Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

27.11.2017


МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИК РИВОЖИ –

Айтиш жоизки, истиқлол йилларида миллий ўзликни англаш, ота-боболар меросини асраб-авайлашга эътибор кучайиши самарасида миллий ҳунармандчилик жадал ривожлана бошлади. Бу соҳа янада сайқал топиб, мазмунан бойиди, иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига айланди. Илгари ҳунармандлар ўзлари ясаган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ҳунармандлар гузарлари фаолият юритмоқда, бозорларда махсус савдо расталари ташкил этилган.

Вилоятимизда ҳам ҳунармандлик соҳаси сезиларли даражада ривожланмоқда. Ҳар бир ҳудуд ҳунармандлари ишида ўзига хослик, бетакрорликни кўриш мумкин. Мазкур тармоқ ички бозорга харидоргир маҳсулотлар етказиб бериш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Кези келганда, воҳамиз усталари тайёрлаган бежирим буюмлар хорижга экспорт ҳам қилинаяпти.

Китоб туманидаги "Нодирабегим Исматовна" хусусий фирмаси раҳбари Назира Жўраева ҳам миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизни кенг тарғиб қилишда катта тажрибага эга. Ҳозирги вақтда у "Китоб ироқи каштачилиги" мактаби анъаналарини давом эттираяпти. Ушбу ҳунар сирларини устоз-шогирд анъаналари асосида ёшларга ўргатиб келмоқда.

- Ҳукуматимиз биз, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, - дейди ишбилармон. - Соҳа вакиллари илгари сурган истиқболли лойиҳалар муваффақиятли молиялаштирилаяпти, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. Ушбу ҳужжатга асосан биз, ҳунармандларга кўплаб имтиёзлар берилмоқда, қулайликлар ортаяпти. Биргина мисол. Фармонда ҳунармандчилик субъектларига ер майдонлари ва бинолар ажратиб бериш  масаласи устувор йўналиш этиб белгиланди. Бундай эътибордан жуда мамнунмиз.

- Яқинда мен ҳам янги бизнес-режамни тақдим этдим, дея фикрини давом эттиради ҳунарманд. - Туманимиздаги бозордан жой олиб, ҳунармандлар маркази очмоқчиман. Бу ерда ишлаб чиқариш цехи ва махсус савдо дўкони жойлашади. Лойиҳа қиймати 50 миллион сўмни ташкил этади. Янги иш ўринлари яратамиз. Бу ўзини ҳар жиҳатдан оқлайди. Чунки маҳсулотимизга талаб бор. Кашта урилган сумка, дўппи, ҳамён сингари турли сувенирлар тайёрлаймиз. Замонавий тикув машиналари харид қиламиз. Келгусида бу буюмларни шартнома асосида экспортга чиқармоқчимиз. Ахир бизга ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни бевосита хориж бозорига йўналтириш имконияти берилди. Қолаверса, эндиликда экспортдан келган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, ҳисобимиздан нақд шаклда ечиб олишимиз мумкин. Албатта, бу фаолиятимиз ривожига кенг йўл очади.

Назира Жўраеванинг айтишича, Китоб ироқи каштачилигида кўпроқ ёрқин рангларга мурожаат қилинади. Маҳсулотларда кўпдан бери сақланиб келган нақш нусхалари ишлатилади. Буюмлар табиий ипак толасидан тайёрланиши уларнинг бежиримлигини таъминламоқда. Бундай маҳсулотларга чет элликларда қизиқиш катта экан. Тадбиркор тумандаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш қизларни кашта тикишга ҳам ўргатмоқда. Бу уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга. Яқинда ўқув марказини 9 нафар ёш тамомлади. Келгусида уларни ҳам доимий фойдали иш билан банд этиш мақсад қилинган.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга бўш турган биноларни имтиёзли равишда бериш, асбоб-ускуна ва хомашё материаллари билан таъминлаш ҳам устуворлик касб этаяпти. Бу уларнинг қонуний манфаатлари муҳофазаланиши, моддий-техник жиҳатдан барқарор фаолият юритишига кенг имкон бераяпти. Шаҳрисабзлик ҳунарманд Тамила Ризаева ҳам ушбу имкониятлардан баҳраманд бўлмоқда. Бу борадаги енгилликлар ортаётганидан хурсанд. Президентимиз фармонига кўра, 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилди. У бироз аввал якка тадбиркор сифатида иш бошлаб адашмаганини айтади.  Фаолиятининг асосий йўналиши тикувчиликка, янада аниқроқ айтсак, бешикка ишлатиладиган мато ашёларни тайёрлашга қаратилган.

- Бу иш билан оилавий шуғулланиб келаяпмиз, - дейди ёш ҳунарманд. - Опам ва мен чеварликни онамдан ўрганганмиз. Халқимиз янги туғилган чақалоққа атаб албатта бешик олади. Шу боис бизнинг маҳсулотларимизга талаб ҳеч камаймайди. Ашёлардан ёпинғич, таг кўрпача сингари бир қанча деталларни тикамиз. Ишнинг бир қисмини тикув дастгоҳларида бажарамиз. Шунингдек, 2 нафар хотин-қизни ишга олганмиз. Буюртма бўлса, келинлик сепи учун зарур либос ва буюмларни ҳам тайёрлаймиз. Тадбиркорликни ташкил этганимиз бизга жуда қўл келди. Эндиликда шартнома асосида ҳам маҳсулотимизни реализация қила оламиз. Бироз аввал ўзаро келишув бўйича бир қанча ташкилотларга кўрпа-тўшак ҳам тикиб бердик. Бешик ашёларини Шаҳрисабз, Китоб ва Қарши шаҳридаги харидорларга    етказиб бераяпмиз. Келгусида ана шундай маҳсулотлар савдо дўконини ташкил қилмоқчимиз.

Қарши шаҳрилик Суннат Ибрагимов ҳам ҳунармандчилик, яъни ёғочсозликни ўзига касб қилган. Миллий чолғу асбоблари ясаш унинг асосий машғулоти сирасига киради. Ёш ишбилармоннинг фаолиятида кўпроқ торли мусиқа асбоблари тайёрлаш етакчи ўринни эгаллайди. Бу ҳунарни у оила катталаридан ўзлаштирган. Кам бўлмаяпти. Маҳсулотига харидор талайгина. Келишув асосида вилоятимиздаги мусиқага ихтисослашган таълим муассасаларини танбур, дутор, рубоб сингари чолғу асбоблари билан таъминламоқда. Шогирд тарбиялашга ҳам катта эътибор қаратган. Қизиқиш билдирган ёшларга ўз ҳунари асрорларини ўргатишдан эринмайди.

Дарҳақиқат, қулай ишбилармонлик муҳити, бисёр имкониятлар шароитида ҳалол меҳнат қилиб даромад топиш кишига хуш ёқади. Молиявий кўмак ҳам, зарур хомашё таъминоти ҳам ҳунарманд учун энди муаммо бўлмайди. Имтиёзли кредит олиб, фаолиятини янада кенгайтириши, маҳсулотини бозорга олиб чиқиши мумкин. Тегишли фармон билан 2018-2019 йилларга мўлжалланган ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури тасдиқлангани бунга кенг имконият тақдим этаяпти. Ушбу дастурдан кўплаб лойиҳалар жой олгани эътиборга молик. Муайян даврда вилоятимизда ҳам 200 дан зиёд ана шундай истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилади. Бунинг учун 6 миллиард 741,5 миллион сўм сарф этилади. Ишлаб чиқарилажак маҳсулотнинг йиллик ҳажми 12 миллиард 60,2 миллион сўмни ташкил этиши инобатга олинган. Молиялаштириш учун йўналтириладиган 1 миллиард 315 миллион сўм маблағ ташаббускорларнинг ўз сармояси бўлса, 5 миллиард 426,5 миллион сўми тижорат банклари кредитлари ҳиссасига тўғри келади. Ҳунармандлар ёғочсозлик, тунукасозлик, сангтарошлик, каштадўзлик, зардўзлик, заргарлик, кулолчилик, тўқувчилик каби етакчи йўналишлар бўйича самарали фаолиятни йўлга қўйишни таклиф этишмоқда. Лойиҳалар муваффақиятли амалга ошиши натижасида 550 та янги иш ўрни яратилади. Касбилик Анвар Аминов ҳам дастур иштирокчиларидан биридир.

- Асосий машғулотимиз кулолчилик, чинни буюмлар ясаш, ганчкорлик ҳисобланади, - дейди ҳунарманд. - Бу касб билан кўп йиллардан бери шуғулланамиз. Маҳсулотимизга харидор кўп. Фаолиятимизда жиддий ўзгаришларга қўл урмоқчи бўлиб тургандик. Соҳамиз янгиликларини ишимизда қўлламоқчимиз. Бироқ моддий томондан бироз қийналдик. Лойиҳамиз маъқулланиб, 30 миллион сўмдан ортиқ кредит ажратиладиган бўлди. Бунинг эвазига тайёрланаётган   кулолчилик буюмлари кўламини оширамиз, туманимиздаги бозордан муқим жой оламиз. Бу биз учун жуда катта ёрдам бўлди, дея оламан.

Яна бир жиҳати, мазкур фармонга мувофиқ, ҳунармандчиликни янада равнақ топтириш мақсадида вилоятимизда бир қатор ишларни амалга ошириш белгиланди. Жумладан, воҳамизда миллий каштачилик ўзига хос ривожланиш йўлига эга экани ҳисобга олиниб, 2018 йилда Шаҳрисабзда бу турдаги ҳунармандчилик буюмлари республика кўргазма-савдосини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, ёшларни ҳунармандчиликка ўқитишни таълим тизимига кенг жорий этиш ҳам мўлжалланган. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қарши саноат касб-ҳунар коллежида ҳунармандчиликнинг етакчи турлари бўйича касбий таълим йўналишлари очилаётгани фикримизнинг исботидир.

Бундан ташқари, 2019 йилда Қарши шаҳрида Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази иш бошлайди. Ушбу марказ тарихий-анъанавий архитектура услубида қурилиб, унинг ҳудудида туристларни кенг жалб қилиш учун "тарихий Шарқ бозори" услубидаги савдо расталари, халқ ижоди усталари томоша кўрсатадиган махсус жойлар, карвонсаройлар ва бошқа объектлар жойлаштирилади. Муҳими, бу марказда ҳунармандлар асрлар давомида уларнинг аждодлари каби бир жойда яшаб меҳнат қилади, уларнинг устахона ва савдо дўконлари ҳам шу ерда жойлашади. Бу эса ҳунармандларнинг самарали иш олиб бориб, ўзи яратган маҳсулотни бемалол  реализация қилишида қулайлик туғдиради.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда саноат тармоғи етказиб бера олмайдиган, қунт ва моҳирлик, нозик дид билан ишлашни талаб этадиган маҳсулотлар айнан ҳунармандлар томонидан яратилмоқда. Қўли гул усталар шу йўсинда истеъмол бозорини харидоргир товарлар билан тўлдиришга ҳисса қўшишмоқда. Соҳада имконият ва шарт-шароитлар яхшилиги сабаб ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Натижада аҳоли учун даромадли фаолият пайдо бўлаяпти. Шу билан бирга, ҳунармандчилик ривожи сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда бандлик ошишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

М.ШУҲРАТОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo