Сараланган сатрлар
Дунёнинг энг сара бадиий асарлари ўзбек тилида асосан "Жаҳон адабиёти" журналида бериб борилади. Биласиз, ушбу нашр фаолияти йирик адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов ташаббуси билан йўлга қўйилган. 1997 йилда дастлабки сони ўқувчилар қўлига етиб борган журнал саҳифаларида юзлаб, минглаб сара асарлар эълон қилинди, қилинаяпти. Аммо ўша орада журналда ўзбек ёзувчиси романи эълон қилиниб қолгани катта воқелик, нашр анъаналарига хос бўлмаган ҳодиса эканлиги чин. Асар "Мувозанат" деб аталиб, муаллиф Улуғбек Ҳамдам эди. Озод Шарафиддинов асарнинг жаҳон адабиёти дурдоналари билан бўйлаша олишини англаб, уни чоп этишга жазм этгани кўп таъкидланади. "Жаҳон адабиёти"да асари чиққан ўзбек адиблари сони эса у қадар кўп эмас: Муҳаммад Шариф, Неъмат Арслон, Абдуқаюм Йўлдош шундай эътирофга сазовор бўлишган.
Хуллас, Улуғбек Ҳамдамнинг "Мувозанат"и учун "Ёлғизлик" номли қиссаси пойдевор вазифасини бажарганини айтиш керак. "Ёлғизлик"ни уқиб, "Мувозанат"ни англаш, ҳис қилиш осон кечади. Қуйида эътиборингизга айни шу қиссадан парчалар ҳавола этяпмиз. Ишонамизки, асар мутолаасидан кейин инсон, ҳаёт, санъат ҳақидаги тасаввурларингиз янада бойийди, сайқаллашади.
* * *
Мен кимман ўзи?! Илмий унвон ва мангулик даъвосида ич-этини еб, типирчилаётган кўзбўямачими ёки фақат кашф этишу билиш-билдириш иштиёқида ёнаётган одам-олимми? Мен кимман?? Кўксимда мингта, миллионта жангчи ва мингта, миллионта жанг кетаётир, фақат мен қайдаман ва ким томондаман? Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, эй Парвардигор! Мен турмушнинг арзимас юмушлари орасида қолиб хор бўлдим, мен улардан тўйдим. Мен бандалик ботқоғидан чиқиб кетолмаётган ўзимдан зерикдим. Мен тинимсиз равишда мажбуриятларни, заруратларни бажаришдан сиқилдим. Ниҳоят, менга чумоли каби битта-иккита издан юра-юра ўлиб кетиш алам қилади. Ниҳоят, мен билган бу олам Сенинг бутун қудратинг ҳосиласи эмас! мен сенинг қудратингни кўрмоқ ва кўрмоққа кифоя салоҳият истайман, эй Парвардигор!
* * *
Ҳаёт ва унга интилиш, барибир, мавжудотнинг энг улуғ иши бўлиб қолаверар экан.
* * *
Чиройли ўлим топиш, ўларкан, ўлимга тайёр бўлиш энг муҳим ишимиз эмасми? Менинг эса ўлгим келмайди - ҳар сафар сени ўйлаганимда, сенга дуч келганимда. Сенинг васлинг ўлимникидан гўзалроқ ва жозиброқ туюлади... Лекин қачондир ўлишим кераклигини биламан. Бас, шундай экан, у вақтгача мен сенинг руҳингга кўчиб ўтаман ёки сен менинг. Бунинг фарқи йўқ. Ахир ҳаётда ҳам севишганлар бир-бирининг уйига кўчиб ўтишади-ку - бирга яшаш учун! Ўлим билан юзма-юз келаркан, бир-бировингнинг руҳингга кўчиб ўтиш қандай яхши!..
* * *
Ўғлим қийналиб ўлди... Ўлими олдидан дўхтирлар унинг аъзойи баданига санчилган анжомларини суғуриб: "Ҳозир жони чиқади, сўнг олиб кетаверасизлар", - дейишди. Улар ўзларини худди бизга болани соғ-саломат топшираётгандек тутарди. Ҳаммасини ёппасига бир калтаклай дедиму, Худодан қўрқиб, ўзимни босдим. Боланинг эса ҳа деганда жони чиқавермади. Узоқ кутдик, чамаси икки соатча. Чақалоқ бирдан кўзларини катта очиб менга қаради, гўё мен соҳилдаману, у эса қутурган дарёнинг ўртасида оқиб кетаётгандек қаради, жовдираб қаради. Жоним ҳалқумимга келди. Мен илк бор ўзимни қурбон қилишга тайёр сездим. Ўғлимнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилдим, ичикиб оғридим...
* * *
Уйга келдик, маросим бошланди. Ювишдан олдин аёллар исмини сўрашди, исмсиз кетмасин, дейишди. Биз ҳали исм қўйишга улгурмагандик. Лекин Муҳаммад номли ўғлим бўлишини жуда-жуда хоҳлардим. Болам эса ўлди. Агар исмни унга берсам, менинг ҳеч қачон Муҳаммад отлиғ ўғлим бўлмасди. Бир лаҳза иккиландим, исмни қизғандим... Сўнг аблаҳлигимга ортиқ чидай олмай: "Муҳаммад!!!" - дея бақирдим анчадан буён оғзимни пойлаб турган ювғичларга. Бориб кўпчиликка: "Муҳаммад, ўғлимнинг номи Муҳаммад!" - дея бирма-бир айтиб чиқдим.
* * *
"Ишга кирдим, хотин, ишга!" дейману, ичимда нимадир "жиз" этганини илғаб жимийман... Кейин ошхонага ўтиб деразани очаман-да, кесакисига суянганча қотаман: "Ё тавба! Шумиди, шугинамиди? Осмонўпар қувончимнинг сабаби бор-йўғи ишга кирганлигимми? Наҳотки, менинг каттароқ севинчим бўлмаса? Бор-йўғи иш топибману, худди бутун гуноҳларини Аллоҳ мағфират айлаган бандадек шодланаман! Атиги қорнимизни боқиш воситасини беришибдию, жаннатга йўлланма олган Руҳ янглиғ бахтдан ҳушимни йўқотаман!.. До-о-од, фарёд! Бундан ортиқ хўрлик бўладими?.."
* * *
Наҳотки дунёда ҳақиқат бўлса?.. Бор - зўрнинг зўравонлигию, ожизнинг онасини учқўрғонда кўриши тўғрисидаги ҳақиқат бор дунёда! Қолгани - бўҳтон, ёлғон... Каллакесарнинг ўз қилмишига товон сифатида тиланчининг кашкулига аҳён-аҳёнда танга ташлаши каби жирканчдир қолгани! Ваҳоланки, вақт ўтиб, каллакесар худди шу одам бошини танидан жудо қилиши мумкин!.. Дариғо!
* * *
Мана - мен, ҳей дунё! Кўриб қўй, сен менинг бир лаҳзалик жунбишимга арзимайсан! Менман ўшал Қиммат! Мен! Менсиз жамики диний китобларинг - эртак, Худо ҳақида айтганларининг - сафсата! Баридан мурод - мен! Сен эса мен қолиб - инсон қолиб, кимга ғамхўрлик қиляпсан? Инсонсиз Таврот нимаю Қуръон нима? Улар менинг қалбимга юқибгина қадриятга айланиши мумкин, холос...
* * *
Яшашга интилувчи куч табиатан бешафқат бўлса, бечора одамзодда нима айб? Шоҳнинг ўрнини олиш учун вазир кечалари билан мижжа қоқмай фитна ҳақида бош қотирса! Икки қадрдон дўст бир-бирларининг муваффақиятини зимдан кўролмаса. Кун туннинг кўксини қуёш - атом қуроли-ла чил-парчин этса, тун куннинг орқасидан пичоқ урса! Ботаётган қуёш атрофга қонлари сачраган яра бўлса. Кеча - мотам, қора кийган фурсат эса! Оламдаги жамики нуқсонлар, мусибатлар... инсоннинг яшашга, яшаш учун аввалгисидан авлороқ, қулайроқ имкониятга эга бўлиш йўлидаги қотилликнинг ўчмас излари эса! Ҳаёт инстинкти худди туфлининг тагидан ўтиб оёққа санчилиб азоб бераётган ва киши кайфиятини ўзига боғлаб қўйган мих сингари ҳукмрон эса! Михга эътибор беришга эса кўпинча бизнинг имконимиз, фурсатимиз, ҳушимиз бўлмаса, нима қилайлик?!..
* * *
... Ҳозир эшигимни очиб ўн беш ёшли қиз - паризод кириб келганда эди, мен балки қарғишларимни бир чеккага қўйиб, унга илтифот кўрсатармидим... Тушуняпсанми ўқувчи, ёзувчининг меҳнатию асарларининг қиммати қай даражада эканини идрок этаяпсанми? Ҳеч бир санъат дурдонаси фақат сен учун, сенинг манфаатинг учун ёзилмаслигини пайқадингми, ниҳоят? Дунёнинг моҳияти, ундаги барча эзгу амалларнинг илдизи ҳам шахсий манфаатдорлик булоғидан сув ичишини англадингми?
* * *
...одамзоднинг табиатида янги ва янги нарсаларга эгалик қилиш ҳамда уни кўз-кўзлаш ҳисси мавжуд. Жумладан, эндигина харид этилган нарса инсоннинг ич-ичида вижиллаб тинчлик бермаётган эҳтиросини босади ва у енгил тортади.
* * *
Тўғри, бечоралик, камбағаллик айб эмас, лекин улар айтгандек, фазилат ҳам, қаҳрамонлик ҳам эмас! Фақирлик худди менга калликни раво кўргани каби Аллоҳнинг бандаси юзига тортиб юборган шапалоғидир. Фақат уни биров мукофот, биров мужазот ўлароқ қабул қилади.
Фақирлик - давоси қийин дард. Фақирлик сен томон учаётган ўққа "кўксингни яланғочлаб тут!" амридир. У бағрингда ухлаб ётган имконларингни тунда билдирмай бўғизлаб кетган жаллод! Фақирлик - жон таслим қилаётган ўғлингга сен сотиб олиб беролмаган дори! У - бошқоронғиликда кўнгли мева тусаб, йўлингга илҳақ бўлиб ўтирган хотинингнинг дам умидвор, дам умидсиз нафас олаётган кўзлари!
* * *
Ҳар сафаргидек ўзимни муаммо ичра отдим. Ва бутун борлиғим бўйлаб қон каби югуриб айланаётган фараҳнинг кетидан қувиб етдим. Унга телбаларча саволомуз тикиларканман, ботинимнинг ўзида қандайдир маъно-жавоб туғилиб бораётганини ҳис қилдим. Сўнгра уни тасаввурга кўчирдим - тушундим. Ниҳоят, сўзларга чевирдим: КИШАНГА ТУШГАН ОЁҒИНИ НОИЛОЖ ҒАЖИБ УЗГАН ВА ШУ ТАХЛИТ ҲАЛОКАТДАН ХАЛОС БЎЛГАН БЎРИНИНГ КЎЗЛАРИДА ИЗТИРОБ АРАЛАШ ОЗОДЛИК НАШИДАСИ ЎЙНАЙДИ...
* * *
Мўъжиза! У инсонни тарк этган лаҳзадан эътиборан ақл бовар қилмас ҳалокат бошланади. Фақат жараён аломатсиз касаллик сингари ботинда кечади, кун келиб эса инсонни маҳв этади.
* * *
Умрим - кўприк. Мени аслий ҳаёт томон ўтказиб қўйгувчи восита!
* * *
ГЎЁ БОШИ УЗРА ҚИЛИЧ СЕРПАЛАЁТГАН ЖОНИВОРДЕК ЎЗИМНИ ЧОР ТОМОНГА УРАМАН. АММО БИЛМАЙМАНКИ, НАЖОТИМ ҚИЛИЧДАМИ ВА ЁКИ ҲАР ТАРАФДА?!..
* * *
Ахир, сен эмасми дунёнинг марказига инсонни, инсонга дахлдор оламнинг шоҳсупасига унинг кўнглини қўйган?.. Шундай экан, нега ўзинг ўткинчи икир-чикирларга бунчалар берилдинг? Кўнгилдан, уни суяб турган устунлардан хабар олмоқдан чалғидинг, ғафлатдами қолдинг? Ахир, кўрмаяпсанми, одамлар бирин-сирин ўққа учаётган жангчилар мисол майдонни - бу дунёни тарк этмоқдалар. Ҳатто кечагина қучоқлашиб суратга тушганинг икки оғайнинг бу кун йўқ. Ажал ўқи икки ёнингдаги икки навқирон йигитлар жонига ачинмаган экан, ўртадаги сенинг жонингни аяйди деб ким кафолат бера олади? Ахир, ота-онангнинг жонлари ҳам худди сеники каби бир нишон-ку. Нечун омонатга бунча ишонасан, унга ружу қўйиб, мангу яшайдиган борлиқ янглиғ дунёга кўз соласан!.. Тўхта, биродар! Қўл-оёқларингга кишан ур, токи, улар фикрларингни зиндонбанд этмасинлар! Сен барча чораларни кўр-да, моҳиятингга назар сол: нималар қилишинг зарур эдию, нималар билан умрингни ўтказиб юрибсан, бил!..
Б.ЎКТАМ тайёрлади.