Сайловга тайёргарлик жараёнида сайловчилар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган ёшларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этилаётган турли тадбир ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилаётган тарғибот чиқишлари ёшларнинг сайловга оид билимини бойитишга хизмат қилмоқда.
- Маҳалламиз туман марказидан анча олис, Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган, - дейди Нишон туманидаги Тинчлик МФЙ раиси Алишер Бегалиев. - Шунга қарамай юртимизда навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, истеъдодини юзага чиқариш, жаҳон андазалари даражасида билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлардан ҳеч бир ёш четда қолаётгани йўқ. Қувонарлиси, ёшлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган жараёнларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Буни жорий йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик жараёнида ҳам кузатиш мумкин.
- Сайловда биринчи маротаба иштирок этаман, - дейди Нишон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зилола Маркаева. - Турли тадбирлар орқали мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилигига доир билимларимизни ошириб бораяпмиз. Ватанимиз тараққиёти, тинчлик-осойишталигимиз, мамлакатимиз истиқболига ҳисса қўшадиган, халқимиз, хусусан, биз, ёшларнинг келажагимиз учун қайғурадиган, юрт тақдири учун фидойи бўлган муносиб номзод учун овоз беришни ният қилганмиз.
Албатта, ёшларимизнинг мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслиги уларнинг дунёқараши кенг, ўз фикри ва муносабатига эга, Биринчи Президентимиз орзу қилганидек, том маънода баркамол авлод бўлиб шаклланаётганидан далолатдир. Шундай экан, ўз юрти ва унда юз бераётган ижтимоий- сиёсий воқеаларга бефарқ бўлмаган, ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлаган ҳар бир ёш сайловда фаол иштирок этади.
ЖАҲОНГИР