Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

15.05.2017


МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ – ҚОНУНИЙ БЎЛМОҒИ ШАРТ

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-113-моддалари меҳнат шартномасининг бекор қилиниши масалаларини тартибга солади. Унга кўра, меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин: тарафларнинг келишувига кўра, тарафлардан бирининг ташаббуси билан, муддатнинг тугаши билан, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда, меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра ва янги муддатга сайланмаганлиги ёхуд сайланишда қатнашишни рад этганлиги муносабати билан. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши туфайли ходим билан иш берувчи ўртасидаги меҳнат-ҳуқуқий муносабат  барҳам топади.

Корхонанинг бир орган бўйсунувидан бошқа орган бўйсунувига ўтказилиши меҳнат шартномаси амал қилинишини тўхтатмайди. Корхона мулкдори алмашса ёхуд корхона қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади. Янги мулкдор корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бош бухгалтер билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин иш берувчини огоҳлантириб, сўнгра бекор қилиши мумкин. Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасида белгиланган. Огоҳлантириш муддатини тарафлар ўзаро келишиб узайтиришга ҳақли эмаслар. Огоҳлантириш муддатига календарь бўйича барча кунлар киради. Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра икки ҳафталик огоҳлантириш муддати тугагунга қадар ҳам иш берувчи билан ходим келишувига кўра бекор қилиниши мумкин.

Ходимнинг иш берувчи талаби билан ёзган аризаси суд йўли билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ходим огоҳлантириш муддати давомида берган аризасини қайтариб олишга ҳақли. Огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ҳам меҳнат шартномаси бекор қилинмаган бўлса, ариза ўз кучини йўқотади ва кейинчалик ходимни шу ариза асосида ишдан бўшатиш мумкин эмас.

Иш берувчи огоҳлантириш муддати давомида ходимни ишдан бўшатишга ҳақли эмас. Ходим бу муддатда меҳнат интизомини бузса, меҳнат шартномаси ходим ташаббуси билан эмас, балки меҳнат вазифаларини бажармаганлиги асоси билан бекор қилинади. Муддатли меҳнат шартномаси ходим ташаббуси билан бекор бўлса, ходим неустойка тўлаши мумкин. Ходимнинг ўз ишини давом эттириш имкони бўлмаса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилади.

Огоҳлантириш муддати тугагач, ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқдан нусха бериб, у билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур. Қарзи йўқлиги тўғрисидаги варақани имзоламагани, моддий қимматликлар ва ҳужжатларни топширмаганини баҳона қилиб бу ишларни орқага сурмаслик керак. Акс ҳолда кечиктирилган барча кунлар учун иш берувчидан иш ҳақи ундириб берилади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асослари қуйидагилардан иборат: ишлаб чиқариш ҳажми ва ходимлар сони қисқариши ҳамда корхона тугатилиши; ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки  соғлиғини йўқотгани; ходимнинг ўз вазифаларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги (меҳнат вазифасини қўпол равишда бузиш ички меҳнат тартиби қоидалари, ички низом ва уставлар билан белгиланади); ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходим ишга қабул қилиниши муносабати билан; корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бош бухгалтери билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиниши билан бекор қилинганда; ходимнинг пенсия ёшига етганлиги.

Ушбу ҳолатлар мавжуд бўлмаган асослар билан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат  шартномасини бекор қилиш мумкин эмас. Шунингдек, ходим меҳнат таътилида ва меҳнатга қобилиятсизлик даврида ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Бу масалалар Меҳнат кодексининг 100-моддасида ўз ифодасини топган.

Қонунчилигимизда иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор чекловлар мавжуд. Ишдан бўшаётган ходимларга кафолат ва имтиёзлар берилган. Хусусан, касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олмай туриб иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхона тугатилганда, ходимнинг малакаси етарли бўлмаганда ёки соғлиги бажараётган ишига нолойиқ бўлса, вакиллик органининг розилигини олиш талаб этилмайди. Касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг ёзма тақдимномасини олгандан кейин ўз қарорини ўн кун ичида ёзма равишда маълум қилиши керак. Маъмурият касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бу муддат ўтгач ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши керак. Огоҳномани ходим имзо чекиб олган бўлиши шарт. Ходимнинг малакаси етарли бўлмаса ёки соғлиги бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолса, ходим камида икки ҳафта олдин огоҳлантирилиши керак. Бу муддатлар ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Ходим ўз меҳнат вазифаларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномаси бекор қилинаётган вақтда ходим уч кун олдин хабардор қилинади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўланади. Огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ҳамда давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди. Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш эҳтимоли юз берганда, иш берувчи корхона касаба уюшмаси органи ва корхона жойлашган ҳудуддаги бандликка кўмаклашиш марказига барча маълумотларни икки ой олдин тақдим қилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасида ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар, ходимлар сони қисқариши сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуқлар белгиланган. Аввало, малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқори бўлган ходимларнинг ишда қолдирилишини таъкидлаш жоиз. Малакаси бир хил бўлганда, қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга, оиласида ундан бошқа иш ҳақи олувчи бўлмаганларга, мазкур корхонада кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлганларга, мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолганларга ва қонунларда кўрсатилган бошқа ходимларга ишда қолиш учун афзаллик берилади.

Муддатли меҳнат шартномасида, уни муддатдан олдин бекор қилганда тарафларнинг неустойка тўлаши белгиланиши мумкин. Шартномада  неустойканинг аниқ миқдори ҳам белгиланиши керак, акс ҳолда неустойка ундирилиши мумкин эмас. Ходим ўқув юртига ўқишга қабул қилинган, пенсияга чиққан ва сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланган вақтда неустойка тўлашдан озод этилади. Муддатли меҳнат шартномаси тарафлардан бирининг айбли хатти-ҳаракати туфайли бекор бўлган ҳолларда айбли томон иккинчи томонга неустойка тўлаши лозим. Тарафлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, уни ундириш суд тартибида амалга оширилади. Муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномаси тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар билан ҳам, яъни ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда, шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, жазога маҳкум этилганда, ходим вафот этганда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолатларда ҳам бекор қилиниши мумкин. Меҳнат шартномасини бекор қилиш буйруқ билан расмийлаштирилиб, буйруққа меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг қайси моддаси билан бекор қилинаётгани қайд қилинади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган кун охирги иш куни ҳисобланади. Буйруқда ишдан бўшатиш нафақаси берилиши ёки берилмаслиги, фойдаланмаган таътил вақти учун компенсация берилиши каби ҳолатлар кўрсатилиши керак. Буйруқ раҳбарга олиб кирилгунга қадар юридик хизмат бўлими ходими ёки ташкилотга юридик хизмат кўрсатувчи адвокат томонидан ўрганилиб, имзоланиши керак.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда ва ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганда бекор бўлса, ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Ишдан бўшатиш нафақаси миқдори ходимнинг ўртача бир ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак. Корхона жамоа шартномасида бу нафақа миқдори кўпроқ ҳам белгиланиши мумкин. Фойдаланилмаган таътил вақти учун компенсация пули берилиши ишдан бўшатиш нафақаси берилишига тўсқинлик қилмайди. Ишдан бўшатиш нафақаси огоҳлантириш муддати ўрнига берилиши мумкин бўлган компенсациядан бошқадир.

Меҳнат дафтарчаси ва ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ нусхаси меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга тилхат олинган ҳолда  берилиши керак. Акс ҳолда иш берувчи ходимга етказилган зарарни тўлаши шарт. Меҳнат дафтарчалари Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда рўйхатга олинган меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома асосида юритилади. Меҳнат дафтарчасига  киритилаётган ёзув ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг мазмунига мос бўлиши шарт.

Меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи ҳам, ходим ҳам меҳнатга оид амалдаги қонун нормаларига тўлиқ риоя қилишлари шарт. ўз навбатида ушбу қонунлар ижросини таъминлаш давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат бўлими ходимларига катта масъулият юклайди.

Абдишукур ОМОНОВ,

ҳуқуқшунос

Report typo