, бахтсиз ҳодиса тўғрисида раҳбарини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Аввало, меҳнат шартномаси тузиш вақтида иш берувчи ходимни меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазаси билан таништириши керак. Қонунларда назарда тутилган ходимлар белгиланган вақтда тиббий кўрикдан ўтиб туриши лозим. Иш берувчи ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишларини ташкил қилиши ва уларнинг билимларини синаб туриши шарт. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтмаган ходимлар ишга қўйилмаслиги керак.

Шунингдек, иш берувчи иш жойида касал бўлиб қолган ходимга тиббий ёрдам бериш чораларини кўриши лозим. Ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатнома тузиб, текшириш тамомлангач, далолатнома нусхасини манфаатдор шахсга бериши керак. Иш берувчи далолатнома тузишдан бош тортса, касаба уюшмаси қўмитасига ва сўнгра давлат техника инспекциясига мурожаат қилинади.

Барчага аёнки, ходим меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади. Иш вақти ҳафтасига қирқ соатдан  ошмаслиги керак. Айрим тоифадаги ходимларга иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган. Одатда беш кунлик ва олти кунлик иш ҳафтаси жорий қилиниши мумкин. Иш вақти ёрдамида ходимга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи миқдори аниқланади.

Меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Унинг миқдори қонун ҳужжатларида кўрсатилган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. Ҳукумат томонидан белгиланмаган бўлса иш ҳақини натура шаклида тўлаш қонунларимизга зиддир. Шароити ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига устамалар белгиланади. Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар ҳар ярим ойда бир марта ходимга белгиланган иш ҳақини тўлаши шарт. Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари иш берувчи ва ходим келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.

Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланади. Байрам ёки дам олиш куни ишлаганлик учун ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш берилиши мумкин. Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорида иш ҳақи тўланади. Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди. Бир неча лавозимда ва ўриндошлик асосида ишлаганлик учун меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномасида тарафларнинг келишувига кўра белгиланади.

Умумий асосларда ходимнинг розилиги билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суднинг қарорлари асосида, иш ҳақи эвазидан берилган аванс, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарар агар унинг миқдори ходимнинг ўртача бир ойлик иш ҳақидан ошмаган тақдирда ва қонунда кўрсатилган бошқа ҳолатларда ходим розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолинади. Ушлаб қолинадиган ҳақ миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ошиб кетмаслиги керак.

Дам олиш – ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан холи бўлган,  ходим розилигисиз иш берувчи бу вақтга дахл қила олмайдиган пайтдир. Дам олиш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади. Иш куни, кунлар орасидаги дам олиш вақти, дам олиш кунлари, байрам кунлари ва йиллик меҳнат таътиллари дам олиш вақтининг турлари ҳисобланади. Ходимга дам олиш вақтини таъминлаб бериш иш берувчининг бурчидир. Иш куни саккиз соатдан кўп бўлиши мумкин эмас. Дам олиш ва байрам кунлари ходимларни ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши асосида айрим ҳоллардагина бу ишларга йўл қўйилади.

Барча ходимларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўн беш кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий меҳнат таътили берилади. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар, 1- ва 2-гуруҳ ногиронларига ўттиз календарь кундан кам бўлмаган таътил берилади. Қонунлар ва меҳнат шартномалари асосида узайтирилган меҳнат таътиллари берилиши мумкин. Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Дам олиш ва байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди. Меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи стажга иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилиниб, ишга тикланган ходимнинг мажбурий прогулда бўлган вақти, ходимнинг иш жойи сақланган вақт ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа вақтлар киради.

Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлагандан кейин берилади. Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Амалдаги қонун талабларига биноан айрим тоифадаги ходимларга уларнинг хоҳиши билан таътил иш бошлангандан олти ой ўтмасдан ҳам берилади. Йиллик таътилларни бериш навбати йил бошлангунга қадар иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси келишиб тасдиқлаган жадвал асосида берилади. Ходим таътил берилиши ҳақида камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак. Ходим таътилни бошқа вақтга кўчириш ҳақида иш берувчига ариза билан мурожаат қилса, иш берувчи аризани асосли деб топса, уни кўчириш сабабларини кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради. Таълим муассасалари ходимларига таътил ёз ойларида берилади.

Ходим хоҳишига биноан таътилни қисмларга бўлиб, лекин ўн икки кундан кам бўлмаган муддатга бўлиб олиши мумкин. Меҳнат таътилидан чақириб олиш ходим рози бўлган тақдирда иш берувчининг фармойиши билан амалга оширилади. Таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин. Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Таътил учун ҳақ тўлаш таътил бошланган кундан камида бир кун аввал амалга оширилади. Ижтимоий таътилларга ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парваришлаш, ўқиш билан боғлиқ ва ижодий таътиллар киради.

Ходимларга аризасига биноан ўн икки ой давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаган иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Қонунларимизга биноан айрим тоифадаги ишчи-ходимларга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши шарт. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади. Ишлаётган ходимларга эса таътилнинг ўн беш кунидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Ижтимоий таътиллар пуллик компенсация билан алмаштирилмайди, бошқа вақтга кўчирилмайди.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, ходимнинг хоҳишига асосан унга таътил берилиб, сўнгра меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Бунда таътил тугаган кун меҳнат шартномаси тугаган кун ҳисобланади. Бу таътил вақтида ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қайтариб олиши мумкин эмас. Ходимнинг айбли ҳаракатлари туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинаётган вақтда бу қоида қўлланилмасдан, таътил ўрнига пуллик компенсация тўланиб, ходим ишдан бўшатилади.

Ходим давлат ёки жамоат, иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажарганда уларга ўртача иш ҳақлари берилиши керак. Шунингдек, ходимнинг иш берувчи манфаатлари йўлида қиладиган моддий ва молиявий харажатлари иш берувчи томонидан тўлиқ қопланиши лозим.

Барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилиниши керак. Суғурта қилинган ходимлар, тегишли ҳолларда уларнинг оила аъзолари вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари, давлат томонидан бериладиган ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари, аёллар бундан ташқари ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда бола туғилганда бериладиган нафақалар билан таъминланадилар.

Умуман олганда, Бош қомусимиз ва қонунларда меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш, иш ҳақи ва дам олиш ҳар бир шахснинг конституциявий ҳуқуқлари сифатида белгиланганки, уларни рўёбга чиқариш ниҳоятда муҳим     саналади.

Абдишукур ОМОНОВ,

ҳуқуқшунос

Report typo