Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нафас ШОДМОНОВ

18.10.2019


МИЛЛИЙ ЎЗЛИК ВА МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИК ТИМСОЛИ

Ҳар бир тил унда сўзловчи халқнинг дунёда борлигини кўрсатувчи воситагина бўлиб қолмасдан унинг тафаккур даражаси ва маънавий қудратидан ҳам далолат берувчи ноёб ҳодисадир.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунида давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши белгилаб қўйилган.

Лекин тилнинг барқарор яшаши ва ривожланиши учун фақат унинг расман эътироф этилиши, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилишининг ўзи етарли эмаслиги бугун кўпчиликка яхши маълум. Мамлакатда тарихий ва халқаро тажрибалар асосида миллий тил тафаккурининг мутлақ устуворлигини таъминловчи чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур. Бу эса кенг кўламдаги ишларни тақозо қилади.

Тилимизнинг икки тарихий даврдаги юксак ривожланиш даражаси маълум. Уларнинг биринчиси, Қорахонийлар даврида туркий тиллар ривожига қаратилган тадбирларда кўринади. Иккинчиси, темурийлар, хусусан, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида туркий тилнинг мақомини ошириш бўйича кўрилган ҳаракатларда намоён бўлади. Қорахонийлар даври араб тили ҳукмронлигидан воз кечиш даври бўлди. Темурийлар даврида эса форсий тил ҳукмронлигига чек қўйишга интилиш кучайди. Тўғри, бу соҳада улар тўла муваффақиятга эриша олмадилар. Чунки тарғибот ва кураш омиллари жуда чекланган эди. Шунга қарамай, бу сулолалар даврида амалга оширилган тадбирлар, вужудга келган адабий-бадиий ва илмий асарлар ХХ асргача тилимизнинг ниҳоятда секинлик билан бўлса-да, ривожланиб келишини таъминлади.

Кўпчилик Навоий, Бобур ва ҳоказо ижодкорлар тилида арабий, форсий сўзлар, иборалар кўп қўлланганини таъкидлаб, эски адабий тилнинг камчиликларини кўрсатмоқчи бўладилар. Лекин чуқурроқ ўйлаб, текшириб кўрилса, улуғ аждодларимиз классик адабий тилимиз шаклланиши жараёнида араб ёки форс тилига тобе бўлиб уларни истифода қилмаганлар, балки улардан қабул қилинаётган сўзларни ўз тилларига бўйсундириб ўзлаштирганлар. Арабча ёки форсча талаффузнинг истисно қилиниши бу фикрни тасдиқлайди.

ХХ асрда янги адабий тилни жорий қилиш баҳонасида икки ғаразли мақсад амалга оширилди, улар эскирган туркий ҳамда бўйсундириб ўзлаштирилган сўзларни истеъмолдан чиқариб ташлаш орқали тилимиз луғат бойлигини қисқартириш ва рус тилидан ўзлаштириладиган сўзларни ҳеч қандай ўзгаришсиз қабул қилишга мажбурлаш орқали миллий тил оҳангини, фонетик ва орфоэпик қонуниятларини бузиб ташлаш эди. Ундан сал олдин  ҳам бундай эмас эди: Беҳбудий, Ибрат ва бошқа ўша давр ижодкорлари тилидаги ўзлашмалар буни кўрсатиб турибди. Зеро, дунёда ҳеч бир тил четдан сўз олмасдан ривожланмайди, лекин сўз қабул қилишда ҳеч ким бу тартибда иш кўрмайди. Айнан рус тилида юзлаб туркий сўзлар мавжуд, лекин улар шундай ўзгаришларга учраганки, ҳатто  уларни биз, туркийлар, ўзимиз таний олмаймиз. Рус тилидан кираётган сўзнинг эса урғусини ўзгартиришга-да бизда ҳуқуқ йўқ эди. Мустақиллик даврида ҳам бу тиллар ўртасида худди шу анъанани давом эттираяпмиз.

Маълум бир соҳада сўз қўлланишини олиб кўрайлик, майли, у илмий-техникавий соҳа бўлмасин, чунки уларда "халқаро терминлар" кўп. Маиший ҳаётимизга кириб келган нарсалар номларининг катта фоизини ҳам ўша "халқаро" сўзлар ташкил қилади. Хусусан, емакхонамиздаги ашёлар номларига диққат қаратсак кифоя.

Тил тафаккурининг заифлашуви миллий ғуруримизнинг ҳам заифлашувига сабаб бўлди. Ўз тилимизга ўзга тиллар қоидаларини мезон қилиб олишимиз шундан далолат бермайдими? Уйига мартабалироқ меҳмон келса, ота-онасининг кўринишидан ор қиладиган фарзандлар каби қадим она тилимиз сўзларидан ҳам ор қилишгача бориб етдик. Бирор нарсанинг ўзбекча, умуман туркий ёки ўзбекчалаштирилган тайёр сўзлар билан ифодаланиши тилимизга бўйсундирилиб эмас, ҳоким бўлиб кириб келган сўзлар олдида уятлидек туюлади. Масалан, тилимизда "орачи" деган сўз бор, у изоҳли луғатга ҳам киритилмаган. Унинг маъносини ҳамма яхши билади: икки киши ёки гуруҳ орасига тушиб, уларнинг орасидаги муаммони бартараф қилувчи. Шу сўзни "судья" сўзи ўрнида қўллаш мумкин-ку! Лекин бундай қила олмаймиз. Худди биров жўн сўзни қўллаганимиз учун устимиздан куладигандек туюлаверади. Нима бўлганда ҳам, бу менинг тилим, она тилим, уни эъзозлашим, унинг ҳар бир сўзини, унсурини қадрлаб сақлашим, бу билан абадий фахрланишим керак, деган тушунчаларимиз сўниб бораётгандек.

Рус тилшуноси Далнинг таъкидлашича, инсон қайси тилда тафаккур қилса, шу тилда гапирувчи миллатга мансуб бўлади. Инсон қалбини ёки миллат руҳини у гапирган тилда фикрлаш орқалигина англаш, тушуниш мумкин. Тиллар турлича бўлгани сабаб тафаккурлар, тафаккурлар турлича бўлгани учун турмуш тарзлари, қадриятлар ва муносабатлар хилма-хилдир. Шунинг учун ҳам тил ҳар бир халқ маънавиятининг асоси ҳисобланади. Уни омон сақлаш учун кураш ҳар доим долзарб. Бу кураш Ватан шаъни, халқ эътибори учундир. Тилимизнинг минглаб йиллар мобайнида шаклланган, нашъу намо топган сайқали, оҳанрабоси, жаҳон маданий меросига қўшган ҳиссаси ва маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш борасида тутган ўрни янада юксалишида ҳаммамиз масъулмиз.

Бунинг учун бизга нималар халақит беради ва нималарни бартараф этишимиз керак, деган савол бугун ҳар бир юртпарвар зиёлини ўйлатиши шубҳасиз. Бизнингча, бу борада қуйидагилар кечиктириб бўлмас вазифалардир:

биринчидан, қонун устуворлиги доирасида давлат тилининг мақомини яхши ўрганиш, унга итоат қилишни тарбиялашга қаратилган тадбирлар кўламини кенгайтириш лозим. Бир қонунни ҳурмат қилмаслик бошқасини менсимасликка олиб келади. Ҳар қандай қонун қандай йўл билан бузилмасин жиноят ҳисобланиши фуқароларга, айниқса, ёшларга чуқур сингдирилиши керак. Умуман олганда, тил халқнинг бебаҳо маънавий мулки сифатида доимий қадрланиши, ҳурмат қилиниши, қўриқланиши, кишилардаги тилга бефарқлик муносабати йўқотилиши зарур.

Иккинчидан, ўқувчилар учун ўзбек тили фанининг асосан нутқ ўстириш ва саводхонликни таъминлашни назарда тутувчи дарслик ҳамда қўлланмаларини яратиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш керак бўлади. Ўқувчи учун қоидани билишдан кўра нутқ ва савод муҳимроқдир. Ёшликда нутқни бойитиш келажакда онг ва тафаккурнинг юксалишига хизмат қилади.

Учинчидан, четдан олинган сўзларнинг тилимиз қоидаларига бўйсундирилишини жорий этиш жуда муҳим.

Сўз қабул қилишдан аввал ички имкониятни яхши текшириш керак. Тилимизда олинмаларнинг ярмидан кўпроғини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш имконияти бор. Бунинг учун олинаётган сўзнинг таржимасига эмас, у ифодалаётган тушунчанинг моҳиятига, шунингдек, номлаш, миллий сўз ясаш усулларига диққат қаратиш лозим.

Тўртинчидан, халқнинг нутқ такомилига эришишини таъминлашга хизмат қилувчи маърифий, маънавий ва маданий тадбирларни ҳамда воизлик, нотиқлик, бадиий ифодали ўқиш ва муншаот (фикрни маълум услубда ёзма ифодалаш) бўйича мунтазам танловлар ўтказиб, уларнинг ғолибларини кенг    тарғиб қилиш муҳимдир.

Зеро, миллий тафаккуримиз ойинаси мусаффолиги ва янада порлоқ бўлиши учун ҳар бир ҳаракатимиз муқаддас ишдир.

Нафас ШОДМОНОВ,

филология фанлари доктори

Report typo