Унда Сержантлар тайёрлаш мактаби сержант ва офицерлари, Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Қарши автомобиль мактаби ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан юртимизда замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, мамлакатимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армия шакллангани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари Сержантлар тайёрлаш мактаби курсантлари ҳамда уларнинг юксак жанговар ва ахлоқий-руҳий сифатларга эга бўлган ҳолда тарбияланиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
- Ёшлар билан ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ўтказиш яхши самара беради, - дейди мактаб бошлиғининг ўринбосари, подполковник Нодир Авазов. - Шу билан бирга, таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, бунда ёшларни ҳарбийлик касби ва соҳага хос жиҳатлар билан кенг таништиришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Бугунги учрашувда ана шу масалаларга эътибор қаратилди. Чунки ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғусини қанча эрта ва мукаммал шакллантирсак, эртанги тинч-осойишта ҳаётимизнинг кафолатини яратган бўламиз.
Тадбирда ёшларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Ҳарбий хизмат шон-шараф иши эканлиги, унинг нуфузи ҳақида ҳаётий мисоллар айтилди.
Н.ХЎЖАЕВ