Маълумки, сўнгги вақтда вилоятимиз маркази - Қарши шаҳрида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилаяпти. Айниқса, асосий кўчалар четидаги эски пастқам уйлар ўрнида барпо қилиниб, фойдаланишга топширилаётган ҳашаматли, барча шароитларни ўзида мужассам этган кўп қаватли аҳоли турар жойлари шаҳар чиройини очаяпти. Мазкур кўп қаватли уйларнинг биринчи қавати нотурар жой ҳисобланиб, уларда замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари жой олаяпти. Бу эса аҳолига янада қулайлик туғдириши билан муҳимдир.
- Бу уйларнинг ташқи кўринишида кўп асрлик тарихга эга миллий меъморчилигимиз унсурларини бир қадар гавдалантириш бош мақсад қилиб олинган, - дейди Ғузор туманидаги "Озод фаровон қурилиш" МЧЖ раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳиби Фарҳод Хўжанов. - Хусусан, кўп қаватли уй олд қисмини безашда миллий орнаментлардан фойдаланилаяпти. Натижада миллий дизайн ва замонавий архитектура услуби уйғунлашмоқда. Бу эса бино кўркига кўрк қўшаяпти... Қолаверса, уларни бунёд этишда тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари ишлатилаяпти. Биз ҳам жорий йилда Қарши шаҳрида 42 хонадондан иборат 4 қаватли уй қуришни зиммамизга олганмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 10 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2016 йил охирига қадар якунланади.
Маълумотларга кўра, келгуси йилдан эътиборан вилоятимиз шаҳарларида 9 қаватгача бўлган уйлар қуриш режалаштирилган. Шу орқали турар жой хонадонлари нархини арзонлаштириш белгиланган. Бу аҳоли учун янада енгиллик туғдириши табиий.
М.ЖЎРАЕВ