Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.МУҲАММАДИЕВА

10.01.2020


МЕҲР ҚЎЛЛАРИНИ УЗАТАЙЛИК!

Ижтимоий ҳимоя

Қарши шаҳрида ўзгача кўринишда қад ростлаган бу муаззам иншоот 1976 йилда фойдаланишга топширилган. Оғир ва салобатли қадамлар билан ўтган ушбу йиллар узра қанча бўронли шамоллар эсмаган дейсиз…

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил апрелидан қайтадан таъмирланиб, капитал реконструкция қилинган ва ўзгача виқор касб этган "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйида бугун 295 нафар бола тарбияланмокда.

"Мурувват" уйи тиббий-ижтимоий муассаса ҳисоблангани учун тиббий ходимлар ва педагоглар ҳамкорликда фаолият юритади. Ҳар бир болага шифокор, ҳамшира, тарбиячи, психолог, логопед, энага, ошпаз ва бошқа масъуллар қарайди.

Муассасада физиотерапия, массаж, арттерапия, мусиқатерапия, жисмоний тарбия ва дори-дармон билан даволаш кенг йўлга қўйилган. Йилига 2 марта мутахассис шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилади.

Комплекс муолажалар натижаси ўлароқ 2018-2019 йилларда эмакловчи 10 нафар бола мустақил юришига, ётоқ болаларининг кўпчилиги эса эмаклаб юришига эришилди.

Машғулотлар сеткасида асосий ўринни сенсорика, кўриш ва эшитиш идрокини ривожлантириш, майда қўл моторикасини ривожлантириш, йирик моторикани ривожлантириш, ижтимоий малакани шакллантириш, содда математика, нутқ ўстириш, жисмоний тарбия, атроф-олам билан таништириш ва аппликация эгаллайди.

Машғулотлар самараси сифатида имконияти чекланган болалар ўртасида ҳар йили бўлиб ўтадиган Республика паралимпия спорт мусобақасида 11 нафар тарбияланувчимиз иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллагани эътиборга моликдир. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида анъанавий ўтказиладиган "Меҳр қўлларини узатайлик" гала концертида тарбияланувчиларимиз чиқишлари эътирофларга сазовор бўлиб келмоқда.

4 ёшдан 18 ёшгача болалар яшайдиган, айтиш жоиз бўлса, уларнинг беғубор болалиги - подшолиги кечадиган ушбу маконда ўксик қалбларга шодлик улашиш, юзларида табассум уйғотиш, митти юракчаларини қувонтириш савобли ишдир. Шундай экан, Сиз ҳам бу савобли ишдан четда қолманг, ўксик дилларга меҳр қўлларини узатинг!

 Ш.МУҲАММАДИЕВА,

Қарши "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйи тарбиячиси

 

Report typo