Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • МИЛЛАТ-ЭЛАТЛАРНИ ДОҲИЙЛАР ЭМАС, ЎРТА БЎҒИНГА МАНСУБ КИШИЛАРНИНГ КАМОЛОТИ ДАРАЖАСИ БУЮКЛИК МАҚОМИГА ЮКСАЛТИРАДИ

НАСРИДДИН

11.06.2021


МИЛЛАТ-ЭЛАТЛАРНИ ДОҲИЙЛАР ЭМАС, ЎРТА БЎҒИНГА МАНСУБ КИШИЛАРНИНГ КАМОЛОТИ ДАРАЖАСИ БУЮКЛИК МАҚОМИГА ЮКСАЛТИРАДИ

Сараланган сатрлар

 "Муҳаббатсиз киши одам эмасдир, гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт", деган эди мумтоз шоираларимиздан бири Нодирабегим. Дарҳақиқат, ҳаётда ҳамманинг ҳам муҳаббат қўйган нарсаси бўлади: кимдир пулга, кимдир мол-дунёга, кимдир илмга ўч бўлади ва ҳоказо...

 Севги-муҳаббат ҳақида сўз бораркан, табиий жараён - эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга кўз юммоқликнинг имкони йўқ. Ҳолбуки дунёда қатор мутахассислар, файласуфлар ушбу мавзуга теран ёндашиб, муҳаббат моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилишган.

 Хўш, ишқ-муҳаббат шунчалар тадқиқ этишга арзигулик мавзумикан, бундан бошқа йирик-йирик муаммолар турганда, севги ҳақида тадқиқот қилишга не ҳожат, дейишингиз мумкин. Аслида эркак-аёл муносабатларининг теран тадқиқи ҳар қандай жамиятнинг асоси - оилани мустаҳкамлашга хизмат қилади, десак нима дейсиз?! Ғарб жамиятининг емирилиши, оила аталмиш муқаддас қўрғонга путур етишига ана шу каби "икир-чикир"ларнинг назардан четда қолгани сабаб эмасми?

 1883-1955 йилларда яшаган таниқли испан идеалист файласуфи Хосе Ортега де Гассет нафақат Испания ва Европа, балки жаҳон фалсафаси равнақига салмоқли ҳисса қўшган. Унинг санъат умумий масалалари тадқиқ этилган "Дон Кихот ҳақида мулоҳазалар", "Трамвайдаги эстетика", "Икки асосий истиора", "Роман ҳақида фикрлар", "Омма ғалаёни", "Гётени излаб", "Санъатнинг инсонпарварликдан маҳрум бўлиши" каби асарлари анча машҳур.

 Қуйида эътиборингизга Гассетнинг "Севги сеҳри" рисоласидан лавҳалар ҳавола этаяпмиз. Асарда юқоридаги фикримиз тасдиғи ўлароқ шундай дейилади: "...энтомолог ўрмонда ушлаган ҳашаротни қанчалик синчиклаб ва минг бир бўлакка ажратиб ўрганса, муҳаббат туйғусини ҳам шу асно таҳлил этиш керак".

 * * *

 Инсоний хусусиятларнинг кўпчилиги: истак, мулоҳазалар, иродавий аъмоллар пировард натижада муҳаббат билан боғлиқ, буларнинг барчаси уруғ ниш уриб, ўсиб-улғайиб, мева бергани каби меҳр-муҳаббат натижасида юзага келганидан қатъи назар, ҳали муҳаббат эмас, лекин муҳаббат мавжудлигини тасдиқлайди. Ниманики севсак, нимагаки меҳр қўйсак, у ёки бу даражада оҳанрабодай маҳлиё этиши шубҳасиз; бироқ биз севмайдиган, кўнглимизда бирон-бир кечинма пайдо қилмайдиган нарсаларга мойил бўлишимиз шубҳасиз. Яхши шаробни кўнглимиз тусайди, лекин унга муҳаббат қўйишимиз шарт эмас; нашаванд гиёҳванд моддаларсиз ўзини қўярга жой тополмайди ва айни пайтда хатарли оқибатлари билан боғлиқ равишда улардан жирканади.

 * * *

 Муҳаббат - абадий ҳаёт бахш этиш, қалбда муҳаббат объектининг қайта-қайта яратилиши ва камолга етказилиши ҳисобланади. Нафрат - фикрий қирғин-қотиллик; боз устига фақат бир марта содир этиладиган чинакам қотилликдан фарқли равишда нафратланиш, нафратимизга дучор кимсани заминда ҳатто биронта из-асоратини ҳам қолдирмасдан қайта-қайта, такрор-такрор узлуксиз равишда дорга тортишдан иборат.

 * * *

 Шуниси қизиқарлики, фақат ижодий салоҳиятга эга бўлмаган одамлар илм-фанга, санъатга ёки сиёсатга жиддий ёндашиш керак, муҳаббат можароларидан эса тубанлик ва бемаънилик сифатида нафратланиш кераклигига ишонадилар. Бу борада менга барибир: фақат қуйидаги далилни қайд этиш билан кифояланаман, яъни буюк сиймолар, одатда, башарти мазкур фазилатга мешчанлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, у даражада жиддий бўлишмаган.

 * * *

 Камдан-кам одамгина санъатдан чинакамига завқлана олади. Шу боис жозибадор рақс томоша қилаётганимизда етмиш икки томиримизда ҳаяжон жўш ургани ёки ўта қизиқарли китоб мутолааси натижасида ҳис қилинадиган ҳайрат тимсолида тасаввур этишни истайдилар.

 * * *

 Қалб қаърида туғилган ҳаққоний муҳаббат, чамаси, заволга юз тутмайди. Бундай муҳаббат қалб ганжига айланади. Вазият - жумладан, ҳижрон - уни ҳаётий манбадан маҳрум қилиши мумкин; оқибатда бундай муҳаббат ҳолсизланади ва заиф риштага, кўнгил кунжакларида аранг жон сақловчи, юракни орзиқтирувчи хотирага айланади. Бироқ шу ҳолда ҳам завол топмайди. У бахш этадиган ҳис-ҳаяжон ўзгармайди. Шундай шубҳасиз негиз-асос шарофати билан севган одам - ошиқ кейинчалик маҳбуба билан ўзини муҳаббат ришталари воситасида чамбарчас боғланган ҳис этаверади. Қисмат жисмоний оламдаги ва ижтимоий муҳитдаги мақомини ўзгартириб, севганидан жудо қилиши ҳеч гап эмас. Ҳатто бу ҳам ошиқ қаршисида ожиз - муҳаббати қалбида кетади. Чинакам муҳаббатнинг олий, илоҳий аломати шундай: маҳбуба билан ҳамнафас-ҳамроҳликка, сирли-синоатли яқинликка талпинади. Бу росмана ҳаётий ришталар билан чамбарчас боғланишни билдиради.

 Яна ҳам аниқ, гарчи бирмунча махсус, илмий атама, яъни - маҳбуба билан онтологик ҳамнафаслик, унинг ўзгарувчан тақдирга садоқатли бўлиш атамаси ҳам мавжуд. Жиноятчини севадиган аёл, қаерда эканидан қатъи назар, қалбан қамоқда ҳам у билан бирга бўлади.

 * * *

 Фихте қайд этганидек, фалсафа юритиш - ҳаёт кечирмасликдай гап, худди шундай ҳаёт кечириш, яшаш - фалсафа юритмасликдан бўлак ҳеч вақо эмас. Ҳаётдан тамомила узилиш, нигоҳлардан пинҳон маволар оғушида ғойиб бўлиш саодати қанчалар тотли! Ва файласуф бу қобилиятни қанчалик пухта эгаллаган бўлса, аёл-жувон наздида шунчалар гўл, лақма, содда, бўш-баёв туюлади.

 * * *

 Одамлар ўз яқинларига оид хулосаларида бўлганидек муҳаббат масаласида ҳам ожиз ёки зийрак. Дунёдаги энг мураккаб ва назокатли мавжудот - инсонни баҳолашда деярли барчамиз калтафаҳмлик қиламиз.

 * * *

 Савдойи - ғайриоддий қизиқувчанлик хоссаларига эга одам. Деярли барча буюклар савдойи, фақат уларнинг савдойилиги оқибат-натижаси, уларнинг "ёпишқоқ ғоялари" бизларга фойдали ва ҳурмат-эҳтиромга лойиқ туюлади. Ньютондан бутун олам тортишиш қонунини қандай кашф этгани ҳақида сўрашганда: "Бу хусусда кечаю кундуз мулоҳаза юритиш натижасида", дея жавоб берган. Бу - савдойилик, муайян ғояга мубталолик эътирофи.

 * * *

 Файласуфнинг дарё қуйи оқими сингари ўзаннинг ҳар тепалиги атрофида гирдоб ҳосил қилиб айлангандек вазмин мулоҳазакорлиги оми кимса юрагини хуфтон қилиб, асабийлаштиради. Ниҳоят, қизиқиш, ҳавас, майлга қараб, ҳар бир инсон ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилса бўлади. Иқтисодий ҳисоб-китоблар қулоғига чалингани ҳамоно кимдир эс-ҳушини йўқотиб, тубсиз чоҳга қулаётгандек туюлади.  Бошқа бир одамнинг қизиқувчанлиги стихияли равишда, нишабликдан санъат ёки маишатпарастлик томон йўналади. Хуллас, нимага диққат-эътибор қаратишингни айтсанг, аслида қандай инсон эканингни айтиб бераман, деган қоидани муайян мезон-андаза сифатида қабул қилиш фойдадан холи бўлмасди.

 * * *

  Машҳур француз шоири Ш.Бодлер қаерда яшашни афзал биласиз, деган саволга: "Исталган жойда, исталган жойда...мазкур дунёдан бўлак манзил-макон бўлса бас!"дея жавоб берганда жиззакилигини намоён қилган эди.

 * * *

 Муҳаббат қанча телбавор бўлса, шунча кучли, дегувчилар ҳам бор. Мазкур одатий янглиш фикрни рад этиш мақсадида ушбу мулоҳазалар қоғозга тушди. Муҳаббат тийиқсизлиги, телбалиги унинг мазмун-моҳияти билан ҳеч қандай алоқага эга эмас. Бу "маҳлиёлик" - паст, жўн, жайдари, чинакам севги-муҳаббат шарт бўлмаган, уни тақозо қилавермайдиган кечинма ҳақиқий муҳаббатнинг бир шохобчаси, холос.

 Инсон феъл-атвори қанча жўшқин бўлса, кечинма-туйғулари ҳам шунга мос қайноқ бўлиши мумкин. Бироқ айни жиҳатни қайд этган ҳолда шуни ҳам айтиш зарурки, ҳиссий жўшқинлик қанча кучли бўлса, кўнгил пиллапояларида унинг мақоми шунча паст бўлади, маънавийлик унда шунча оз бўлади. Ва аксинча, маънавийлик билан йўғрилгани сайин ҳис-туйғуларимиз жўшқинликдан ва шиддатли зўриқишдан халос бўлади. Очлик билан курашувчининг саъй-ҳаракатларига нисбатан оч кимсанинг очлик туйғуси ҳамиша кучли.

 * * *

 Биз хатти-ҳаракатларимиз ва эътирофларимиз билан узлуксиз найранг қиламиз. Қатор жиноятлар сабабли ўзига нисбатан аллақачон ҳукм чиқарган ёвуз кимса дафъатан олижаноблик қилиши ҳеч гап эмас, айни пайтда ҳамон ёвуз кимса бўлиб қолаверади. Нафақат хатти-ҳаракату аъмолларга ва эътирофларга, балки аҳамиятсиздай туюлган имо-ишораларга ҳам эътибор қаратиш керак. Улар ихтиёрийсизлиги боис майл-истакларимизнинг ҳаққоний мазмун-моҳиятини акс эттиради.

 * * *

 Табиий ўй-ниятларига зид равишда ҳаёт кечирувчи кимса моҳиятан бўҳтонга мойил бўлиши мумкин. Мен ўта самимий мунофиқлар ва муғамбирларни учратганман.

 * * *

 Фавқулодда истеъдодли шахслар, буюк сиймоларнинг ўз мамлакати ҳаётида ўчмас из қолдиришини асло рад қилмайман. Бирон-бир миллат ҳаётини буюк сиймоларсиз тасаввур қилиш амримаҳол. Бироқ улар ҳар қанча доҳиёна фазилат ва хусусиятларга эга бўлмасин, тарихда тутган ўрни, тарихий аҳамияти уларнинг ўрта бўғинга ёлғиз таъсирига, дейлик, қандай намуна вазифасини ўташига боғлиқ. Гапнинг индаллосини айтганда, тарих - ўртамиёналик салтанати. "Башарият" сўзининг ёлғиз дастлабки ҳарфи йирик ҳарфлар билан ёзилади. Олиймақом доҳиёналик қудрати чексиз бепоён ўртамиёналикка урилиб, парчаланади. Афтидан дунё шундай яратилган: уни ўртамиёна инсон идора қилмоғи зарур. Айни шу боис ўрта бўғин даражасини имкон борича юксалтириш лозим. Миллат-элатларни аслида доҳиёна шахслар эмас, балки ўрта бўғинга мансуб ададсиз кимсалар камолоти даражаси буюклик мақомига юксалтиради.

 * * *

 Тамаддун юзага келишию равнақ топишига хизмат қилувчи эркакларнинг жамики специфик қобилиятлари асл ҳолида аёл учун ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас. Башарти, аёл меҳрини эркакларнинг қандай хислатлари қозона олади, деган масалани   ойдинлаштиришга киришсак, булар инсон феъл-атворини баркамоллаштириш учун айтарли аҳамиятга эга бўлмаган, бинобарин аёлни деярли қизиқтирмайдиган хислатлар экани маълум бўлади...

 НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Report typo