Бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш принципига кўра, ҳокимиятнинг уч олий тармоғи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўз функция ва вазифаларини амалга оширишда мустақил бўлиб, бир-бирининг ишига аралашмайди, айни пайтда ўзаро мувозанатда ва чегарада бир-бирини тийиб ҳам туради.
Қуйида сўз юритмоқчи бўлган “Мэдисонга қарши Марбери иши” ҳам нафақат АҚШ Олий суди, балки бутун жаҳон судлари фаолиятида Конституция ва ҳокимиятлар ўртасида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш тамойили устуворлигини таъминлашда суд назорати институтини амалда татбиқ этишга муҳим ҳуқуқий туртки бўлган суд жараёни ҳисобланади.
Бошқача айтганда, “Мэдисонга қарши Марбери иши” АҚШ Олий суди ваколатига бошқа давлат ҳокимияти органларининг қарорлари устидан суд назорати функциясининг ҳам жорий этилишига сабаб бўлиб, ушбу ишни кўриб чиқиш натижасида АҚШ Олий суди ўз тарихида илк бор Конгресс томонидан қабул қилинган қонунни Конституцияга зид деб топади ва одил судлов йўли билан конституциявий назоратни ўрнатади. Шундан кейингина АҚШ Олий суди Конгресс қонун ҳужжатларининг Конституцияга қанчалик мувофиқ келишини кўриб чиқиш, агар қонунлар Конституцияга зид бўлса, бундай қонунларни бекор қилиш ваколатига ҳам эга бўлади.
Хўш, “Мэдисонга қарши Марбери иши” асли нимадан бошланган эди? Уильям Марберини бўлажак президент, қолаверса “Конституция отахони” деган улуғ номга мушарраф бўлган Жеймс Мэдисондек кишини судга беришга нима мажбур қилган эди?
Гап шундаки, низоли иш АҚШнинг 2-президенти Жон Адамс томонидан Колумбия округининг судьяси этиб тайинланган Уильям Марберининг давлат котиби Жеймс Мэдисонга нисбатан судья сифатида тайинланганини тасдиқловчи ҳужжат бериш мажбуриятини юклаш ҳақидаги Олий судга даъвосидан бошланади. Чунки 1801 йилдаги “Суд ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга асосан янги тайинланган судьяларга уларнинг ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжат - патент берилиши лозим эди. Мазкур қонунга кўра, президент Жон Адамс ваколат муддати тугаши арафасида 50 нафар федералистларни судья лавозимига тайинлайди (ХIХ аср бошларида АҚШда юқори ҳокимият лавозимларини асосан иккита сиёсий партия - федералистлар ва сўл федералистлар, шунингдек, демократ-республикачилар эгаллаган эди). Ҳали судьялик патентини олишга улгурмаган судьялар орасида Марбери ҳам бор эди.
Президент Ж.Адамс давлат котиби Жон Маршал зиммасига янги тайинланган судьяларга ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжат - патент бериш вазифасини юклайди. Аммо, бу пайтда давлат котиби Ж.Маршал АҚШ Олий судининг бош судьяси этиб тайинланиб қолади. Оқибатда эса Маршал президент Адамснинг ваколат муддати тугамасдан туриб барча патентларни ўз эгаларига беришга улгурмай қолади. Маршал ўйлаганидек, қолган судьялик патентларини ўз эгаларига унинг ўрнига келган янги давлат котиби бермайди. Яъни, қасамёд қабул қилиб, президент вазифасини бажаришга расман киришган АҚШнинг 3-президенти Томас Жефферсон давлат котиби вазифасини вақтинча бажарувчи Лев Линкольнга қолган судьялик патентларини эгаларига бермасдан, сақлаб туришга буйруқ беради. Президент Жефферсон тахминига кўра бундай буйруқ патентларнинг юридик кучи йўқолишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Хуллас, АҚШ Олий суди фаолияти тарихида ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий ғавғоларга ва гап-сўзларга сабаб бўлган “Мэдисонга қарши Марбери иши” ана шулар туфайли охир-оқибатда суд муҳокамасигача боради.
Низоли ишни кўриб чиқишда АҚШ Олий суди бош судьяси Жон Маршал жуда оғир ва қалтис вазиятни бошдан кечиради. Нега деганда, агар Марберининг даъвосини қаноатлантиргудек бўлса, президент, ҳукумат билан сан-манга бориши, сиёсий зиддиятлар келиб чиқиши аниқ эди. Бироқ, даъвони рад этиб ҳам бўлмасди. Ўзбекона тил билан айтганда, бош судья Маршал икки ўт орасида қолган эди. Хўш, бундай қалтис вазиятда бош судья Маршал қандай тўхтамга келади? Бош судьянинг қарори қуйидагилардан иборат эди:
биринчидан, Марбери судья сифатида ўз вазифасига киришишга тўла ҳақли эди;
иккинчидан, Мэдисон тайинланган судьяларнинг буйруғини ушлаб туриб қонун бузилишига йўл қўйган;
учинчидан, Олий суд давлат хизматчилари зиммасига мажбурият бажарилишини юклаши қонунийми;
тўртинчидан, давлат хизматчиси зиммасига мажбурият юклашни қайси давлат органи амалга ошириши мумкин?
Бош судьянинг масалага бундай ёндашуви кўплаб муҳим ҳуқуқий саволларга жавоб топиш имконини берди. Сабаби, АҚШ Конституциясининг 3-моддасида Қўшма Штатларда суд ҳокимияти фақат Олий суд ва Конгресс вақти-вақти билан ташкил этиши мумкин бўлган қуйи судларга тегишлилиги, элчилар, консуллар ва бошқа расмий вакилларга тааллуқли барча ишларда ҳамда тарафлардан бири бирор штатдан бўлган ишларда дастлабки юрисдикция Олий судга берилиши, шунингдек, апелляциявий юрисдикция ҳам Олий суд томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бош судья Конституциянинг ушбу нормасини талқин қиларкан, АҚШ Олий суди биринчи инстанция сифатида Марберининг даъвосини кўриб чиқиш ваколатига эга эмас, деган хулосага келади. Чунки Марбери элчи ҳам, давлат хизматчиси ҳам эмас эди, яъни Марберининг иши Олий судда кўриб чиқилиши учун юқоридаги конституциявий норманинг субъектига тушмас эди. Аммо, “Суд ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида Олий судга Конституцияда кўрсатилмаган бир ваколат берилган эди. Ушбу қонунга асосан Олий суд давлат хизматчилари зиммасига муайян мажбуриятни юклаш ҳақида суд буйруғи чиқариши мумкин эди.
Ниҳоят, бош судья Маршал “Мэдисонга қарши Марбери иши”нинг узил-кесил қонуний ечимини топади. Кўплаб баҳс-мунозара ва муҳокамалардан сўнг Бош судьянинг қарорига мувофиқ Марберининг даъвоси Олий суд судловига тааллуқли эмас, деб ҳисобланиб, Конгресс томонидан қабул қилинган “Суд ҳокимияти тўғрисида”ги қонун Конституцияга зид деб топилади.
Суд назорати доктринасининг асосчиси сифатида Бош судья Маршал ўз қарорида яна шуни ҳам қайд этадики, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият эмас, балки айнан суд ҳокимияти Конституцияга зид қонун ҳужжатлари устидан конституциявий назоратни ўрнатиши, федерал судлар, Олий суд Конституция устуворлигини таъминлаши, бу эса одил судловнинг бош мақсади моҳиятини ташкил этиши керак.
Хуллас, АҚШ Олий суди фаолияти тарихида энг муҳим ва машҳур суд жараёни сифатида алоҳида ўрин қолдирган “Мэдисонга қарши Марбери иши” Конституция устуворлигини таъминлашда суд назоратининг чегараси, кучи ва асосий принципларини белгилаб берди.
Ҳусан ТУРСУНОВ,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди