Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти нефть ва газ факультетида "Бирмиз. Қўлни қўлга берамиз!" шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсади кўзланган тадбирда вилоят ва Қарши шаҳар кенгашлари фаоллари, депутатлар ҳамда талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар "Янги Ўзбекистон, янги сайловлар" шиори остида ўтадиган бу галги сайлов, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этиши учун конституциявий ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган муҳим демократик жараён эканлигини билдиришди.
"Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов ўз нутқида партиянинг устувор мақсадлари ҳақида тўхталиб, эндиги иш фаолиятида "Инсон ўзгарса - жамият ўзгаради" тамойили асосида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, миллий қадриятларни аҳоли орасида кенг татбиқ этиш устувор мақсад этиб белгиланганини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, сўзга чиққан институт ўқитувчилари - доцентлар Ю.Манзаров ва И.Солижонов ҳамда ЎзМТДП Қарши шаҳар Кенгаши раиси Ҳ.Ходжаев юртимизда кечаётган сиёсий жараёнлар, бўлиб ўтадиган сайлов бўйича талабаларга тушунчалар бериш асносида тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки эканлиги, ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат қиладиган тилга эга эканлигини айтишди.
Тадбир давомида келгуси ҳаётини "Миллий тикланиш" билан боғлаган талабалар партияга аъзоликка қабул қилинди. Янги аъзо бўлган талабаларга партиянинг махсус совғалари берилиши кўзда тутилган.
- Жорий йилги сайловларда илк бор қатнашаман, - дейди 4-босқич талабаси Жавоҳир Эштемиров. - Бугунги тадбир давомида сайлов, депутат ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдим. Шунда менинг овозим қанчалик муҳим эканини англадим. "Миллий тикланиш" партиясига аъзо бўлдим. Эртанги ишимда, ҳаётимда миллий қадриятларимизни қайта тиклашга, бобомерос анъаналаримизга ҳурмат билан ёндашишга ҳаракат қиламан.
Феруз АЗИМОВ,
ЎзМТДП Қарши шаҳар Кенгаши етакчи мутахассиси
60 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди
Жорий йилнинг декабрь ойида барча ватандошларимиз учун жуда муҳим кун ва тарихда қоладиган саналар бир қанча. Шулардан бири 22 декабрда ўтказиладиган сайловлар жараёнидир.
Айни пайтда бу жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилаётир. Хоҳ тарғибот жиҳатидан, хоҳ ташкилий томондан қарасангиз, юқори савия ва суръатни сезасиз. Боиси, бу йил сайловлар ўзгача талаблар ва янгича руҳда ўтади. Буни нафақат партиялар, балки сайловга тайёргарлик кўраётган сайлов участкаларию округлар фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан сайловга оид 60 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди. Партиянинг сайловолди дастурлари ҳақида сайловчиларга батафсил маълумотлар берилаяпти.
Жумладан, "Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси тарғиботи", "Менинг биринчи овозим!", "Мен "Миллий тикланиш"ни танладим", "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари", "Сайлов - демократия кўзгуси" мавзуларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Яқинда Қарши шаҳрида партиянинг "Бирмиз, қўлни қўлга берамиз!" шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбир шукуҳи нафақат вилоят марказида, балки туманларда ҳам сезилди. Шу куни вилоятнинг узоқ туманларидан бири - Деҳқонободда ҳам партия фаоллари ўз тарафдорлари билан юзма-юз кўришиб, мақсад-муддаолари ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
Тарғибот ишлари билан бирга, сайловларга ташкилий тайёргарлик борасидаги янгиликлар мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Хусусан, вилоят сайлов комиссиясининг қарорига кўра, халқаро матбуот маркази вилоят бўлими ташкил этилди. Марказда компьютер жиҳозлари, зарур мебеллар, кутиш зали, видеоконференция ва матбуот анжуманларини ўтказишга мўлжалланган кичик ва катта заллар, видеопроектор, Wi-Fi зонаси ва интернет тармоқлари мавжуд.
Янги Сайлов кодексига мувофиқ, воҳада вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси, 920 та сайлов участкаси тузилган. Уларнинг фаолият юритиши учун барча шароитларга эга замонавий бинолардан жой ажратилган. Комиссиялар таркиби сайлов бўйича етарли кўникма ва билимга, ҳудудда обрў-эътиборга эга фуқаролар ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин-қизлардан ташкил этилган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунда вилоятда 1 миллион 939 минг 294 нафар сайловчи бўлиб, шундан 213 минг 322 нафари сайловда биринчи маротаба иштирок этадиган ёшлардир.
Сайфулла МАҲМАТМЎМИНОВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси
"Инсон ўзгарса - жамият ўзгаради"
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси фаолиятида изчил ислоҳотлар даври бошланди. Партиямиз бўлажак сайловга халқ ва давлат манфаатларига бирдек хизмат қилувчи ғоялар, эзгу мақсадлар билан кириб келмоқда.
Биз "Инсон ўзгарса - жамият ўзгаради" шиори остида одамларнинг қарашларини ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартирмоқчимиз. Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига кириши учун парламентимиз нима қилиши керак бўлса, барчасини бажарамиз.
Ушбу фикрлар ЎзМТДП Қашқадарё вилояти Кенгаши фаоллари томонидан Китоб туманида бўлиб ўтган сайловолди тарғиботида баралла айтилиб, иштирокчилар тилидан "Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!" шиори қайта-қайта янгради. Воҳанинг кўзга кўринган санъаткорлари томонидан партия мадҳияси куйланди.
Тадбирда партия сафига кирган янги аъзоларга гувоҳнома, фаол қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, "Ёшлар қаноти" фаоллари махсус жиҳозланган автобусларда жамоат жойларида тарғибот тадбирларини ўтказишди.
Қўлни қўлга берамиз!
Вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдонда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси томонидан оммавий тарғибот тадбири ўтказилди.
"Бирмиз. Қўлни қўлга берамиз!" шиори остида шоу тарзида бўлиб ўтган тадбирда партиянинг марказий ва вилоят кенгашлари фаоллари, Олий Мажлисдаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, спорт усталари, ҳарбий хизматчилар, фаол ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўн мингдан ортиқ партия хайрихоҳлари жам бўлган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров партия халққа таяниб, одамларнинг ишончини оқлаши лозимлигини таъкидлади. Партиянинг миллий тикланишдан миллий юксалиш сари даъват этадиган улуғвор ғоялари асосида бирлашишга, мамлакатни ривожлантириш йўлида улкан ташаббусларни илгари суришга чақирди.
Партия вилоят кенгашининг "Ёшлар қаноти" фаоллари махсус жиҳозланган автобусларда жамоат жойларига бориб, у ерда ҳам тарғибот тадбирларини ўтказишди.
Таъкидлаш жоизки, тарғибот тадбирлари орқали сайловда фаол иштирок этишга интилаётган Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилмоқда.
Таниқли санъаткорлар иштирок этган оммавий тарғибот тадбири давомида майдон узра партия мадҳияси янгради. Барча иштирокчилар мағрур кўтарилган байроқлар остида партия мадҳиясига жўр бўлди.
Тадбирда партия сафига кирган янги аъзоларга аъзолик гувоҳномалари топширилди, фаол қатнашчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
ЎзМТДП Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби