Мазкур экологик байрамни нишонлаш 1972 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 27-сессиясида эълон қилинган. Байрам санаси сифатида ўша йили инсонни ўраб турган атроф-муҳит муаммоларига бағишланган Стокгольм конференцияси ўз ишини бошлаган 5 июнь санаси танланган. Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини байрам сифатида нишонлашдан кўзда тутилган асосий мақсад эса ҳар бир одамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишга бош қўшиш истагини уйғотишдир. Бошқача айтганда, Ер аҳолисига барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида фаол ҳаракат қилиш имконини бериш, уларда табиатга тўғри муносабатни шакллантириш, шу билан бирга, ҳозирги кундаги энг глобал масала – атроф-муҳит муҳофазаси йўлидаги муаммоларни ҳал этишда кишилик жамиятининг муҳим куч эканлигини англатишдан иборат. Қолаверса, барча халқлар ва мамлакатларнинг келгусида хавфсиз ва хотиржам келажагини таъминлаш айни шу масалага боғлиқлигига эътиборни тортишдир.
Йиллар давомида мазкур сана мамлакатларда анъанавий ўтказиладиган байрам тусини олиб бораётгани қувонарли. Шу куни йирик шаҳарларда табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган турли акциялар, эколог ва табиатшунослар иштирокидаги тадбирлар, велосипедчилар марафони, “яшил” концертлар ташкил қилинади, ўқув муассасаларида шу мавзуга бағишланган иншолар танлови ўтказилади, дарахт экиш, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ва маиший чиқиндини қайта ишлаш кампаниялари ҳамда шу каби бошқа бир қатор тадбирлар амалга оширилади.
Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ҳар йили маълум бир шиор остида бўлиб ўтади. Шу кунга қадар бу байрам дунё миқёсида “Ягона Ер”, “Сув – ҳаётнинг асоси”, “Фарзандларимиз учун фақат битта келажак бор – йўқотишларсиз тараққиёт”, “Хавфли чиқиндиларни йиғиш, йўқотиш ва кўмиш: кислотали ёмғирлар ва энергия”, “Дунё учун дарахт”, “Ёшлар: аҳоли ва атроф-муҳит”, “Иқлим ўзгариши. Глобал ҳамкорлик зарурияти”, “Ягона Ер – ягона оила”, “Ердаги ҳаёт ҳақи денгизларимизни қутқарамиз”, “Ёввойи табиат учун кураш!” ва бошқа шиорлар остида ўтказилган. 2017 йилги байрам шиори эса “Мен табиат билан биргаман!” деб номланди. Ушбу шиор www.worldenvironmentday.global сайти томонидан БМТга аъзо давлатлар аҳолиси ўртасида ўтказилган онлайн-сўров натижаларига кўра танланган.
Жорий йилда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунининг мавзуси одамнинг табиат билан бирлигига бағишланиб, Ер аҳолисини табиатни ардоқлаш, унинг муҳимлигини тўғри баҳолаш ва сайёрани ҳимоя қилишга чақиради. Бу шиор бежиз танланмаган. Зеро, сўнгги йиллардаги бемисл тараққиёт, шаҳарлашув, “ёпиқ” яшаш масканларида кечаётган ҳаёт инсонни табиатдан анчагина узоқлаштиргани бор гап. Глобал иқлим ўзгаришлари эса кейинги вақтда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солган йирик муаммога айландики, буларнинг олди олинмаса, инсон омили туфайли юзага келаётган жиддий талафотларга чек қўйилмаса, яқин йилларда Ер юзидаги ҳаёт нечоғлиқ катта хавф остида қолиши мумкинлиги ҳам аён бўлиб қолди. Табиат ўз норизолигини ортиқ яширмай қўйган ҳозирги даврда инсониятнинг ягона йўли ўзини ўраб турган борлиқ билан “муроса”га келиш, табиат билан бирлашиш, у билан ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлашдир. Юқорида келтирилган шиор эса шу йўлдаги ҳаракатларни ўзида жамлаган.
Ўзбекистонда ҳам ҳар йили Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни кенг нишонланади. Маълумки, Ўзбекистон БМТ томонидан татбиқ этилаётган айни масаладаги барча тадбирларнинг фаол аъзосига айланган. Ҳар йилги анъанага кўра, бу йил ҳам жойларда экологик ҳафталиклар, ҳудудлар тозалиги, ободлигини таъминлашга қаратилган турли-туман акциялар ташкил этилмоқда. Тадбирлар доирасида аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда атроф-муҳит мусаффолиги билан боғлиқ энг муҳим масалалар – атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, унга парник газларининг чиқарилиши, глобал исиш, маиший чиқиндиларга нотўғри муносабат каби мавзуларда кенг тушунтириш-тарғибот олиб борилмоқда.
Албатта, бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг табиат, атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги қарашларини тўғри шакллантириш, фикрини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Аммо бундай тарғибот ишларини нафақат маълум саналар, бирор-бир байрам кунларида, балки йил давомида узлуксиз равишда олиб бориш талаб этилади. Айниқса, ёшларнинг шу мавзудаги тушунчаларини кенгайтириш, билимларини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалар сирасига киради. Ҳар бир одамда табиат билан тўғри муносабатни шакллантириш, атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшиш истагини уйғотибгина бу борадаги улкан муаммоларга тўғри ечим топиш мумкин.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.