Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳло ТОҒАЕВА

11.04.2017


МИЛЛАТИМИЗ ФАХРИ, ҒУРУРИ

Кейинги вақтларда янгидан чирой очган шаҳри Кеш марказидаги Амир Темур хиёбонида ўтказилган тадбир аввалида буюк бобокалонимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, руҳига ҳурмат бажо келтирилди. Тадбирда сўз олганлар улуғ аждодимизнинг шонли ҳаёти, мустаҳкам марказлашган давлат тузиш йўлида олиб борган курашлари, у юритган оқилона сиёсат тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидланганидек, Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида нафақат қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган улкан тарихий аҳамиятга молик ўзгаришларга олиб келган воқеа-ҳодисаларга ҳам ҳал қилувчи таъсир кўрсатган, дунё тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир. Бобокалонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётининг асосий мезонига айланди. Бугун мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, ёшларни жисмонан ва маънан юксалтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Амир Темур  сиёсати ва тутумларига моҳиятан уйғун. Тадбирда шулар борасида атрофлича фикр билдирилиб, буюк аждодимиз қолдирган бой меросни ўрганиш, тарғиб қилиш, айниқса, ёшлар қалби-шуурига Соҳибқироннинг ҳаётий ўгитларини сингдириш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Тадбирнинг бадиий қисми Темур қурдирган муаззам обида - Оқсарой мажмуасида давом этди. Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоаси тайёрлаган Амир Темур монологи, Соҳибқирон ҳаёти-фаолиятининг бадиийлаштирилган кўринишлари йиғилганларга намойиш этилди.

- Соҳибқирон ҳақида яратилган саҳна асарларини томоша қилар эканман, кўз ўнгимда буюк бобомизнинг шиддатли, мағрур қиёфаси намоён бўлади, - дейди тадбир иштирокчиси, ёш шоира Садоқат Нарзуллаева. – Унинг ҳаёти барчамиз учун ўрнак, ибратлигини, бугунги кун кишиси унинг меросини ўргангани сари ўзлигини англаб, таниб боришини ҳис қиламан.

Яқинда реконструкция қилингач, яна барча учун эшиклари очилган Амир Темур номидаги Шаҳрисабз моддий маданият музейида ташкил этилган театрлаштирилган мусиқий тадбир ҳам барчада катта таассурот қолдирди. Амир Темур ва темурийлар даври маданияти, ўзига хос одат ва русумлар акс эттирилди, темурий маликалар тимсоли яратилиб, ўша давр миллий ва жанг либослари намойиш этилди. Мумтоз мусиқа ва ашулалар эса тадбирга янада шукуҳ бахш этди.

Шунингдек, Амир Темур руҳини хотирлаб, Доруттиловат мажмуасида қуръон тиловат қилинди ва эҳсон оши тарқатилди.

Шаҳло ТОҒАЕВА,

Маънавият тарғиботи маркази  Шаҳрисабз туман бўлими раҳбари

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo