Интернет оламида ҚАШҚАДАРЁ
Бу гапни айтиш учун инсонда қалб, иймон бўлмаслиги керак. Лекин ҳаётда унинг амалий ифодаси бўла оладиган ҳолатлар ҳам учраяпти, афсус.
Гап шундаки, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасига ўзи дунёга келтирган фарзандини қимматроқ нархга сотиш илинжидаги бир аёл харидор қидириб юрганлиги тўғрисида маълумот келиб тушди. Шу асосда бошқарма тезкор ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилиб, Денов туманида кечиктириб бўлмас тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи 27 ёшли Х.С. ўз қарамоғидаги 2 ёшу 7 ойлик вояга етмаган ўғлини Денов тумани Баҳористон маҳалласи ҳудудида жойлашган ошхоналарнинг бирида мижозга 5 миллион сўмга сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида аёлда пушаймонлик, афсусланиш аломатлари кўзга ташланмаганига нима дейсиз?! Унинг пулларни олганидан кейин, келажакда ўғлини умуман изламаслиги, унга фарзанди керак эмаслигини такрор ва такрор таъкидлагани ҳаммасидан ошиб тушди.
Ҳолат юзасидан 2020 йил 3 февраль куни Денов тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати
Таҳририятдан. Уни шу даражадаги қабиҳ ишга қўл уришга нима мажбур қилган? Бунга аёл яшайдиган маҳалла масъуллари, туман хотин-қизлар қўмитаси ўз муносабатларини билдиришар, балки. Чунки ҳудуд одами томонидан бундай қилмишнинг содир этилиши улар фаолиятига ҳам баҳо бериш учун асос бўлади.