Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

26.09.2024


МЕНИНГ БИРИНЧИ ЎҚИТУВЧИМ

 

 


Бугун Қашқадарёда 1 минг 286 та умумтаълим ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 16 таси  Президент, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда 24 таси хусусий мактаб ҳисобланади.


Устозларга таъзим

Ҳар бир инсоннинг хат-савод чиқариши, атроф-олам ҳақида илк таассуроти, дунёқараши шаклланиши, шахс сифатида юзага чиқишига маълум тоифа кишиларнинг меҳнати сингади. Булар - устоз-муаллимлардир. Бугун жамиятда, халқ орасида шуҳрат-обрў қозонган, юқори мартабага эга, юртда танилган машҳурлар ҳам илк сабоқни муаллимдан олган. Уларнинг ҳозирги даражага етиши, юксак мавқе эгаллашида устозларининг маълум ҳиссаси бор. Ҳокимлик мансабида ўтирганлар, катта раҳбарлар, санъат ва маданият арбоблари, элимиз ардоғидаги соҳа жонкуярлари - хўш, уларни ким ўқитган? Илк таҳсилни қаерда олган? Ўз муаллимларини қандай хотирлайди? Қуйида шу ҳақда сўз боради.

Вилоят ҳокимини ким ўқитган?

Айни пайтда Қашқадарёга раҳбарлик қилаётган Муротжон Азимов илк сабоқни қаерда олган ва унинг биринчи ўқитувчиси ким?

Маълумотларга кўра, вилоят раҳбари 41 йил муқаддам Китоб туманидаги Жайрахона қишлоғида жойлашган, ҳозирги 49-мактабга 1-синфга ўқишга қабул қилинган. Биринчи ўқитувчиси - Гулжаҳон Тўраева.

- 1983 йилда Шаҳрисабз педагогика техникумини тамомлаб, мактабга ишга келганимда, 1-синф раҳбарлигини ишониб топширишган, - дейди муаллима. - Ўқувчиларимнинг кўпчилиги олий маълумотли    кадрлар бўлиб етишишди, бугун турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда. 35 йил шу соҳада ишладим. Икки фарзандим тадбиркор, бири боғчада тарбиячи. Ёшлигимдан адабиётни яхши кўрардим, Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев асарлари жону дилим эди. Шеъриятга меҳримни билиб, Муротжон Азимов бир гал Муҳаммад Юсуф шеърлари тўпламини совға қилган. Умуман, шогирдларимнинг жамиятдаги ўрни ва менга муносабатидан мамнунман. Байрамлар, турли тадбирларда канда қилмай йўқлашади.

"Беш ёшимда мактабга борганман"

Аввалига Китоб туманига ҳоким бўлган, 1995 йилдан 1998 йилгача эса Қашқадарё вилоятига раҳбарлик қилган Озод Пармонов ўзига хат-саводни ўргатган биринчи муаллими ҳақида билдирган фикрлари қизиқ, албатта:

- Устозимизни Боймат Мелиев дейди. Бизни бошланғичда ўқитганлар. Яхши эслайман, 1955 йили Қамаши туманидаги ҳозирги 3-мактабга биринчи синфга борганман. Ўшанда 5 ёш, синфда энг кичиги эдим. Шунгами, муаллимим менга алоҳида эътибор берарди. Бизни яхши ўқитган. Халқ орасида ҳам ҳурмати баланд эди.

Бир қизиқ воқеа бўлган. Янги дафтар тутганмиз. Эски дафтардаги 5 баҳони қирқиб, янгисига ёпиштирганман. Буни кўрган ўқитувчим бирйўла ҳаммасини кўчириб қўймабсан-да, деб дакки берганлар.

Боймат Мелиев таълим берган кўп ўқувчилар олим, катта раҳбар бўлиб етишди. Байрамларда у кишини йўқлашни канда қилмасдик. Охиратлари обод бўлсин.

Мурғак тасаввурдан - Миллий гвардиядаги масъул лавозимгача...

Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, полковник Умид Азимов илк устози ҳақида шундай фикр билдиради:

- Бундан 39 йил илгари Шаҳрисабз шаҳридаги 3-умумтаълим мактабига қадам қўйганман. Устозимиз Тишунина Раиса Ивановна нафақат хат-саводимиз чиқишида, балки  мустаҳкам иродали, юртга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишишимизда борини аямаган. Устозимизнинг "Болаларим, дунёдаги энг бахтли ва бахтсиз кимса ким, биласизларми? Энг бахтли одам шуки, Ватани учун жонидан кечишга-да тайёр бўлади. Бахтсиз эса ватангадо инсондир", деган гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Шу фикрлар таъсирида, Ватаннинг содиқ ўғлони бўлиш ниятида Ички ишлар вазирлиги Академиясида, унинг раҳбар ходимлар тайёрлаш Олий курсида таҳсил олдим. Барча ютуқ ва юқори натижаларим учун биринчи устозимдан миннатдорман.

Шогирд дегани генерал бўлса...

Ҳар бир ниҳол кўкка бўй чўзиши учун уста боғбон керак бўлганидай, инсон камол топиши, юқори ютуқ, натижа, даражаларга эришишида устознинг ўрни беқиёс. Зеро, мутафаккир Гелвеций айтганидек, яхши тарбия миллатнинг буюк одамларини кўпайтиришга, қолган фуқароларни эса соғлом фикрли ва ақлли қилиб етказишга қодир.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Ҳамдам Қаршиев 1970 йилда Шаҳрисабз туманининг Хитой маҳалласида туғилган. 1977 йилда Оммоғон қишлоғидаги Абдулла Қодирий номли мактабга 1-синфга ўқишга борган.

Генерал-майор Ҳамдам Қаршиевнинг илк устози - Турдиқул Мураталиев. Устоз бугунги кунда кексалик гаштини сурмоқда. Юқори натижаларга эришаётган шогирдлари эса унинг ва у каби жонкуяр устозларнинг заҳматли меҳнатлари самарасидир.

"Барон"нинг устози ким?

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, халқ орасида "Барон" деб ном чиқарган, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатаётган, актёр, режиссёр Исоқ Тўраев мактаб даври ҳамда устозларини шундай эслайди:

 - 1966 йилда Шаҳрисабз тумани Шанбе қишлоғидаги ҳозирги 29-мактабга 1-синфга қадам қўйганман. Илгари мактабимиз Ибн Сино номи билан юритиларди.

Устоз ҳақида гап кетса, география ва мусиқа фанларидан дарс берган ўқитувчимиз Актам Авлаевни алоҳида тилга олган бўлардим. Ўқитувчим ҳаётимда ўчмас из қолдирган, десам адашмайман. 2-синфда ўқиб юрган пайтимиз эди, устозим қўлимга соз тутқазган. 3-синфда эса илк бор саҳнага чиқарган. Ўшанда "Мафтунингман" фильмидаги сартарош Али ролини гавдалантириб, "Жонгина дилим касбим ўзи сартарош" деб бошланувчи машҳур қўшиқни ижро этганман.

Актам Авлаевнинг алоҳида хислати - ўқувчилар билан ишлашни яхши биларди. Биз билан худди катталардек гаплашарди...

Олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларимиз эса марҳум санъаткор Яйра Абуллаева устозлик қилганлар.

Бугунги ютуқларим замирида шу инсонларнинг ҳиссаси катта, дея ишонч билан айта оламан.

"Ўқитувчимизнинг талабчанлиги сабаб барча синфдошларимиз ҳаётда ўз ўрнини топган"

Нафақат воҳамиз, балки республикадаги йирик саноат корхоналаридан бири саналган Шўртан газ-кимё мажмуаси раҳбари Шуҳрат Асланов мактаб даврини шундай эслайди:

- 1984 йили мактаб остонасидан илк бор ҳатлаганим эсимда. Қарши шаҳридаги 10-мактабга борганман. Бизни меҳридарё инсон - Патти Амирқулова ўқитувчимиз 1-синфга қабул қилиб олганлар. Ўттиз нафар бола эдик. Талабчан ва доим оналарча ғамхўр муносабатда бўлганлар бизга.

Ушбу меҳнатлар зое кетмади. Мактабни кўпчилигимиз аъло баҳога битирдик. Бугун эса халқ хизматидамиз.

"Биз Сизга хазинамизни ишониб топшираяпмиз..."

Комила Карамова, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари:

- Биринчи устозим, муаллимам Рисолат Бозоровани кечагидек эслайман. "Болажоним мана бу сенинг партанг, бу ерда эса ошхона, мана бу ерда..." Муаллимам қўлимиздан ушлаб мактаб билан таништирганлари кўз ўнгимдан ўтади. Ўшанда биринчи синфда 40 нафар ўқувчи ўқир эдик. У маҳаллар ўқувчилар ҳозиргидек мактабга ўқиш-ёзишни билиб келишмас эди.

Эсимда, ҳар хафтанинг пайшанба куни синфдан ташқари ўқиш соати бўлар эди. Шу куни ўқувчилар ўқиган китоблари, ёдлаган шеър-эртакларини айтиб беришар эди. Муаллимамиз янги китоб ўқиган ўқувчини рағбатлантирар, келаси ҳафта ана шу рағбатга сазовор бўлиш учун ҳаммамиз кутубхонага шошар эдик. Энди ўйласам китобга, адабиётга қизиқишимизда Рисолат опанинг ҳиссалари катта бўлган экан.

 ...Йиллар ўтаяпти. Бугун Рисолат муаллимамиз орамизда йўқлар. Аммо у қалбимизга ёққан чироқ бугун йўлимизни ёритиб турибди. Минглаб шогирдлари ҳаётда ўз ўринларини топгани учун устоз хотирасига таъзим қиладилар. Бугун набираларимни мактабга олиб борар эканман, биринчи устозлари Рисолат Бозоровага ўхшашларини жуда-жуда ният қиламан. Чунки болаларимизнинг эртанги куни бугунги муаллимларга боғлиқ. Шунда беихтиёр муҳтарам Президентимизнинг муаллимларга айтган сўзларини эслайман: "Биз Сизга хазинамизни ишониб топшираяпмиз..."

Б.САЙФИЕВ ёзиб олди.

Report typo