Мустақиллик йилларида эса маҳалла кенг қамровли жамоатчилик тузилмаси, чинакам демократик институтга айланди. Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятининг қонунчилик асослари шаклланди. Энди маҳалланинг кайвониси, яъни оқсоқоли ва унинг маслаҳатчилари сайлов асосида, шу ҳудудда яшовчи аҳоли хоҳиш-иродасига кўра аниқланадиган бўлди. Шу маънода бугун маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра, халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ноёб тарбия маскани ва бошқарув идорасига айланди.
Таъкидлаш ўринлики, маҳалла фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан яқин муносабатини мустаҳкамлаш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтириш орқали уни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, маҳалла мақомини юқори босқичга кўтаришда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг аҳамияти катта.
- Маълумки, жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида вилоятимиздан 660 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг олти минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилмоқда, - дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Исломиддин Аброров. - Бугун жойларда ушбу тадбирни ўтказиш борасида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда 660 та маҳаллада ишчи гуруҳлари тузилган. Аввалги сайловларда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар таркибига маҳаллада, кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган, ташкилотчи, маҳаллани яхши биладиган, муайян ҳаётий тажрибага эга кишилар киритилди.
Китоб туманида жорий сайловда 38 та маҳалла раиси (оқсоқоли) ва уларнинг 266 нафар маслаҳатчиси сайланади.
- Оқсоқол, умуман маҳалла фаоли ҳақида сўз юритилганда Юртбошимизнинг “Маҳалла тепасида ҳалол ва пок одамлар туриши керак, чунки одамлар ана шундай кишиларнинг ортидан эргашади, уларнинг гапини икки қилмайди”, деган сўзларини ёддан чиқармаслигимиз лозим, - дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси Мейлик Бурхонов. – Зеро, фуқаролар йиғинлари раислари ўз зиммаларидаги вазифани тўлақонли адо этгани сайин маҳалланинг мавқеи, салоҳияти ва обрўси ҳам ортиб бораверади. Ҳудудда юзага келадиган маиший, ижтимоий муаммолар шу ернинг ўзида ечим топади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда тумандаги барча маҳаллаларда тегишли ишчи гуруҳлари тўлиқ шакллантирилган. Улар томонидан янги таҳрирдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ишлар ташкил қилинган. Хусусан сайловни намунали ўтказиш, шунингдек, маҳалланинг фаол ва жонкуяр инсонлари, сайловчилар билан келишилган ҳолда раис ва маслаҳатчи лавозимига муносиб номзодларни аниқлаш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Маҳалла раиси ташкилотчи, ташаббускор бўлиши керак. Бундай фаолликни эса бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида ҳурмат-эътиборга сазовор, билимдон, адолатли, кўпни кўрган инсонгина уддалай олади. Зеро, йиғин оқсоқоли, унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар учун қўйиладиган бу талаблар бежиз қонун асосида мустаҳкамланмаган.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Қарши шаҳар комиссияси раиси Санжар Эргашев Хонтепа МФЙ фаоллари билан.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.