Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • “Mening uyim” ахборот тизими истеъмолчилар учун ҳам, бошқарув сервис компаниялари учун ҳам қулайликлар яратади

01.04.2022


“Mening uyim” ахборот тизими истеъмолчилар учун ҳам, бошқарув сервис компаниялари учун ҳам қулайликлар яратади

Юртимизда тест режимида ишга туширилган “Mening uyim” ахборот тизими кўп квартирали уйларда яшовчи истеъмолчиларга, бир томондан, коммунал хизматлар ҳақини навбатда турмасдан, электрон усулда, қулай ва ишончли тарзда тўлаш, иккинчи томондан, тўланган маблағларнинг бошқарув сервис компаниялари томонидан айнан қайси йўналишлар бўйича сарфланганини кузатиб ва назорат қилиб бориш имконини беради.

Бу ҳақда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида воҳамиздаги журналистлар ва блогерлар учун ўтказилган тақдимот пайтида сўз юритилди.

Бошқарма бошлиғи Улуғбек Эрназаров ва бошқа мутасаддилар иштирок этган бу тадбирда бугунги кунда “Mening uyim” ахборот тизимида  вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги аксарият кўп квартирали уй-жойларга оид маълумотлар базаси хонадонма-хонадон шакллангани ва мазкур база солиқ ва кадастр органлари ҳамда нотариал идоралар тизимлари билан интеграциялашгани қайд этилди. Истеъмолчилар мазкур тизимда тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, кўрсатилаётган хизматлар учун қайси тариф бўйича айнан қанча маблағ тўлаш лозимлигини билиб олишлари ва тўловларни онлайн-тарзда амалга оширишлари мумкин.

-“Mening uyim” ахборот тизимининг бошқарув сервис компаниялари учун қулайлиги эса шундан иборатки, энди улар ҳар бир абонентнинг ҳисоб рақамини алоҳида юритмайди, - деди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича бош мутахассиси Муҳриддин Абдуллаев. - Тўлиқ автоматлаштирилган тизим тўловлар миқдорини ўзи ҳисоблаб чиқаради ва бу ҳисоб-китобларда хато кетишининг олдини олади.

Тақдимотдан сўнг тадбир иштирокчилари Қарши шаҳридаги Табассум ва Амир Темур маҳаллалари ҳудудида жойлашган 54 та кўп қаватли уйда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатувчи “Rashidobod professional boshqaruv kompaniyasi” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти билан яқиндан танишишди.

Журналистлар ва блогерлар тажрибали тадбиркор Абдувоҳид Норқулов раҳбарлигидаги мазкур компаниянинг моддий-техник базасини кўздан кечиришар экан, диспетчерлик пункти, қурилиш-таъмирлаш ва аҳолига коммунал-техник хизматлар кўрсатиш бригадалари ишига ҳам баҳо беришди. Аҳолининг ушбу бошқарув сервис компанияси томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини тинглашди.

Тадбир доирасида журналистлар, блогерлар ва коммунал соҳа вакиллари Қарши шаҳридаги Шарқ кўчаси бўйлаб биргаликда мевали дарахт кўчатларини экишди.

Report typo