Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

26.12.2016


МЕНИ АЖАБЛАНТИРГАН САВОЛ

 

Қани эди имконият туғилсаю, уни юртимизга таклиф этиб, бу ерларни томоша қилдирсам. Бизнинг гўшада нафақат кундуз куни, балки тунлари ҳам осудалик ҳукм суришига гувоҳ бўлса, кўчаларда сайр қилиб юрган одамлар кўзидаги шоду хуррамлик, бугунги ҳаётидан мамнунлик, эртанги кунга бўлган ишончни кўрса. Ўшанда унинг тасаввури буткул ўзгарган бўларди.

Дерекнинг бу саволидан бир жиҳатдан хафаям бўламан. Бир томондан бугунги дориломон замонда, саодатли кунларда шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимни ўйласам, беихтиёр қувончга тўламан. Биринчи Президентимиз Ислом  Каримов мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ халқимизнинг эртанги куни бундан-да фаровон бўлиши, юртдошларимиз учун порлоқ келажакни таъминлаш ҳақида жон куйдиргани, бу эзгу мақсадни энг аввало Асосий қонунимиз - Конституцияда мустаҳкамлаб қўйганига амин бўламан. Конституциямизнинг 125-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун  тузилади”, дея қатъий белгилаб қўйилган.

Бир вақтлар мактабда бу моддаларни ёдлаганман, аммо уларнинг залворини, қанчалик чуқур маъно ва мазмунга эга эканлигини, ана шу жумлалар замирида юксак фаровонликка эришиш, юрт тинчлиги ва осудалиги, барқарор хавфсизликни қарор топтириш истаги мужассам эканлигини бугунгидек теран ҳис этмаган эканман. Аслида мамлакатимиз миқёсида қўлга киритилаётган барча оламшумул ютуқлар жонажон Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик, одамлар кўнглидаги хотиржамлик мевасидир.

- Конституциямизда Республикамиз Қуролли Кучларининг вазифалари аниқ ифодалаб берилган, - дейди Жануби-ғарбий алоҳида ҳарбий округ ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия майори Акмал  Абдураҳмонов. – Бош қомусимизда мустаҳкамланган ушбу тамойиллар амалга тўла татбиқ этилган. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ҳарбий салоҳиятини, мудофаа қобилиятини юксалтиришга қаратилган бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, соҳада кенг қамровли тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Жисмонан ва маънан баркамол ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз сарҳадларини ҳар қандай душмандан муҳофаза этишга қодир, юртимиздаги осуда ҳаётни муносиб ҳимоя қила оладиган том маънодаги профессионал армия сифатида шаклланиб бўлган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари қатор халқаро рейтингларда ҳам юқори ўринларда эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, 2015 йилнинг сентябрида “Global Firepower” сайти экспертлари томонидан эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон армияси дунё мамлакатлари армиялари орасида 54-, МДҲ мамлакатлари ўртасида эса 3-ўринга муносиб кўрилган бўлса, Марказий Осиёда энг кучли армия, дея баҳоланган.

Шулар ҳақида ўйлар эканман, балки Дерекда ҳам айб йўқдир, деган хаёлга бораман. Чунки ҳозирги даврда дунёнинг турли бурчакларида турли гуруҳлар, адоватлашувчи томонлар ўртасида уруш, жанжал, низолар, қуролли тўқнашувлар рўй бермоқда. Булар ҳақида ҳар куни эшитиш биз учун одатий ҳолга айланиб бормоқда. Ҳатто ўша ривожланган Америкаю Европада ҳам қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлаётганидан хабардормиз. Жаҳондаги бир неча юз миллионлаб инсонлар учун тинчлик, фаровон ҳаёт фақатгина орзу бўлиб қолмоқда. Улар ҳар қадамда қандайдир хунрезликка дуч келиши мумкинлигини ҳис этиб туради, юрагини ҳовучлаб кун кечиради. Ён-атрофимиздаги мана шундай вазиятлар тинчликнинг қадрини янада чуқурроқ англатгандек бўлади.

Шунда бундан роппа-роса йигирма тўрт йил муқаддам Бош қомусимизнинг тегишли моддасида битилган “давлат суверенитети”, “ҳудудий яхлитлик”, “аҳолининг тинч ҳаёти”, “хавфсизлик”, “ҳимоя” сингари сўзларни тилга оламан. Бугунги осуда ҳаётимиз кафолати қонуний асосда мустаҳкамлаб қўйилгани ва бу қоида амалда ҳам яққол ўз ифодасини топгани менга таскин беради.

ЖАҲОНГИР

Report typo