Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир ТУРСУНОВ

09.02.2017


МИЛЛАТ FУРУРИ ВА ИФТИХОРИ

Бундан йигирма етти йил муқаддам – мустабид тузум кишанлари ҳали парчаланмаган бир шароитда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали ўз ифодасини топади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – миллатнинг руҳидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини тиклаш ва таъминлаш, мустабид тузум томонидан она тилимизга нисбатан кўрсатилган камситиш асоратларига барҳам бериш, ўзбек тилини кенг истеъмолга киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Бош қомусимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Айниқса, 1991 йилнинг Алишер Навоий йили деб эълон қилиниши, 1993 йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун, 1995 йили “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа ҳужжатлар қабул қилингани она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар,     дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Шунингдек, таъкидлаш жоиз, мумтоз адабиётимиз намуналари, беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”  тайёрлангани бу борада амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳимларидан бири бўлди. Ушбу луғат саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланадиган сўзларни ўз ичига олган.

Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоблари бу борадаги беқиёс ислоҳотлар йўриғи ва равнақини белгилаб берди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланди. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.

Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Бунга улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижоди мисол бўла олади. Буюк шоир ўзининг нафис шеърияти орқали тилимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳамда бой имкониятларини намоён этган бўлса, илмий асарларида унинг ривожланиш йўлларини таҳлил қилган. “Муҳокамат ул-луғатайн” асари Алишер Навоийнинг нафақат буюк шоир ва мутафаккир, балки ўзбек адабий тилининг тарғиботчиси ва фидойиси эканидан далолат беради.

Президентимизнинг жорий йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони халқимиз шаънини янада улуғлашга даъват, ғурурини кўтариш, ўзлигини тобора чуқур англатиш, ўзбек тилини янада юксакларга кўтариш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Бугунги шиддатли замонда ўз давлати тараққиёти ва нуфузини улуғлашга интилаётган миллатлар ўз тили ва маданиятини дунё халқлари эътирофига сазовор бўлиши учун курашаётир. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олиш мақсадида она тилимиз, тарихимиз ва маданиятимиз билан ҳам дунёга чиқмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбек тили ва адабиёти университети ана шу эзгу мақсадларни амалга оширишга ҳисса қўшадиган, тил орқали миллат шаънини дунё халқлари олдида ҳимоя қила оладиган, халқимизнинг кўп мингйиллик тарихи, санъати ва адабиётини илмий асосда холис баҳолаб, кейинги авлодлар учун илмий пойдевор ясашни ўзига бурч деб билган ватанпарвар, фидойи ва иқтидорли мутахассислар, илмий тадқиқотчи ва педагоглар тайёрлашга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Аввало, бу университетни ўзининг мазмун-моҳиятига кўра маънавият намунаси дейиш мумкин. Ҳар бир педагог ва талаба мустақил диёримизнинг баркамол авлоди қиёфасини белгилаши назарда тутилмоқда. Давлатимиз томонидан университетга ажратилган бино ва ундаги жиҳозлар ҳатто дунёдаги энг машҳур университетларнинг ҳам ҳавасини келтирадиган даражада. Шунга муносиб равишда таълим йўналишларининг ўқув режалари мамлакатимизда филология соҳасидаги бошқа таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ўқув режаларидан тубдан фарқ қилади. Махсус ишчи гуруҳлар томонидан дунёнинг илғор мамлакатлари олий таълим муассасалари ўқув режалари чуқур ўрганилиб, улар асосида миллий ғоямизни ўзида акс эттирган, шу билан бирга, келажакда бутун дунёдан ўзбек тилини ўрганишга келиши кутилаётган хорижий талабаларнинг қизиқиш доираси ҳисобга олинган, энг асосийси, тил ва адабиётга доир фанлар билан бир қаторда тарих, санъат ва фалсафа бўйича янгича ёндашувларга эга фанлар киритилмоқдаки, улар ўз халқи ва унинг моддий-номоддий меросидан ифтихор қиладиган бўлғуси мутахассисларнинг мукаммал билимларга эга бўлишини таъминлайди.

Фармонда “ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш” алоҳида қайд этилган. Шу нуқтаи назардан айтганда, янги университетда Ватанимиз илм-фани учун, ўзбек филологияси илмининг ҳар томонлама билимдон, ўзбек ва хорижий тилларда равон сўзлайдиган етук мутахассис кадрлар тайёрлаш олий мақсаддир.

Эътиборлиси, университетда янги ташкил этилган ўзбек-инглиз таржима факультети ўзининг мақсад-мазмуни билан таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналишлари ва мутахассисликларига эга бошқа олий ўқув юртлари факультетларидан кескин фарқ қилади. Хусусан, бошқа олий ўқув   юртларида хорижий тилни ўқитиш ва хориж мамлакатшунослигига кенг эътибор қаратилса, яъни  инглиз-ўзбек схемасида билим, малака ва кўникма беришга мўлжалланган ўқув режаси тузилган бўлса, янги университетда ўзбек тили ва адабиёти мутахассисига юқори даражада инглиз тилини эгаллаш малакаси берилади. Бу илмий, бадиий, шеърий асарларни ўзбек тилидан инглиз тилига ва бошқа чет тиллардан она тилимизга профессионал даражада таржима қилувчи мутахассисларни тайёрлаш имконини яратади.

Мухтасар айтганда, мазкур фармон аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойлигимиз – она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада бойитиш, нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий эттириш ҳар биримиздан она тилимиз ҳақида чуқур билимга эга бўлишни талаб этади.

Собир ТУРСУНОВ,

педагогика фанлари доктори.

Report typo