Ҳақиқат таққосларда кўринади
Яқин ярим йилдан эътиборан анча фаоллашган ахборот маконидаги бугунги вазият, янгидан иш бошлаган ахборот хизматлари фаолияти "миллионлар ўйини" - футболдаги айрим ҳолатларга ҳам мос келаркан. Демак, майдонга!
ҚУРЪА
Футболда катта мусобақаларга старт бериларкан, аввал қуръа ташланиб, гуруҳ ва жамоалар аниқлаб олинади. Ҳар бир гуруҳда одатда 4-5 тадан жамоа ўйнаб, ютқазгани чиқиб, ютгани кейинги босқичга кўтарилаверади ва якунда ғолиб аниқланади. Буни футболга қизиққан ёш бола ҳам билади. Ўз навбатида, бу қуръада кучлилар - фаворитлар билан бир қаторда, кучсизлар - аутсайдерлар ҳам ўзаро дуч келиб қолиши мумкин.
Ахборот маконидаги қуръа натижалари эса Президентнинг 2019 йил 27 июндаги "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра ойдинлаштириб олинди.
Ушбу қарор ўз-ўзидан турли идора ва ташкилотларнинг ахборот хизматларини "гуруҳ"да "фаворит"га айлантирди. Аввал таҳририятларда, бошқа оммавий ахборот воситаларида ишлаб, етарли тажрибага эга, ўзига яраша нуфуз касб этган ходимларнинг матбуот котиблари этиб ишга олиниши "таркиб"ни анча кучайтирди. Футболда барча кучли жамоалар ўйинчиларига яхши ҳақ тўланганидек, матбуот котибларига ҳам мўмай маош таклиф этилгани дурустгина рақобатни юзага келтирди. Манфаатдорлик юқори экан, футболчи борини бериб тўп сурганидек, матбуот котиблари ҳам ҳар неки "ҳарбу зарб"га, ОАВдаги танқидий чиқишларга муносиб жавоб қайтаришга тайёр эканликларини дастлабки қадамларидан кўрсатиб беришди. Тўғри, бундай "қалқони" мустаҳкам котиблар кўп эмас, аммо шуларнинг ўзиёқ баҳо беришга кифоя қилаяпти.
Футболда одатда бир гуруҳга бир нечта кучли жамоалар тушиб қолса, бу гуруҳни "ўлим гуруҳи" деб аташади. Ахборот маконида эса ҳозирча "ўлим гуруҳи" йўқ ҳисоби - ахборот хизматларига асосий рақобатчи ролини интернет сайтлари бажараяпти. Аввал сайтларда танқидий чиқишлар бўлса, ҳамма тош ташкилот, идоранинг раҳбарига отиларди. Чунки эски услубда ишлашга ўрганган раҳбарлар ўз идораси эшигини тақа-тақ ёпиб олган, бу эшиклардан ташқарига бирор ахборот сизиб чиқолмас, чиққанини эса тан олишмасди. Энди асосий юкни матбуот котиблари ўз зиммасига олишган. Демакки, бундан буёғи ахборот хизматлари "фаворит" ролини бериб қўймаслик учун "ўйнайди". Сайтларнинг эса ютқазадигани йўқ: улар "ҳужум"лар қилиб турса бўлди, "тепганлари" "гол" бўлмаса, "дуранг" ўйнашса ҳам майли (қайтага бу ташкилот-идоралар учун айни муддао), шу ҳолида ҳам улар ўз вазифасини тўла-тўкис адо этган саналади. Баъзан уларнинг ўйини қовушавермаса, захирадан хусусий телеканаллар чиқиб келади ва қисқа вақтда ўйин тақдирини ҳал этиб юборишга-да қодир улар.
"Гуруҳ"даги навбатдаги жамоа - давлат телерадиоканаллари бўлиб, улар ахборот майдонида аввал қандай "ўйнаган" бўлса, ҳозир ҳам ўша қобиқни тарк этганлари йўқ. Шунинг учун уларнинг "ўйин"ига "томошабин" кам киради, чунки "ўйин" зерикарли, камдан-кам гол урилади, кўпинча икки томонга ҳам бирор наф бермайдиган "нурсиз дуранглар" кузатилади. Уларга гуруҳда бор эканликларининг ўзи етарли ҳозирча.
Ниҳоят, аутсайдерлар. Ҳозир ахборот маконидаги энг кучсиз жамоа - босма ОАВ, газета-журналлар бўлиб турибди. Бир вақтлар етакчиликни зинҳор қўлдан бой бермаган таҳририятларнинг зўр "ўйинчилари" омадини "фаворит" командаларда синаб кўришга интилиб, ахборот хизматларига ёки бошқа ишга ўтиб кетишди, кетишяпти. Бир жиҳатдан уларники ҳам тўғри: таҳририятда қиладиган ишини бошқа жойда бажаргани эвазига икки-уч баравар ҳақ тўлашса, бунга ким ҳам йўқ дерди?!
Одатда футболда бирор клуб қуйи ўринларга тушиб кетса, бунга клуб хўжайинларининг етарли эътибор қаратмагани, пул бермаётгани, кучли ўйинчиларни харид қилмаётгани сабаб қилиб кўрсатилади. Газета-журналларда ҳам шу аҳвол: "эгалар", яъни ҳокимият ва бошқарув тизимидагилар ўз муассислигидаги нашрларнинг бор-йўқлиги билан қизиқмай қўйди, обунаси, жамоа таркиби, келгуси тақдири билан иши бўлмади. Натижада бугун босма ОАВ аутсайдерлик ўрнини шу қадар "мустаҳкамлаб" олдики, бошқалар билан рақобатга киришиш тугул, "ўйин"дан чиқиб кетмаслик уларнинг асосий мақсадига айланган. Кўплар бирин-кетин жамоаларини тарк этаяпти, қолганлари эса барибир фойдаси йўқ, деб иштиёқсиз "ўйнаяпти" (бунинг сабаби - "гранд" клубларга ўтиб кетган жамоадошлари ўрнини босиш учун ҳали "ҳужумчи", ҳали "ҳимоячи", баъзан "дарвозабон" бўлишларига-да тўғри келаётганидир), онда-сонда урадиган "голлари" эса шавқсиз, мухлислар олқишига сазовор бўлишига кўп ҳам ҳафсалалари йўқ.
Эсингизда бўлса, 1998 йилда Франция терма жамоаси жаҳон чемпиони, 2000 йилда Европа чемпиони бўлиб, кейинги чемпионатда гуруҳ босқичидаёқ мусобақани якунлаганди. Шунга яқин ҳолат Германия, Испания билан ҳам кузатилган. Яъни аввал энг кучли бўлган жамоалар бироз вақтдан сўнг шармандали натижалар кўрсатиб турса, бу кўп томошабинларнинг эътиборини тортиши аниқ.
Худди шундай, бир вақтлар жуда кучли сифатида эътироф этилган, сайтлар учун тамал тоши қўйиб берган, ахборот хизматларини малакали кадрлар билан таъминлаб, айни пайтда ўзи аянчли ҳолга келиб қолган таҳририятларнинг бугунги вазияти кўплар учун қизиқ. Босма ОАВ яшаб қоладими ё жойида депсиниб тураверадими ёки ривож топиб кетадими (ҳар ҳолда бунга ишонч анча кам), ҳокимият ва бошқарув тизимидагилар ҳам, таҳририятдагилар ҳам шуни кутиб, кузатиб турибди.
"ЮЛДУЗЛИ" ТАРКИБ - ЗЎР ТАРКИБ, ДЕГАНИ ЭМАС
Биламиз, жаҳонда "юлдузли" таркибга эга бўлиб, юқори натижа қайд эта олмайдиган клублар ҳам бор. Худди шундай, ахборот хизматлари ҳам малакали кадрларга эга бўлгани билан кутилган самара бермаслиги мумкин. Чунки ҳужумчи гол уриши учун "ассист"нинг "пас"и зарур бўлганидек, матбуот котиби кўзланган мақсадга эришиши учун унга зарур жамоа керак. Биргина газета чоп этишга мухбир, муҳаррир, мусаҳҳиҳ, фотомухбир, масъул котиб, компьютер оператори ва ҳоказо ходимлар талаб этилади, бироқ идора ва ташкилотларда фақат матбуот котибининг ўзи фаолият кўрсатаяптики, айрим ҳолларда таҳрирталаб, тишга тошдек тегадиган жумлали, савиядан холи материаллар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Аҳолини муҳим, долзарб ва савияли ахборот билан таъминлаш мақсад қилинган экан, ахборот хизматлари таркибини мухбир, муҳаррир, мусаҳҳиҳ, компьютерчилар каби мутахассислар билан кучайтириш даркор. Бўлмаса, уларнинг "ўйин"ига томошабин кирмай қўяди, бошқа "жамоа"га мухлислик қилишади. Оқибатда шунча асъаса бадар кетади...
ОФСАЙД
Футболда ўйиндан ташқари ҳолат, "офсайд" баъзан рақиб жамоа ҳимоячилари томонидан сунъий равишда ҳам юзага келтирилади, ҳужумчи буни билмай, гол уриб, турфа қилиқлар билан уни нишонлаши, кейин ўйиндан ташқари ҳолатда эканини англаб, мулзам бўлиб қолганига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Бугун айрим матбуот котиблари "фаворит" жамоа таркибида бўла туриб, нуқул "офсайд"да юришни маъқул кўраяптики, улар тарқатаётган хабарлар сайт ёки ижтимоий тармоқдаги каналлари тугул, "Телеграм"даги 30-40 аъзоси бўлган "группа"ларидан нарига ўтмаяпти. Шу сабаб туман, шаҳар ҳокимликлари, бошқармалар ахборот хизматлари материаллари саралаб бериб борилаётган вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги каналларида доим бир хил муаллифларни, "офсайд"да бўлмаган матбуот котиблари тайёрлаган ахборотларни кўряпмиз.
Қолаверса, анча шов-шув бўлган "думбул воқеаси"да матбуот котиби "ўйиндан ташқари ҳолат"да бўлмаганида эди, воқеа ҳоким узригача, ҳатто... ҳокимнинг катта бир одамни неваралари ёнида сўкмаслиги билан ҳам якунланиши мумкин эди.
Албатта, матбуот котиби ҳокимга "адвокатлик" қилиши, оқлашга уриниши керак эмас. Ҳақ сўзни борича, вақтида айтиши, айта олиши зарур.
САРИҚ КАРТОЧКА
Футболда қоидани қўпол равишда бузган ўйинчига дастлаб сариқ, ушбу ҳолатни яна такрорласа, қизил карточка кўрсатилиши ва футболчи майдонни тарк этиши маълум. Қолаверса, у кейинги ўйинни ўтказиб юбориши етмагандай, жорий баҳсда ўз жамоаси бир киши кам ўйнашига сабаб бўлиб, қийин аҳволда қолдиради.
Хайриятки, "қоида"ни бузгани учун ахборот майдонини тарк этган котиблар ҳозирча йўқ. Бироқ "сариқ карточка" олганлар бор, фақат уни ҳакам эмас, "томошабинлар" кўрсатган. Мисол учун, қонунга зид бузилишлар учун ҳокимнинг халқдан сўраган узрини недир сабаб билан ёхуд ўзини ишлаётгандай кўрсатиш учунми, шариллатиб блокнотига ёзиб олган ёки "бюджет"ни "буджет" ёзиб, "жалб" сўзига бир унли қўшиб, кўп таъналарга дучор бўлган матбуот котиблари тўпга интилиб, дарвоза тўсинига калла қўйган футболчи ҳолатини эслатади. Тўғри, бундай вазиятда ҳакам футболчига ёрдам бериш учун майдонга шифокорларни чақиради, аммо ахборот майдонида шундайин ҳолатларга асосий баҳони халқ, "томошабинлар" беради.
ЯЛАНҒОЧЛАР КЎРСАТИЛМАЙДИ
Биласиз, футбол ўз номи билан "миллионлар ўйини". Уни дунёнинг барча нуқталарида севиб томоша қилишади. Машҳур бўлишни истаган айрим кишилар эса бундан усталик билан фойдаланишга интилади. Дейлик, майдонга бирор лавҳа кўтариб кирадими, юзини бўяйдими, сочини ўзгартирадими, хуллас, минг нағма кўрсатиб, кадрда кўринишга, дунёга танилишга интилади. Булар ҳам иш бермаган айрим мухлислар эса кийимини ечиб, майдонга чопиб киради. Бошда улар ниятига эришган ҳам, бироқ вақт ўтиб, ФИФА бундай кадрларга эътибор қаратмасликка, эфирга узатмасликка қарор қилган.
Бундан бир ойлар олдин туманларнинг бирига корейслар келиб, ҳоким билан иссиқхона қуриш бўйича музокаралар ўтказганини эшитиб, матбуот котибига шу бўйича маълумотларни беришини, нега ушбу ҳудуд танлангани, қанча сармоя киритилаётганию бунинг натижасида қанча одам ишли бўлиши, иссиқхонанинг инновацияси кабилар акс этса, яхши ахборот чиқишини айтдим. Бироқ орадан кунлар ўтса ҳамки, айтарли жавоб бўлавермади ва "мушук-сичқон" ўйини яна бир муддат давом этди. Анчадан кейин сўралган ахборотнинг тақдири нима бўлибди, деб қарасам, бояги котиб ижтимоий тармоқдаги ўзаро ёзишмалар тарихини ўчириб юборибди. Бунинг сабабини сўрасам, "Авария бўлдим, тузалиб олай" деган жавоб бўлди.
Қизиғи, "авария бўлган" котиб ҳали у - ҳали бу тадбирдан ўз суратларини (!) тинимсиз жойлаб бордики, бундан унинг бирор фалокатга йўлиққани тугул, айтарли ташвиши йўқлигини англайсан одам. Ғалати-да!
Қисқагина ахборот учун зарур маълумотларни беришни пайсалга солиб келган котиб, мактабда ўтган тадбирми, пахта тераётган ҳашарчиларми, уларнинг ҳузурига борган меҳмонларми, нимаики сурат жойламасин, ҳаммасида асосий "план"да ўзи! Бир-икки ҳолатга майли кўниш мумкиндир, лекин меъдага тегар даражада, эшикни ёпсанг, тешикдан кириб келадиган алфозда ўзини кўз-кўзлаш кимга муҳим, кимга зарур? Аксинча, матбуот котиблари ўзини эмас, туманни "реклама" қилиши керакмасми?
"Шоументабиат" котиб сабабми, ушбу туман ҳаётига оид муҳим бирор ахборот ўқиганимизча, танқидий мақолага тайинли муносабат билдирилганини кўрганимизча йўқ. Шу жойда футболдаги "яланғочлар кўрсатилмайди" қоидаси ишлайди, яъни матбуот котиблари туман ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ривожига оид ахборотлар, танқидий мақолаларга вақтида ва тўғри муносабат билдириш ўрнига, ўзини ўзи "тарғиб" қилиш, машҳур бўлишни бош мақсадига айлантираркан, у ҳам асосий "экран"ларда кўрсатилмайди. Ўрнига бошқа "трансляциялар" қўйиб юборилади.
VAR
Футболда яқин йилдан эътиборан "видео ассистент рефери" хизматидан фойдаланилаяпти, ўйиндаги вазиятларни видеотакрорлар орқали кўриб, майдонга сигнал юборадиган. Худди янгидан иш бошлаган ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси каби. Футболдаги VARнинг афзаллик томонлари кўп, такрорлар ўйин қоидалари бузилгани, голлар ҳаққоний ё бундай эмаслиги, хуллас, ҳакамнинг кўзи илғамаган кўп масалаларга ойдинлик киритиб беради.
Ахборот маконида эса бу вазифани юқорида номи келтирилган идора бажараяпти. Фақат улар ўз хизматини кўпинча ахборот хизматлари билан боғлаб (балки биринчи вазифа сифатида ҳокимликлар ва бошқармаларга матбуот котибларини тайинлашни таъминлаш бўйича берилган топшириқ сабабдир), "аутсайдерлар" - босма ОАВ билан у қадар қизиқишмаяпти. Янаям аниқроғи, аутсайдерлар қатнашган ўйинларда VAR тизимидан фойдаланилмаяпти ҳисоб. Шунинг учун бу ёқдаги "ўйин"ларда ким нима хоҳласа шуни қилиб ётибди.
* * *
Тўғри, ахборот майдонидаги "ўйин"лар миллионлар даражасига чиқишига ҳали анча қовун пишиғи бор. Ҳозирча "аутсайдер"ларнинг минг-икки минг "томошабин"и бўлса, "фаворит"ларни ҳам шу атрофдаги "мухлис" кузатиб боряпти, холос. Вилоят аҳолиси сонидан келиб чиқилса, бу жуда-жуда кам кўрсаткич. Бунча мухлис футболда одатда қуйи лигаларда бўлади. Мухлис кўпайишини, ахборот қамровимиз кенгайишини истаймизми, демак, чиройли "ўйин" кўрсатиш, "тактика"ни профессионал даражада тузишимиз керак, ҳар ҳолда "У замонлар ўтиб кетди, княз..." дейишларини кутиб туриш мантиқдан эмас. Шунда уни "фаворит", буни "аутсайдер" дейишга ҳожат қолмайди, "ўйин" қизиқарли тус олади, соғлом рақобат юзага келади. "Томошабинлар" учун муҳими шу.
Демак, "футбол" давом этади...
Бекзод САЙФИЕВ