Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

09.11.2023


МЕТАЛЛ ТОМЁПҚИЧЛАРДАН КЎЧМА УЙЛАРГАЧА

Кичик бизнес

Қарши шаҳридаги "Қавали" кичик саноат зонаси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. Бугунги кунда кичик саноат зонасида 11 та тадбиркорлик субъекти томонидан енгил саноат, фармацевтика, мебелсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлга ишлов бериш ва бошқа йўналишларда 20 та лойиҳа рўёбга чиқарилган.

Умумий қиймати 202,2 миллиард сўмга тенг ушбу ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 1170 та янги иш ўрини яратилган.

Масалан, "Қавали" кичик саноат зонасида 2022 йилнинг май ойида "Alptom" масъулияти чекланган жамияти томонидан сендвич панеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик қувват ишга туширилган эди. Қарийб 9 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган ушбу заводда бугунги кунда нафақат сендвич панеллари, балки яна кўплаб турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ўзлаштирилди.

- Айни пайтда корхонамизда 4 хилдаги сендвич панел ва профнастиллар, шунингдек, металл томёпқичлар турли дизайн ва ўлчамдаги тунука буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, - дейди корхона иш юритувчиси Бахтиёр Тўраев. - Бундан ташқари, буюртма асосида енгил конструкцияли маҳсулотлардан кўчма уйлар ва дўконлар тайёрлашни йўлга қўйдик. Бу маҳсулотларимизга ҳам талаб юқори. Масалан, қурилиш корхоналари кўчма уйлар ва офисларга буюртмалар беришса, савдо соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан замонавий кўчма дўконлар тайёрлаб бериш бўйича шартномалар тузаяпмиз.

Аҳамиятли томони, ушбу фаолият ортидан МЧЖда 30 дан зиёд кишининг доимий бандлиги таъминланган.

Ўз мухбиримиз

Муаллиф олган суратлар.

Report typo