- Кўраяпмиз, вилоятимизда ҳам мактабгача таълим муассасалари сони кўпайиб бормоқда, - дейди у. – Бизга бир қанча янги боғчалардан буюртма келиб тушди. Миллий ўйинчоқлар ва декоратив буюмлар етказиб беришимизни сўрашди. Айни шу йўналишда Тошкентдаги мактабда малака ошириб келгандим. Фурсатни ғанимат билиб, ишлаб чиқаришни бошладик. Маҳалламиздаги ёш қизларни ёнимга олиб, ҳунаримни уларга ҳам ўргатдим. Натижада маҳсулдорлик ошиши таъминланди. Тайёрланган маҳсулотларимизни ўз эгаларига етказиб беришга ҳам улгурдик. Яна сотиб олишга хоҳиш билдирувчилар кўпайди. Бундан жуда хурсандмиз.
Моҳинурнинг таъкидлашича, қўғирчоқ ясаш катта меҳнат талаб қилмайди. Хом ашё топиш ҳам қийин эмас. Бунинг учун турли мато ва қийқимлар ишлатилади. У ўзи ишлаб чиқараётган миллий қўғирчоқларда кўпроқ таниқли эртак қаҳрамонларини акс эттиришга ҳаракат қилмоқда. Баъзи қўғирчоқлардан эса боғчаларда ташкил этиладиган кичик театрларда ҳам фойдаланиш мумкин. Декоратив буюмларни ишлаб чиқаришга ҳам маълум даражада иккиламчи материаллар ишлатилмоқда. Ёш тадбиркор ишлаб чиқариш билан бирга, бизнесини янада кенгайтириш, ёлланма ишчиларни ҳам кўпайтириш ҳақида ўйламоқда. Чунки қилаётган иши яхши даромад келтиришига ишонч ҳосил қилиб бўлди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Cобир НАРЗИЕВ олган сурат.