Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • МЕН БУЮК ҒОЯЛАРДАН ЗАВҚЛАНАМАН. МАЙЛИ, УЛАР ХАТО БЎЛСИН, АММО УЛАРНИНГ АСОСИ МУҚАДДАСДИР

Б.САЙФИЕВ

28.11.2024


МЕН БУЮК ҒОЯЛАРДАН ЗАВҚЛАНАМАН. МАЙЛИ, УЛАР ХАТО БЎЛСИН, АММО УЛАРНИНГ АСОСИ МУҚАДДАСДИР

Сараланган сатрлар

Жиддий адабиёт ҳақида сўз бораркан, Достоевский ҳақида тўхталмасликнинг имкони йўқ. Замонавий сўз санъатида бурилиш ясаган, дея таърифланганлар борки, улар ижодига Достоевский албатта таъсир кўрсатган. Нобель мукофоти соҳиби, "Европа виждони", "ақллар ҳукмдори" дея таърифланадиган Альбер Камю "Достоевский бизга ўзимиз билган, аммо тан олишни хоҳламайдиган нарсаларимизни ўргатади", деса, оламга машҳур Альберт Эйнштейн "Достоевский бўлмаганда, нисбийлик назариясини яратишим гумон эди", дея тан олган. Машҳур файласуф Фридрих Ницше "Достоевский - менга нималарнидир ўргата олган бирдан-бир психолог", деган. Стефан Цвейг "Бальзак жамият дунёсини, Диккенс оила дунёсини, Достоевский эса шахс ва коинот дунёсини ўрганган", дея буюк сўз санъаткорининг хизматини алоҳида эътироф этган. Колумбия ёзувчиси, "Ёлғизликнинг юз йили", "Бузрукнинг кузи", "Ошкора қотиллик қиссаси", "Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди" каби асарлар муаллифи, Нобель мукофоти совриндори Габриэль Гарсиа Маркес эса "Ўз олдингга юксак намуналарга тенглашиш вазифасини қўйиб ёзишинг лозим. Мен учун ана шундай намуналар Софокл ва Достоевский ҳисобланади", дея қайд этади. ХХ аср адабиёти наҳангларидан саналувчи Франц Кафка ижодида ҳам Достоевский таъсири катта экани ҳақида кўп ёзишади.

Дарҳақиқат, дунё адабиёти хазинасига "Ўлик уйдан мактублар", "Жиноят ва жазо", "Телба", "Иблислар", "Ака-ука Карамазовлар" каби бебаҳо дурдоналарни тақдим этган Достоевский биринчи асари - "Камбағаллар" романини ёзганида 25 ёшда бўлиб, уни ўқиган Гоголь китобни машҳур танқидчи Белинскийга берган, адабиёт билимдони эса "Рус адабиётида даҳо пайдо бўлди", дея ҳайратини яширолмаганди.

 Бугун эътиборингизга буюк рус адибининг "Хўрланган ва ҳақоратланганлар" романидан диққатга молик фикрларни тақдим этаяпмиз. Бу асар Достоевский ижодида муҳим ўрин тутади. Кейинги романлар учун асос бўлган тасвир, муҳит ва қаҳрамонларни шу асарда кўриш мумкин. Дейлик, "Жиноят ва жазо"да Раскольников яшайдиган чердак, уй тасвири дастлаб шу асарда бўй кўрсатади. Алёша тимсолидан "Телба"даги княз Мишкин сиймоси ривож олгандек. Наташа образида ўз рафиқасидан улги олган, дейишади. Достоевскийда тутқаноқ, шизофрения аломатлари бўй кўрсатаётгани ҳам шу романда айрим ифодалар орқали  кўринади.

"Хўрланган ва ҳақоратланганлар" инсон, жамият, яхшилик ва ёмонлик ҳақида. Бор-йўғи шу. Фақат шу "оддий" мавзу маҳорат билан ифода этилган. Китобни тўла ўқиб чиқинг - фикримизни қўллаб-қувватлайсиз.

*  *  *

Назаримда, тор уй фикр юритишга ҳам торлик қиладигандек туюлади.

*  *  *

Мен учун асарни ёзишдан кўра, қандай ёзиш, унинг қанақа чиқиши ҳақида ўйлаш ёқимлироқ.

*  *  *

Ажабо, қуёшнинг биргина шуъласи инсон қалбида нақадар ажойиб таассурот уйғотади!

*  *  *

Эндигина ғунча ёзиб келаётган ҳаёт сирли, жозибадор, у билан танишишнинг ўзи нақадар лазиз...

*  *  *

Жасорат бўлса бас, қолгани ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади.

*  *  *

Наҳотки, одам ўз бурчига содиқ бўлган бир пайтда, ўша бурчини адо этиш учун аксига ўзида куч ва матонат топмайди?

*  *  *

Бу шафқатсиз сирли даҳшат вужудингни ўраб, ақл-идрокингдан маҳрум қилиб, ақлнинг барча далилларини масхара қилгандек ҳақиқатга айланадию, олдимга келиб, ҳеч йўқотиб бўлмайдиган даражада аниқ бўлиб, қошимда туриб олади. Бу ваҳима одатда фаҳм-идрок далилларига қарамай тобора кучаяверади. Ниҳоят, ақл шу дақиқада ҳам равшан бўлишига қарамай, ҳисларга қарши туриш қобилиятидан бутунлай маҳрум бўлади. Мана шу иккиланишнинг ўзи, юракни ҳовучлаб кутишнинг ўзи даҳшатни янада кучайтиради. Менимча, ўликдан қўрқадиган одамларда қисман мана шундай ҳиссиёт бўлса керак. Даҳшатнинг ноаниқлиги менга бешбаттар азоб беради.

*  *  *

Бир хил нозиктаъб ва ҳассос одамларда баъзан аллақандай қайсарлик, ўз меҳр-муҳаббатини изҳор этишдан ўзини тийиш каби одат бўлади.

*  *  *

Баъзан ниҳоятда меҳрибон, аммо кўнгли бўш кишилар ўзларининг мурувватли бўлишларига қарамай, бошга тушган ғам-кулфатдан қаттиқ изтиробга келиб, қандай бўлса ҳам бунинг заҳрини бировга, ҳеч гуноҳи бўлмаган, аксарият ўзига энг яқин кишига сочиб, уни бекордан-бекорга хафа қилишади. Масалан, аёллар баъзан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзларини бебахт ва хўрланган одам деб ҳисоблашга эҳтиёж сезадилар. Шунга ўхшаган асаблари мустаҳкам, хотинлар каби заиф бўлмаган кўп эркаклар ҳам шу жиҳатдан аёлларга ўхшаб кетишади.

*  *  *

"Мен яхшиликдан олдин, ёмонлик кутиб, шубҳаланаверишга майли бор одамман. Бу қаттиқ кўнгилли одамларга хос ярамас одат".

*  *  *

У бир умр одамларга аралашмасдан ўсди, ниҳоят, энг кўнгилчан одамларга хос бўлган хусусият (бу отасидан ўтган бўлса эҳтимол), одамларни мақташ, ўжарлик билан бир одамни ўзидан юқори қўйиш, ҳовлиқиб кетиб шу одамдаги фазилатларни ошириб юбориш хусусияти ғоят даражада кучли эди. Бундай одамлар бировдан кўнгли қолса, жуда оғир аҳволга тушади; айниқса, ўзи айбли бўлган вақтда жуда ҳам оғир туюлади, нега улар қўлидан шу иш келади, деб ўйлайсан киши. Бундай одамларни ҳар дақиқа умидсизлик кутади. Бундай одамлар учун ўз уйларида тинчгина ўтиришдан, киборларга аралашмасликдан яхши нарса йўқ; мен шуни ҳам пайқадимки, бунақанги одамлар ўз уйларини шу қадар яхши кўришадики, ҳатто ёввойилашиб кетадилар.

*  *  *

Одам деган нарса вақти-вақти билан танбеҳ эшитиш заруратини сезади.

*  *  *

Кўнглидаги ҳисларини яширишда қалб қанча кўп матонат кўрсатса, уларни изҳор этиб, кўнгил бўшатиш эҳтиёжи ундан ҳам даҳшатлироқ, кучлироқ бўлади.

*  *  *

Мен аёл характерида шундай бир хислат сездимки, масалан, хотин киши бирор масалада айбдор бўлса, у кейинчалик ўз айбини ювиш учун минг хил ноз-карашма қилса қиладики, аммо у ўла қолса ҳам, худди ўша айб устида тутилса, шу дақиқада унга иқрор бўлиб, афв сўрашга рози бўлмайди.

*  *  *

Ҳаётда шундай ғалати, кутилмаган ҳодисалар юз берадики, ҳамма нарса айқаш-уйқаш, остин-устин бўлиб кетади.

*  *  *

Ўз аҳмоқлигига иқрор бўлган аҳмоқ ортиқ аҳмоқ эмас!

*  *  *

Фақат самимият, фақат ростгўйлик мақсад томон олиб бора олади.

*  *  *

Агар сени ҳурмат қилишларини истасанг, ҳаммадан аввал ўзингни ҳурматла; шундагина, ўз қадрингни билганингдагина, бошқалар сени ҳурмат этиши мумкин.

*  *  *

Мен буюк ғоялардан завқланаман. Майли, улар хато бўлсин, аммо уларнинг асоси муқаддасдир.

*  *  *

Рўй-рост гапириш билан не-не ёмон ишларнинг олдини олиш мумкин!

*  *  *

Агар мумкин бўлса эди (аммо одамзоднинг табиати бунга йўл қўймайди), агар ҳар қайсимиз ичимиздаги бутун сирларимизни бир-бир баён этсак, бировга айтишга ҳам қўрқадиган ва ўлақолсак ҳам одамларга билдирмайдиган, ўзимизнинг яқин дўстларимизга айтишдан ҳам қўрқадиган ва ҳаттоки, баъзан ўз-ўзимизга иқрор бўлишдан ҳам қўрқадиган сиримизни бир-бир ёзсак, у ҳолда дунёни шундай бадбўй ҳид босиб кетардики, ҳаммамиз бўғилиб ўлардик.

*  *  *

Мен ўзимдан ўзим тезроқ бирор киши мени хафа қилсайди ёки битта гап гапира қолсайди, мени ранжитиш учун бу гапни айтди-ку, деб бир нарсадан аламимни олардим, деган ғайришуурий истак билан уйнинг у бошидан-бу бошига юрадиган кунлар ҳам оз бўлмаган эди. Хотинлар-ку шу йўл билан юракларини "бўшатиб", астойдил йиғлай бошлайдилар, айниқса таъсирчанлари ҳатто жазавалари тутгунча йиғлайдилар. Бу жуда оддий ва турмушда учрайдиган ҳодиса, кишининг юрагида ҳеч ким билмайдиган, хоҳласа ҳам бировга айтолмайдиган ғами бўлса шундай қилади.

*  *  *

Яхши одамлар, олдин уларга яхшилик қилишларини кутиб ўтирмайдилар.

*  *  *

"Оч билан тўқнинг нима иши бор", дейдилар. Шуни айтиб қўяйки, оч ҳам очни ҳамма вақт тушунавермайди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo