Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Қашқадарё ва Фарғона вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий техника ва қурол-яроғ ҳамда малакали ҳарбий кадрлар билан таъминланган, мамлакатимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир профессионал миллий армиямиз шакллантирилгани алоҳида таъкидланди.
Миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш бугун ҳар бир йигит учун юксак шараф ишига айланди. Ҳарбий хизматга жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлар саралаб олинмоқда, намунали хизмат қилган аскарларга олий ўқув юртларига кириш учун имтиёзли тавсияномалар тақдим этилмоқда.
Мулоқотда ота-оналар ўз фарзандларининг ҳарбий хизмат давридаги ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар ҳақида суҳбатлашди. Аскарлар ҳарбий хизматни кўнгилдагидек ўтаётгани, ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштириши, жисмоний чиниқиши учун яратилган имкониятлар ҳақида фахр билан сўзлаб берди.
- Тўртта ўғлим ҳам Ватан олдидаги йигитлик бурчини шараф билан адо этганидан мамнунман, - дейди Қарши тумани Чароғил қишлоғилик Норхол Мустаева. - Бугун кенжа ўғлим Ёқубжонни, у билан хизмат қилаётган йигитларни кўриб, ғурурланиб кетдим. Юрт ҳимояси - мардларнинг иши. Ўғлим анча улғайибди, дунёқараши ўсибди, қатъиятли бўлибди. У яхши хизмат қилаётгани учун бизга фахрий ёрлиқ беришди. Бундан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ташкилотчиларга барча оналар номидан миннатдорлик билдираман.
- Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, - дейди Фарғонанинг Учкўприк туманидан келиб вилоятимизда хизмат бурчини адо этаётган Рўзиали Икромалиев. - Ҳарбий хизмат менинг ҳаётга муносабатимни ўзгартирди, тафаккурим кенгайди, билимим, малакам ошди, анча чиниқдим. Ҳарбийча тартиб-интизомга ўргандим. Келгусида олий ўқув юртига ўқишга кириб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.
Тадбирда муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаётган аскарларга китоблар жамланмаси тақдим қилинди. Шунингдек, ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилди, таниқли санъаткорлар томонидан Ватан, она, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Мазкур тадбир аскарлар ва уларнинг яқинларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, аскар акалари билан видеомулоқотда бўлган ёшлар қалбида ҳарбий хизматга ҳавас, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Б.ЎКТАМ
* * *
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
С.НАРЗИЕВ олган суратлар.