Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Мебель саноати: ички бозор имкониятидан ҳудуд тадбиркорлари қанчалик фойдалана олаяпти?

Ўз мухбиримиз

24.11.2022


Мебель саноати: ички бозор имкониятидан ҳудуд тадбиркорлари қанчалик фойдалана олаяпти?

Тараққиёт стратегияси

Янги уйни жиҳозлашга - мебель; янгидан оила қураётган ёшларга - мебель; корхона офиси, давлат идораси ва бошқа ишхоналарга - мебель; мактаб, боғча ва шифохоналарга - мебель; ошхона, ресторан, кафе, меҳмонхона, дам олиш масканлари ва ҳоказоларга - мебель...

Мамлакатимизда мебель саноати ва мебелсозлик учун йирик бозор шаклланиб улгурганини ана шулардан ҳам англаб олиш мумкин. Демак, талаб катта ва тез ўсиб бораяпти, таклиф-чи? 

Қашқадарё мисолида оладиган бўлсак, маълумотларга кўра, вилоятда йилига 4,5 мингта уй-жой ва 500 та янги нотурар объект қурилаяпти, 30 мингта никоҳ қайд этилади. Ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳар йили мебель сотиб олишга 30-40 миллиард сўм маблағ йўналтираяпти.

 Хўш, бу ички бозор имкониятидан ҳудудда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар қанчалик фойдалана олаяпти? Умуман, ички имкониятлар асосида мавжуд талабнинг қанча қисми қондирилмоқда? Қашқадарёда мебель саноати ва мебелсозлик ривожи қай аҳволда?

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов  воҳа тадбиркорлари билан ўтказган навбатдаги мулоқоти давомида ана шу саволлар атрофида фикр юритилди. 

Таъкидланганидек, статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 292 та ўрта ва кичик мебель ишлаб чиқарувчи субъектлар мавжуд. Уларда 1 минг 500 нафар киши меҳнат қилади. Ўтган йилда ушбу корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 58 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 100 миллиард сўмга етиши кутилмоқда. 2022 йилнинг ўтган ўн ойида хориждан 740 минг долларлик мебель ва мебель эҳтиёт қисмлари, хом ашёси олиб келинган. Вилоятда мебелга бўлган талабнинг атиги 20 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, қолгани бошқа вилоятлар ва импорт ҳисобидан қопланаяпти.

- Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, Қашқадарёда мебелга бўлган талабнинг  80 фоизини ички имкониятлар эвазига қондириш мумкин, - деди вилоят ҳокими. - Шунга эришиш учун жорий йилда умумий қиймати 63 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, келгуси йилда мебель ишлаб чиқариш ва мебелсозлик йўналишида яна камида 100 та лойиҳа ишга тушурилади ва шу асосда мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Хусусан, 5 та маҳалла атрофида мебель саноати марказлари,  Қарши шаҳридаги Буюк Турон маҳалласи ҳудудидан 8 гектар, Қарши туманидаги Кўчкак маҳалласидан 1 гектар майдонда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Хабарингиз бор, 7 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда мебель саноатини ривожлантириш ва мебелсозлик истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилиб, шу йўналишда фаолият олиб бораётган субъектлар экспортини қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш, улар учун божхона имтиёзлари муддатини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш, бу тармоқдаги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Албатта, бу мебель саноати ва мебелсозлик йўналишида иш олиб бораётган ишбилармонлар учун катта рағбат бўлди. Ҳоким мулоқот давомида ана шу қўллаб-қувватловдан янада илҳомланган тадбиркорлар таклиф ва мулоҳазаларини тинглар экан, уларни тармоқ йўналишлари бўйича янги-янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришга ундади. Бинобарин, ишбилармон кенг бозор имкониятлари, имтиёз ва қўллаб-қувватловдан манфаатдор, аҳолига эса арзон ва сифатли мебеллар, очилган янги иш ўринларидан наф бўлади. 

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo