Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Назира МУХТОРОВА, Фарҳод ЗАЙНИЕВ

10.10.2024


МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВА ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини янада юксалтириш йўлидаги асосий мақсадлардан бири миллий иқтисодиётнинг барқарор ва узоқ муддатли ривожланишини таъминлашдир. Барқарор иқтисодиёт эса инфляция ва ишсизликни камайтириб, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси ошишига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, "Миллий тикланиш" демократик партияси ўз дастурида миллий иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш масаласини устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб, бу борада муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

Миллий иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси миллий иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига ҳам энг муҳим мақсадлардан бири сифатида қарайди. Зеро, иқтисодиётнинг самарали ва жадал ривожланиши мамлакатдаги ЯИМ ҳажмининг ортишига, пировардида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ҳажмининг кўпайишига олиб келади.

Бу борада партия қуйидагиларни ташаббус қилади:

* бозорларда энг муҳим истеъмол маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида фермерлар, жумладан, маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий қилиш;

* маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларини ташқи бозорга тез, ўз вақтида ва арзон нархларда олиб чиқиши учун божхона тартиб­таомилларида қулайликлар яратиш, масофавий (онлайн) божхона хизматлари турларини кўпайтириш.

Мазкур таклиф ва ташаббусларининг амалга оширилиши эса миллий иқтисодиётнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Жумладан, ҳар йили мева ва полиз маҳсулотлари, озиқ-овқат товарлари нархлари ўзгариб кетишининг олди олиниб, деҳқонларимиз ва истеъмолчиларимиз учун олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган барқарор бозор нархлари шаклланади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини хорижий бозорларга эркин олиб чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Хусусий мулкка оид ҳуқуқларни амалга ошириш кафолатларини кучайтириш, эркин бозор ва ҳалол рақобат муносабатлари партия диққат марказида бўлади!

Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. Тадбиркорлик фаолиятининг ривожи эса хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ саналади. Шу жиҳатдан, "Миллий тикланиш" демократик партияси ўз дастурида мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда бозор иқтисодиётини қадриятларга асосланган ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлиги, эркин ва ҳалол рақобат муносабатларини сўзсиз таъминлашга доир  ташаббусларини илгари сурмоқда.

Лекин айрим партияларнинг сайловолди дастурида биз учун муҳим қадрият бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини    бузишга сабаб бўлувчи таклифлар билдирилганлиги таажжублидир. Масалан, Халқ демократик партияси ўз сайловолди дастурида илгари сурган шахсий транспорт воситалари давлат рақами тоқ ва жуфт сонларини ҳафта кунлари ўртасида тақсимлаган ҳолда ҳаракатланишини чеклаш таклифи фикримизга мисол бўлади. Бу, аввало, фуқароларнинг шахсий транспорт воситаларидан эркин фойданиш билан боғлиқ мулк ҳуқуқларига дахл қилади.

Шу сабабли, "Миллий тикланиш" демократик партиясининг шахслар ва тадбиркорларнинг хусусий мулкка оид ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш билан боғлиқ таклифи бошқа айрим партия сайловолди дастурларидан фарқли равишда тизимли ёндашуви билан ажралиб туради ҳамда давлат иқтисодий сиёсатида доимий равишда устуворлик касб этиши лозимлигини англатади.

Ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатлар ва истеъмол маҳсулотлари нархларининг асоссиз ўсишини олдини олиш, миллий валютанинг қадрини ошириш устувор вазифалардан бири бўлади!

Албатта, партия учун ишлаб чиқарувчиларнинг бундай турдаги харажатларни минималлаштириш, аҳоли истеъмол маҳсулотлари нархлари назорати ҳар доим кун тартибидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки аҳолининг кундалик турмуш даражаси, аввало, истеъмол маҳсулотлари нархлари мақбуллиги, харажат ва даромадлар мутаносиблиги, шунингдек, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигига бевосита боғлиқдир.

Бу ҳаётий эҳтиёж ва ҳақиқатни тўғри англаган ҳолда партия ўз стратегик ҳужжатида қуйидаги ташаббусларни илгари сурмоқда:

* ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган  харажатларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш;

* истеъмол маҳсулотлари нархлари назоратини кучайтириш ва асоссиз оширилишини чеклаш;

* миллий валютанинг қадрини ошириш.

Қайд этиш керакки, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларнинг ортиқча ўсиши маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига, корхоналар молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши, маҳсулот таннархи ва нархининг ошишига сабаб бўлади. Шу сабабли, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатлар устидан қатъий назорат ўрнатиш, уларни мақбуллаштириш механизмларини жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Партия солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга долзарб вазифа сифатида қарайди!

Алоҳида таъкидлаш керакки, партия мамлакатимизда тадбиркорлик ва бизнес муҳитини янада яхшилашга доир ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, мазкур ислоҳотларни янги ғоя ва ташаббуслар билан бойитиш мақсадида таклиф этилаётган устувор вазифалар мамлакатнинг иқтисодиётини ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилади.

Бу борада, айниқса, партиянинг солиққа тортиш тизимини соддалаштириш каби конструктив ва илғор ташаббуси алоҳида эътирофга сазовор бўлиб, иқтисодий барқарорлик ва бизнес муҳитини янада ривожлантиришга имкон беради.

Лекин айнан солиқ масалалари билан бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистон Экологик партиясининг тамаки маҳсулотларига қўшимча экологик солиқ, хавфли фаолият турлари билан шуғулланувчи ташкилотларга экологик солиқ, углерод солиғи, табиатга етказилаётган зарар миқдоридан келиб чиқиб табақалаштирилган солиқлар жорий этиш, шунингдек, экологияга кўп зарар етказувчи ташкилотларнинг солиқларини ошириш каби ташаббусларини ҳаётий, деб бўлмайди.

Солиқларнинг кўпайиши корхоналарнинг юкламаси ошиши ва инвестиция муҳитига салбий таъсир қилиши мумкин. Бошқача айтганда, корхоналарнинг иқтисодий барқарорлиги, ишчи ўринларининг қисқаришига сабаб бўлиб, оқибатда миллий иқтисодиётга салбий таъсир  кўрсатади. Бу борада бизнинг ёндашувимиз - санкция ёки солиқлар орқали эмас, балки рағбатлантириш йўли билан экологик стандартларни жорий этишдир.

Туризмни ривожлантириш стратегияси

Туризмни ривожлантириш масаласи ҳам "Миллий тикланиш" демократик партиясининг асосий ташаббусларидан бири бўлиб, у  партиянинг миллий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий обидаларни асраш, миллий маданиятни кенг тарғиб қилиш каби мақсадларига ҳам бевосита мос келади.

Хусусан, туризм соҳасини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, "очиқ эшиклар" сиёсатини юритиш, визасиз кириш тизимини кенгайтириш каби ташаббуслари ўз вақтида кўтарилган ташаббуслар саналади.

Бундан ташқари, партия томонидан билдирилган "Туризм ассамблеяси" коллегиал-консультатив кенгаши фаолиятини ташкил этиш, туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқиш, миллий туристик маҳсулотлар рекламаси - таргетинг стратегиясидан, тарғиботда ижтимоий­медиа имкониятларидан фойдаланиш каби ташаббусларини ижобий баҳолаш мумкин. Бу ғоялар мамлакатда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш орқали ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан янада юксалиш имконини беради.

Мухтасар қилиб айтганда, партия Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва ташаббусларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга, пировардида эса стратегик мақсад бўлган Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб жон бошига ҳисоблаганда аҳолиси даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.

Назира МУХТОРОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Report typo