Таҳлилларга кўра, биргина фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман), шаҳар судларида кўрилган ишларнинг сони 2017 йилда 1 миллион 241 мингга яқин бўлган бўлса, 2018 йилнинг дастлабки чорагида 388 мингни ташкил этган. Судьялар иш ҳажмининг тобора ортиб бориши қабул қилинаётган ҳал қилув қарорларининг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Судьялар иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий низоларни судга қадар ҳал этишнинг муқобил усулларини, жумладан, медиация институтини ривожлантиришдир.
Медиациянинг мақсади – низолашувчи тарафларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашиш. Унинг асосий тамойилларига ихтиёрийлик, тарафларнинг тенглиги, бетарафлик, медиаторнинг холислиги, махфийлик кабилар киради.
Медиаторлар далилларни текширмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.
Қадимда медиация асосан савдода қўлланилган бўлиб, римликлар баҳс-мунозараларни ҳал қилувчи мутахассисларни “medium” – воситачи деб аташган. Европада медиаторлар оилавий мунозараларни ҳал қилишга жалб қилинган.
Қайд этиш жоизки, медиация жараёни, мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган конфиденциал жараён. Бу низолашаётган тарафларнинг ўз ихтиёрларига кўра танлаб олинган, бетараф учинчи шахснинг воситачилигида, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низони ўзаро муроса – ярашув йўли билан ҳуқуқий асосда ҳал этишдир.
Бетараф учинчи шахс – медиатор аслида судья ҳам, арбитр ҳам эмас ва келиб чиққан низо юзасидан ҳеч қандай мустақил қарор ҳам қабул қилмайди. Ҳакамлик судидан у айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиш учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатор – тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс бўлиб, унинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.
Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин. Давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган, муомала лаёқати чекланган ва судланган шахслар медиатор бўлиши мумкин эмас. Вилоят адлия бошқармаси томонидан Профессионал медиаторлар реестри юритилади.
Қонунда медиация тарафлари ва медиаторларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган. Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади. Келишувда низо предмети ҳақидаги, медиацияни амалга ошириш тартиби ва харажатлар ҳамда муддатлари ҳақидаги маълумотлар бўлиши мумкин.
Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага киргунга қадар қўлланилиши мумкин.
Шу ўринда медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши кераклигини таъкидлаш жоиз. Тарафлар ўзаро келишувга кўра бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати келишувда белгиланади.
Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади. Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга оширишни рад этганда, ўзига тўланган пул маблағларини қайтариб бериши шарт. Медиацияни қўллаш чоғида медиатор айни бир низо бўйича бирор бир тарафнинг вакили бўлишига, бирор бир тарафга юридик ёки бошқа ёрдам кўрсатишга, тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмас.
Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тартибда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин.
Медиация тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги, низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги, медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганлиги, бирор бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечганлиги ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтганда тугатилади. Низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Медиатив келишув, уни тузган тарафлар учун мажбурийдир. Келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат қилишлари мумкин.
Мазкур қонун кучга киргач қандай ишлайди? Халқ ва давлат учун фойдаси бўладими? Ноқонуний фаолият кўрсатувчи медиаторлар кўпайиб кетмайдими? Қонун ижросини ким таъминлайди ва бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Қонунда мазкур қонун ижроси, етказилиши, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан назорат қилиб борилади. Қонунни қабул қилишдан мақсад айрим тоифадаги низоларни тезкорлик ҳамда суд ва бошқа давлат органларини аралаштирмасдан ҳал қилишишга эришишдир. Шунингдек, суд ва бошқа давлат органларидаги иш ҳажмини камайтиришга эътибор қаратилган.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу қонун ижросини таъминлаш борасида қарор қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ижрочиларга юборилди. Энди ҳамма гап фуқароларимизнинг қонунлар билан белгилаб берилаётган ҳуқуқ ва ваколатларидан самарали фойдалана олишига ҳам боғлиқ.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик
хизмати бошлиғи