Унда юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаб келаётган, Ватан тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугун ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган ёшларга ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий ўқув юртларига киришда турли имтиёзлар берилиши фуқароларимизнинг соҳага бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
– Жорий йилнинг ўзида округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг 75 нафар фарзандлари имтиёзли тавсияномалар асосида республикамиздаги турли олийгоҳларнинг талабаси бўлишди, - дейди жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ хотин-қизлар қўмитаси раиси Тамара Маманова. - Бу ҳам ушбу соҳа вакилларининг машаққатли ва фидокорона меҳнатларига муносиб баҳо, десак адашмаймиз. Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, жорий йилнинг шу давригача ҳарбий оилаларда ажримлар кузатилгани йўқ. Бу ҳам ушбу маънавий-маърифий ҳамкорликнинг бир маҳсули, десак бўлади.
Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини фойдали иш билан таъминлаш, касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида тўгаракларга бириктириш борасида амалий ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Дилфуза ЖУМАЕВА