Вилоят ҳокимлиги, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, “Миллий тикланиш” партияси вилоят кенгаши ҳамда маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, фаол ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуманни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров кириш сўзи билан очар экан, барчани шавкатли саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
- Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди, - деди Баҳодир Қодиров. – Соҳибқирон нафақат йирик давлат арбоби, қудратли давлат асосчиси, айни пайтда мустақил Ўзбекистон давлат қурилиши тажрибасида сиёсий идеал ҳамдир.
Бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида темуршунос олимлар изланишлар олиб бораётгани, Францияда Темурийлар даври тарихи ва санъати тадқиқот ассоциацияси фаолият юритаётгани, Амир Темур ва темурийлар ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб, илмий-тарихий ва адабий-маърифий йўналишларда яратилган салмоқли асарлар сони Европа халқлари тилларида 900 дан, Шарқ халқлари тилларида 1000 дан ортгани, дунё фанида мустақил темуршунослик йўналиши шакллангани буюк бобомизни дунё эътироф этишидан, тан олишидан далолат беради.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов, Қарши давлат университети доценти Очил Бўриев ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Қаҳрамон Маҳманазаров сўзга чиқиб, йиғилганларга Амир Темурнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, унинг кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида гапириб беришди.
Анжуманда вилоятимиз санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар янгради, “Амир Темур” спектаклидан парча намойиш этилди.
Б.ЖОНИМОВ.