Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

18.10.2021


“МЕН УЧУН БУ СЕРТИФИКАТ ЯНГИ ҲАЁТГА ЙЎЛЛАНМАДЕК”

Қарши шаҳрида яна 39 нафар киши “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ташкил қилинган касб-ҳунар ва тадбиркорлик асосларини ўрганиш курсларини тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлди.

Аввал хабар берганимиздек, бу бепул курслар юртимизда Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Кейинги икки ой давомида уларда 14 нафар ишсиз фуқаро аёллар либослари ва элита пардаларини тикиш ва бичиш, яна 14 нафари қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 11 нафари эса компьютер саводхонлигини ошириш ва офис-менежерлар тайёрлаш йўналишлари бўйича назарий билимлар ва амалий кўникмалар олган.

Сўз – курс битирувчиларига:

Мадина Михлиева (Қарши шаҳридаги Шоҳбекат маҳалласи):

-Уч йил олдин воҳамиздаги олийгоҳлардан бирини тамомлаб, узоқ вақт давомида ишга жойлаша олмай юргандим. Мен иш сўраб борган идораларнинг аксариятида биринчи навбатда “Компьютерда яхши ишлай оласизми?” деб сўрашар, бу борадаги билимларим ўзига яраша эканлигини билгач, рад жавобини беришар эди. Кимгадир ғалати бўлиб туюлиши мумкин, аммо мен институтда ўқиган бўлсам-да, оддийгина офис дастурларида ҳам қийинчилик билан ишлардим. Бу курсларда ўқий бошлаганимдан кейин эса компьютернинг ишончли фойдаланувчисига айландим ва сертификат олишимдан олдин мактабга ишга жойлашдим. Ўйланманки, ўзимга бўлган ишонч – нафақат компьютерда ишлаш пайтида, балки ҳаётда ҳам, айнан “Юксалиш” маркази мутахассислари ёрдами ва психологик кўмагида ошди.

Нилуфар Парманова (Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласи):

-“Юксалиш” марказининг бепул курсларида мустақил равишда 5-6 хил кўйлак ва халат, аёллар костюмлари ва бир неча турдаги пардалар бичиб тикишни ўргандим. Албатта, ўз тикувчилик цехимни очишгача ҳали гап кўп, бунга кўп маблағ ва тажриба керак. Бироқ иш топиш имкони туғилди – буюртма бўйича кўрпачалар, оддийроқ кўйлаклар, бошқа  маҳсулотлар тикаяпман. Шундай экан, келгусида тажриба орттириб ва кредит олиб, ўз бизнесимни бошлаш ниятидан қайтганимча йўқ.

Маржона Эргашева (Шаҳрисабз туманидаги Сайёд қишлоғи):

-“Юксалиш” марказининг бепул ўқув курслари ҳақида маҳаллага иш излаб борган пайтда эшитгандим. Каршига келиб, “Ишга марҳамат” мономарказининг ётоқхонасига жойлашдим ва у ерда бепул икки ой яшадим. Бу ерда яратилган шароитлар офис-менежерлар тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлашимга ёрдам берди, энди эса менда Шаҳрисабз шаҳридаги фирмалардан бирига ишга кириш имкони туғилди. Демак, мен учун бу сертификат янги ҳаётга йўлланмадек.

Малика Аҳмедова (Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғи):

“Юксалиш” марказининг курсларида ўқиб, бир томондан, янада ширинроқ қандолат маҳсулотлари пиширишни ўргандим, иккинчи томондан, ўз бизнес-ғоямни маромига етказдим. Яқин кунлардан қишлоғимиздаги озиқ-овқат дўконлари билан ҳамкорлик қила бошладим, уларга турли хил пишириқлар етказиб бераяпман. Миллий ширинликлар ишлаб чиқариш бўйича оилавий бизнесни йўлга қўймоқчиман ва 15-20 миллион сўм жалб қилиб, замонавий асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича бизнес-режа ҳозирлаб қўйибман. Насиб бўлса, тез орада уни, албатта, ҳаётга татбиқ қиламан.

Шу кунларда Қарши шаҳридаги  “Ишга марҳамат” мономарказида “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган касб-ҳунар ва тадбиркорлик асосларини ўрганиш курсларининг навбатдаги босқичи старт олмоқда.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo