Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

21.01.2020


МЕВА-САБЗАВОТ ЕТИШТИРИШДА ҲАМ КЛАСТЕР УСУЛИГА ЎТИЛАДИ

Аграр сектор

Статистик маълумотларга кўра, вилоятимизда ҳар йили ўртача 480 минг тоннадан ошиқ сабзавот, 150 минг тоннадан ошиқ полиз,  180 минг тонна атрофида мева ҳамда 100 минг тоннага яқин узум етиштирилади.

Экин майдонларининг мақбуллаштирилиши, соҳага замонавий технологиялар ва илғор иш услубларининг кенг жорий этилиши, уруғчилик ва кўчатчилик соҳаларига қаратилаётган эътибор натижасида маҳсулдорлик янада ошиб бормоқда. Етиштирилган маҳсулотнинг бир қисми экспортга ва қайта ишлашга йўналтирилаётган бўлса, қолгани ички бозор эҳтиёжларини қопламоқда.

Шу билан бир қаторда, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўламини янада кўпайтириш, ҳосилнинг асосий қисмини чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида ички ва ташқи бозорга етказиб бериш орқали ҳудудларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Яқинда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоятимизда ўтказилган семинар ва тадбирларда ҳам маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, экинни парваришлашдан тортиб, ҳосилни экспортга чиқариш ёки чуқур қайта ишлашгача бўлган барча босқичларни тизимли асосда ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб вилоятимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, уни экспорт қилиш ва қайта ишлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ташаббускорлар билан учрашди. Ўтказилган мулоқотларда мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтиришга доир масалалар муҳокама этилди.

Жумладан, тажриба тариқасида вилоятнинг Қамаши, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида биттадан ҳамда Китоб туманида иккитата - жами олтита мева-сабзавотчилик йўналишидаги кластер корхоналарини ташкил қилиш белгилаб олинди. Ушбу корхоналар жорий йилданоқ шу тизимда ишни бошлайди ва босқичма-босқич тарзда фаолиятини ривожлантириб боради.

Мазкур кластер корхоналарига туманлардаги 2 минг 99 гектар майдонда фаолият юритаётган 416 та фермер хўжалиги бириктирилиб, 315 гектар майдонда янги боғларни ташкил қилиш ҳисобига ўрик, шафтоли ва гилос меваларини етиштиришга ихтисослаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳга кластерларга ажартилган ер майдонларида экинларни турлари ва навлари бўйича тўғри жойлаштириш ҳамда экиш ва маҳсулот етиштириш графикларини тайёрлаш, жорий йилда 7,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги экспортни амалга ошириш бўйича (ўтган йилга нисбатан 4,8 марта кўп) экспорт графигини ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда мазкур кластер корхоналари  томонидан 28 минг тоннадан кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Ҳосилнинг 10 минг тоннаси қайта ишлашга йўналтирилса, қолгани экспортга ҳамда ички истеъмолга мўлжалланган.

Кластер тизимида иш бошлаётган корхоналардан бири Қамаши туманидаги "Агро восток" масъулияти чекланган жамиятидир.

Мазкур жамият ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қуввватига эга бўлган йирик субъектлардан бири ҳисобланади. Корхонанинг ишлаб чиқариш цехи Италия технологияси асосида жиҳозланган бўлиб, йилига 9 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Бундан ташқари, жамият мулкдорлари томонидан 24 гектар майдонда токзор барпо этилган. Йирик совуткичли сиғимлар ишга туширилган. Демакки, салмоқни янада ошириш, маҳсулотни тўлиқ ўзи етиштириб, чуқур қайта ишлаш ва бозорга юз фоиз тайёр маҳсулот ҳолида чиқариш учун барча имконият бор.

 Ёки Китоб туманидаги "Боғизор Варганза" масъулияти чекланган жамиятини олайлик. Ушбу корхона 502 гектар майдонда узум етиштирмоқда. Маҳсулот ички ва ташқи бозорга етказиб берилаяпти. Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида ўтказилган учрашувда мазкур жамият фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида унинг негизида мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этишга келишиб олинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Яккабоғ туманидаги кластер тизимида иш бошлаган "Шарофат она Қаҳрамон қизи" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бир неча йил олдин асосан деҳқон ва фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, хорижга экспорт қилиш билан иш бошлаган мазкур корхона бугунги кунда карам, картошка, айсберг салат барги ва шу каби маҳсулотларни етиштириш борасида ҳам ҳудуддаги етакчи субъектлардан бирига айланган.

Албатта, ҳар бир ишнинг ўзига хос муаммолари, қийинчиликлари бўлади. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ташаббускорларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланиб, соҳа бўйича зараркунанда ва турли касалликларга қарши курашда амалий тавсиялар берадиган мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фермерлар учун мунтазам равишда ўқув курсларини ташкил қилиш, кластер корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш механизмини жорий қилиш ва шу каби йўналишларда амалга оширилиши керак бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo