Жорий йил январь-июнь ойларида вилоятимизда сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 минг тонна ёки 12,3 фоизга камайиб, 151,9 минг тоннани ташкил этди.
Бу ҳақда вилоят статистика бошқармасининг қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бўлимининг мутахассислари маълум қилишмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, воҳамиз ҳудудларида полиз маҳсулотлари етиштириш борасида бундан-да кескинроқ пасайиш кузатилди. Олти ойда олинган ҳосил салмоғи атиги 36,8 минг тоннага тенг бўлди, бу эса ўтган йилнинг айнан шу давридаги кўрсаткичдан 15,4 фоиз камдир.
Қувонарлиси, шу йил июнь ойининг охиригача 97,2 минг тонна картошка (3,7 фоиз кўп) ва 7,5 минг тонна узум (ўсиш - 32,8 фоиз) етиштирилган, аммо мева бўйича ушбу кўрсаткич 3,6 фоизга пасайган - ўтган йилнинг "экватори"да 71,3 минг тонна сервитамин маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил бор-йўғи 68,7 минг тонна.
Асосий турдаги чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида вазият бироз яхшироқ - 2020 йилнинг январь-июнь ойларида вилоятда тирик вазнда 132,4 минг тонна гўшт (ўсиш - 2,2 фоиз), 523,8 минг тонна сут (ўсиш - 2,4 фоиз), 149,4 минг дона қоракўл тери (ўсиш - 6,5 фоиз) ишлаб чиқарилди. Аммо тухум ишлаб чиқариш (229,6 миллион дона) ва балиқ овлаш (1294 тонна) ҳажми бўйича ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 0,3 ва 5 фоизлик камайиш кузатилди.
Темур НИЗОМОВ