Ёз оқшомлари сомонсувоқ супада ака-укалар онамизнинг бир томонида, опам ва синглим иккинчи томонда ёшимизга қараб тизилиб ётамиз. Уйқуга кетгунимизча навбатма-навбат катталар эртак айтишади, бир муддат ҳамма истакларинг ижобат бўладиган сеҳрли эртаклар олами барчамизни бор қайғу-ғами, пировард натижадаги қувончи билан ўз оғушига сингдириб олади. Тун узун, эртаклар саноқли, кимдир янги эрмак топади:
- Қани, етти қароқчини ким биринчи кўрсатиб беради?
Аслида у дастлаб етти қароқчини кўзи билан мўлжалга олган, сўнгра янги ўйинни таклиф этган бўлиб чиқади.
- Етти оға-ини, етти юлдуз, етти маротаба санасанг савоб бўлади...
Ўйиннинг энг оғир шарти шу сўзларни нафас олмасдан етти бор такрорлаш керак, бир зумда қий-чув бошланиб кетади:
- Эй, ғирромлик қилма, нафас олдинг-ку.
- Ўйиндан чиқсин.
- Энди менинг навбатим.
Эрмаклар ўрин алмашинаверади, ҳар ўйин ўзгарганида сафимиздан кимнидир уйқу элитган бўлади. Кенжатой укамнинг кўзи илинганидан фойдаланиб онамнинг иссиқ қучоғига кираман, негадир менинг кўзларим юмилишига юлдузлар жимири йўл қўймайди. "Вой-бў, бунчалик кўп бўлмаса улар", осмоннинг қайсидир буржидаги юлдуз чақиндек кўк бағрига из солиб сўнади.
- Уф-ф, - дейди онам чуқур хўрсиниб, - ҳарна кофирнинг бошига бўлсин-да.
- Нега ундай дейсиз, - сўрайман қизиқсиниб.
- Айтишларича, фалакда ҳар кимнинг ўз юлдузи бўларкан, кўкда юлдуз учганда қайсидир инсоннинг ҳаёти поёнига етармиш.
Онамнинг мулоҳазалари сабаб фалакдан ўз юлдузимни қидириб бошлайман, бошқаларидан шуъладорларини отамга, ака-укаларимга, опам ва синглимга тақсимлайман, негадир ҳар гал энг ёрқин юлдуз онамники бўлиб чиқаверади, гўё таратаётган нури волидам алласига монанддек, ярим тун иссиқ бағир ва шу жимир сеҳрида уйқуга кетаман...
Орадан йиллар ўтди, улғайдим, уч ўғил, уч қизнинг отасиман, қай кундир иситмам ошиб ётиб қолдим, туни билан алаҳлаб уйдагиларга тузук уйқу бермабман, тонгга яқин кўзим илинибди, юзимни силаган ғадир-будир, аммо меҳрибон илиққина кафт тафтидан кўз очаман - онам:
- Яхши бўлиб қолдингми болам, ўзингга қараб, иссиққина кийиниб юрмайсанми?..
Онам жони ачиб нималарнидир гапирарди, мен эса ўзим учун азиз ва мўътабар зотнинг чуқур ботган кўзларидан, бироз сўлғин тортган чеҳрасидан ниманидир излаб тикиламан ва топаман, беихтиёр шивирлайман: "Рост экан".
Ишга отланаётганимда кенжа қизим:
- Дада, момом касал ётибдилар, - деганди.
Мен эса индамайгина йўлимга кетган, кўп ўтмай унинг айтганларини унутгандим. Ҳар кун ҳовлига ким неча бор кириб чиқсам-да, онамнинг ҳужрасига бурилиб, хабар сўрашга бир муддатгина вақт топмабман-а, ўз волидаси қадрига етмаган фарзанд, мен кимман ўзи? Балки "Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада" деганлари шудир. Онам ҳаётининг сўнгги даврларида мен билан бир ҳовлида яшадилар. У киши қизим билан яшайдиган уй олдида отамерос ёғоч сўри бўларди, гоҳ иш, гоҳ гап-гаштакка берилиб, ҳар кун тун яримлаб қолганда оёғим йиғиларди. Шундай пайтлари уйга қайтиб келгунимча онам раҳматли хоҳ совуқ, хоҳ иссиқ бўлсин сўрида чўмичдеккина бўлиб ўтирар, балки гоҳида мургилаб ҳам олармиди, аммо оёқ товушим эшитилганидан:
- Болам, соғ-омон келиб қолдингми, бунча кеч изғиб юрмасанг, қаерда эдинг, - деб сўрарди.
Баъзан у кишининг ҳадеб тергайверишидан энсам қотарди:
- Энди ёш боламидим, мени бўри ермиди, ётмайсизми набирангизни қучоғингизга олиб.
- Ҳаҳ, болам-а, отанг ўтгандан буён сенга суяниб қолганман, эркаксиз уйда тинч ухлаб бўлармиди.
Онамнинг бу сўзлари замирида нима ётганини энди - набиралар орттириб англадим, тўнғич ўғлимда менинг ёшлигимдаги каби улфатбозлик хислати бор, негадир у оёқ йиғилар вақтдан кеч қолса гоҳ мен, гоҳ онаси бир-биримизга сир бой бермай кўча қараб келаверамиз, ўзини кўргач ёки дўққиллаб ўтган оёқ товушларини эшитгачгина кўнглимиз тинчийди...
...Кечки пайт, фалакда юлдузлар бир-бирига кўз қисиб ўйнашар, аммо дилда олдинги туйғу йўқ, уларга бефарққина қарайман, етти қароқчи ҳам, энг ёрқин сайёралар ҳам назаримни тортолмайди, ўз юлдузимни ҳам қидирмайман, мен уни аллақачон кашф этган ва йўқотишга ҳам улгурган эканман, у бир умр ёнгинамда гоҳ сезилиб, гоҳ сезилмай менга ҳамроҳлик қилган экан: ОНАМ МЕНИНГ ЮЛДУЗИМ ЭКАН...
2
Кечқурунлари болаларим момосининг ёнига эртак эшитгани шошилишарди. Бобоси ҳақидаги ҳикояларни ҳам шу чоғларда эшитишган:
"Майли болажонларим, эшитинглар. Ўшанда олтмиш саккизнинг охири, олтмиш тўққизнинг боши жуда қурғоқчил келди. Декабрь, январь ойлари ўтибди ҳамки, бир томчи ёғингарчиликдан дарак йўқ, гўё куз, қиш ҳам ёзнинг давомидек иссиқ. Бобонгиз кечалари уч-тўрт маротаба кўчага чиқиб осмонга термулади, уйга кириб уф тортади:
- Онаси, бундай аҳволда экин-тикин, чорванинг ҳоли нима кечади?
- Ҳали қиш чиққани йўқ-ку, қор-пор ёғиб қолар, - тасалли берган бўламан.
Чиндан ҳам олтмиш тўққизнинг февраль ойи бошида кутилмаганда ҳаво кескин совиб, паға-паға қор ёғди. Бирам ёғди, бирам ёғди, қорнинг дастидан кўчага чиқолмай қолдик. Тунлари изғирин ув солади.
Ёш болалар бир парча қуёшга зор, деразадан кўчага термулишади. Хуллас, баҳорнинг ташрифи кечикиб кетди. Бир куни бобонгиз Қаршига, "обком"нинг йиғилишига кетиб, тун ярмида қайтди. Юзлари сўлғин, кайфияти тушкун.
- Нима гап, тинчлик эканми, - ташвишланиб сўрадим.
- Тинчлик қаерда, тоғларнинг қори эрий бошлабди. Чимқўрғон сув ҳавзасининг қулаш хавфи бормиш. Шунинг учун ҳавзанинг сувини Қашқадарё орқали бизнинг чўлларимизга оқизишга қарор қилишди. Помуқ сув остида қолиш хавфи бор, кўчасизлар дейишяпти. Ўзингдан раҳбар чиққанига нима етсин, биргина Маҳмашо Оллаёров "У ерда ҳам халқ бор, тарқатиб бўладими", деб қаршилик кўрсатди. Йиғилишдан сўнг менга "Сизлар бардам бўлинглар, одамлар ваҳимага тушмасин, сув қишлоқнинг атрофидан айланиб ўтадиган қилиб дамба кўтариш керак. Мен катталар билан гаплашиб, қўшимча ёрдам сўрайман. Барибир асосий оғирлик ўзларингизга қолади, элни оёққа турғизиш керак", дея тайинлади.
Шу-шу қишлоқдан ором қочди, ишга яраган банда борки, саҳармардондан кетмон, бел кўтариб сув келадиган йўлга тўғон босишга кетади. Бири-биридан қўрқинчли миш-мишлар тарқади: "Сув беш метр баландликда келаётганмиш", "Помуқнинг ўрни сув ётоқ бўлармиш". Ҳамма кун санайди, туни билан одамлар навбатчилик қилишади. Ҳар эҳтимолга қарши қишлоқ чеккасидаги Жуҳут, Чуқурқўл маҳаллаларидаги айрим оилалар ичкарироқдаги хонадонларга кўчириб келтирилди. Билмадим, таҳликали кунларнинг нечанчисидир бобонгиз уйга келди, озиб-тўзиб кетган, кўзлари уйқусизликдан киртайган, аммо нимагадир севинаётганларини сезиш мумкин эди:
- Бўлди, хавфнинг катта қисми ортда қолди, энди қишлоғимизни сув босмайди.
Бобонгиз бошқа ҳеч нарсани айтмади, орадан вақт ўтиб Ўрин шофёр ўшанда нима гап бўлганини айтиб берганида рости юрагим орқага тортиб кетди. У пайтлар хўжалик маркази Жейнов қишлоғида эди. Бу ерга келган катталар хўжалик раҳбарларидан (бобонгиз ҳам улардан бири) Помуқ аҳолисини хавфсизроқ жойларга кўчишга кўндиришни талаб қилишар, бобонгиз эса сувни Чандир захкашига очиб юборишга рухсат беришларини, шунда қишлоқ устидаги хавф бартараф бўлишини тушунтиришга уринаркан.
- Навбатдаги даҳанаки жангдан Янгибой ака ҳафсаласи пир бўлиб чиқди, - деб ҳикоя қилганди Ўрин шофёр. - Кабинага ўтиргач бир уф-ф тортди-да, "Дунёнинг ишларини қаранг Ўринбой, бир захкашни минглаб одамлар яшайдиган қишлоқдан афзал кўришаяпти", деди.
Иковлашиб Помуққа қайтишибди. Жейновдан қишлоғимизга ўтадиган барча йўлларни аллақачон сув босган, фақат Чандир захкаши олдига босилган тўғондан ўтиш мумкин экан. Машина захкашдан пастга тушгач, бобонгиз шофёрдан бир дақиқага машинани тўхтатишини сўрабди.
- Агар мени тўлқин тортиб кетса чиқараман деб уринма, қишлоққа хабар бер, - тайинлабди бобонгиз захкаш устига пиёда кўтариларкан.
Ўрин шофёр бобонгизнинг нима қилмоқчилигини билмай қотиб турганида, у киши беш панжаларини ботириб захкашнинг у четидан-бу четигача из қилибдию, орқасига қараб қочибди.
Панжа изларидан ўтган кўпириб турган сув захкаш олдига кўтарилган тупроқни бир ҳамлада ағдариб, оқимга йўл очибди.
- Янгибой ака сал ҳаяллаганларида тўлқин оқизиб кетиши ҳеч гап эмас эди, - дейди Ўрин шофёр.
Шундай қилиб бобонгиз қишлоқни емиришга шай турган сувни захкашга оқизиб юборган экан.
...Бу гурунгни болалик йилларимиз биз ҳам кўп эшитгандик, мана энди болаларим тинглаб турганидан ифтихор ҳисларини туйиб уйқуга бош қўяман.
3
Беланчакнинг ғижирлаши уйқумни қочирди.
- Нима гап, онаси, - сўрадим бетоқат бўлиб беланчак тебратаётган хотинимга.
- Келинингиз боласини бериб кетди, ухламаётган эмиш.
- Қулоғи оғригандир.
- Боя пешинда қўшнимизнинг келинига илтимос қилиб, қулоғига сутини соғдиргандим.
- Боласи ўғил эканми?
- Қиз шекилли.
- Қизнинг сути қизга наф келтирмайди, ўғилли келин топиш керак эди.
Хотиним уйқу аралаш минғирлади:
- Сут бўлса бўлди-да бобоси...
Яна хотираларим кўз ўнгимда гавдаланади. Ўшанда укам бешик ёшида эди. Тоғамнинг хотини биғиллаб турган чақалоғини кўтариб келди:
- Навбаҳор опа, болам ҳеч тинчлик бермаяпти.
Онам чақалоқни бағрига босди:
- Болам, - деди у киши менга қараб. - Қозондаги чучитилган ёғни олиб кел.
Югургилаб даҳлиздан чучитилган ёғ солинган идишни кўтариб кирдим.
Онам кенг енгларини шимариб, идишдан бир қошиқ чамаси кафтларига олди, кейин чақалоқнинг кўйлагини кўтариб, қўллари билан ишқалашга тушди. Биғиллаб йиғлаётган жужуқча бир муддат кафт тафтиданми тиним олди, кейин негадир тағин йиғлашга тушди.
- Болангнинг қулоғини оғритиб қўйибсан-да эгачи. Вой қизгинам-а, сени шунчалик азоблаб қўйишдими?
Онам чақалоқни ёнбошлатиб, қулоғига сут соғди. Дунёни бузиб ўтирган чақалоқ бир зум лабларини буриб турди-да, пишиллаб уйқуга кетди. Онам қониқиш билан болани онасига узатди:
- Қиз боланинг қулоғи оғриса, энг яхши эм ўғли бор аёлнинг сути, шуни унутманг эгачи, - деганди...
...Набирам уйни супуриб, супургини тик қўйса койийман:
- Супургини тик қўйма қизим, уйдан барака қочади...
...Келиним дастурхонни йиғиб олмаса, жиғибийроним чиқади:
- Дастурхонни мунтазир қилманглар, "менинг қадрим йўқми" деб озорланади...
Онамнинг ҳикматлари ҳамон хонадонимиз қут-баракасини ошириб турганга менгзайди. У кишини хотирлаб қўлимни дуога очаман...
Абдунаби АБДИЕВ