Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаббор РАҲМОНОВ

14.02.2017


МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ВА ЭЗГУ АМАЛЛАР МАСКАНИ

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони барча юртдошларимиз томонидан катта мамнунлик билан кутиб олингани бежиз эмас. Чунки мазкур фармон фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди.

Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир киши маҳаллада ўсади, улғаяди. Маҳалла тузилмасининг янада такомиллаштирилиши эса турмушимизни бундан-да фаровон қиладики, бунинг самарасини фармон билан белгиланган вазифаларнинг яқин вақт ичидаги рўёбида кўрамиз. Хусусан, фармонда фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳа ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Ҳеч кимга сир эмас, айрим ҳудудларда йиғин маъмурий бинолари йўқлиги ёки борларида ҳам зарур шароитлар яратилмагани оқибатида ҳам маҳалла фаоллари, фуқаролар  кўплаб қийинчиликларга дуч келаётганди. Бу вақт сарфига, айрим ҳолларда эътирозларга сабаб бўлгани ҳам бор гап.

Айни пайтда туманимизда 38 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, уларнинг 5 таси турли ташкилотлар биносида фаолият олиб борарди. Яъни ўз маъмурий биноси йўқ эди. Эндиликда барча маҳаллалар намунавий типда қурилган ўз биноларига, зарур замонавий шароитларга эга бўлади. Бу албатта барчамизни қувонтиради, энди фақат ишлашга, ишлаганда ҳам барчага маъқул даражада фаолият юритишга ундайди.

Ёшлар – келажагимиз, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи. Шунга мувофиқ ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз. Аммо бу борадаги ишларнинг барчасини ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Ишсиз юрган, юмуш излаб хорижга кетган, сўнг турли диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолган ёшлар ҳам, афсуски, бор. Фармонда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб,  ёшларнинг маънан етук, жисмонан соғлом вояга етишида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, фармонда маҳаллаларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришдаги аҳамияти ва нуфузини янада ошириш борасидаги ишлар ҳам алоҳида қайд этилган.

Шунга мувофиқ, айни пайтда туманимиздаги корхона ва ташкилотлар, шунингдек, бўш турган биноларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ёшларга имконият яратиб бераяпмиз. Айниқса, тадбиркор ёшлар ва ҳунарманд хотин-қизларга алоҳида бино ажратиб берилаётгани аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларга касб-ҳунар ўргатишда муҳим омил бўлмоқда. Маҳаллаларимизда чорвачилик, паррандачилик, томорқадан фойдаланиш борасида катта тажрибага эга оилалар жуда кўп. Улар айрим хонадонлар ва ёшларни оталиққа олиб, ўз тажрибаларини ўргатмоқдалар.

Фармонда зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари  “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланиши назарда тутилгани ҳам маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, фармон ҳамда у билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги ишларнинг самарали бажарилиши, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Жаббор РАҲМОНОВ,

“Маҳалла” фонди Китоб туман бўлинмаси раиси

Report typo