Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

13.09.2024


“Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Шаҳрисабз шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамда жорий йил 12 январда Хавфсизлик Кенгаши йиғилишларида ёшларимизни миллий ғурур, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни кучайтириш, шунингдек, китоблар нашр қилиш ва янги кинофильмлар яратиш масаласини илгари сурган эди.

Шунга асосан, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ҳарбий ўқув юртлари, “Темурбеклар мактаби”, “Жалолиддин Мангуберди” академик лицейлари, умумтаълим мактаблардаги “Ватан таянчи” дастури ўқувчилари ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарларга ўқув-қўлланма сифатида “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоби нашрга тайёрланди.

Тақдимотда китоб муаллифи Бегзод Абдиримов, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Тўхтасин Арслонов, марказ вилоят бўлими раҳбари Комила Карамова Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова китоб аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, китобнинг биринчи қисмида Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихида ҳарбий иш, қуролланиш соҳаси ва мудофаа тизими, ҳарбий иш тарихининг ўзига хос жиҳатлари, Ватан учун олиб борилган жанглар, жасорат мавзуси қаторида Европа хариталарида илк бор ўзбек замини ва ўзбек давлати тушунчалари қайд этилиши кўрсатиб берилган. Иккинчи қисмда Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихи, Мудофаа доктринаси мазмун-моҳияти тушунарли, содда ва ихчам шаклда акс эттирилган.

Дарҳақиқат, ушбу китоб-альбом миллий тарихимиз, аждодларимизнинг жанговар руҳи, Ватанга муҳаббат, миллий давлатчилигимиз босиб ўтган шонли йўл ҳақидаги қимматли маълумотлар жамлангани, шу билан бирга, миллий армиямизнинг ривожланиш жараёнларини яхлит ифода этиши, тарихий фотоматериаллар билан бойитилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда аждодларимиз жасорати акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Академик лицей кутубхонаси учун китоб-альбом тақдим қилинди.

Б.САЙФИЕВ

Report typo