Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

17.05.2019


МИЛОДДАН АВВАЛГИ I АСРДАН БУГУНГИ КУНГАЧА...

Бир сўз билан айтганда, мақом санъати халқимизнинг улкан номоддий маданий мероси ҳисобланади. Ушбу меросни асраб-авайлаш, янада бойитиб, келажак авлодларга ҳам етказиш устувор аҳамиятга эга. Ўтган йили Шаҳрисабз шаҳрида Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейининг филиали сифатида ташкил этилган Мақом музейи ана шу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугун бу музейда мақом санъатига оид 300 га яқин турли  экспонатлар сақланмоқда. Бу ерга кирган киши мақом санъатининг шаклланиш тарихи, ижрочилари, чолғу асбоблари, умуман, мақом тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлади.

- Ўлкамизда мусиқа илми жуда кўп асрлар муқаддам шаклланган, - дейди музей мудири Ўрал Ваҳобов. - Буни экспонатлар ҳам исботлайди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Айритом мавзесида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида топилган, милоддан аввалги I асрга тааллуқли ёдгорлик - мусиқачилар тасвири туширилган фриз ва бошқа экспонатлар бунга шоҳид.

Музей беш бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим мусиқа тарихи, деб номланади. Бўлимдаги экспонатлар аждодларимизнинг мусиқага оид билимлари жуда қадимга бориб тақалишини намойиш этади. Масалан, арфа мусиқа асбобини чалаётган аёл тасвирланган остадон кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу зардуштийлик дини билан боғлиқ ёдгорликнинг кўчирма нусхаси бўлиб, асл нусхаси Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейида сақланади.

Иккинчи бўлим Бухоро шашмақоми, кейингиси Фарғона-Тошкент мақоми, тўртинчи бўлимда Хоразм мақоми, бешинчисида эса XX асрда шаклланган Сурхондарё-Қашқадарё мақомига оид маълумотлар жамланган. Ҳар бир бўлимда ҳудудга хос қадимий ва замонавий чолғу асбоблари, аудио альбомлар, нота тўпламлари, мусиқий адабиётлар, ҳатто кийим-кечаклар ҳам жойлашганки, музейга келган ҳар бир киши ўлкага хос санъат ҳақида кенг маълумот олиши мумкин. Шунингдек, "Ўзбекистон мақом санъати усталари" рукни остида чоп этилган янги адабиётлар, шу жумладан, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий тадқиқот ва илмий-маърифий адабиётлар ёш мутахассислар учун қўлланма вазифасини ўтайди.

Музей умумий залида  эски граммофон, ликопчалар, XVIII, XX асрларга оид ўзбек, тожик, уйғур, афғон ва бошқа Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган чолғу асбоблари барчани ҳайратлантириши шубҳасиз. Айниқса, мусиқа санъати ривожига ҳисса қўшган Матниёз Юсупов, Юнус Ражабий чизмалари асосида уста Усмон Зуфаров ясаган афғон рубоби, дутор, тор ва бошқа чолғу асбоблари хорижий мутахассисларни ҳам, маҳаллий сайёҳларни ҳам қизиқтирмоқда.

Шундай чолғулардан бири дағал йирик резонаторли ингичка қопқоқ билан беркитилган, кичик ёриқли ва бўйинчали грифли мусиқий чолғу асбобида мизриб ёрдамида оҳанг ҳосил қиладиган уд чолғусидир. Нозик дид билан ясалган уд VIII-Х асрларда Шарқда замонавий кўриниши кенг тарқалган чолғу асбоблар қироли саналган. Бу чолғу ўзининг ноёблиги, оҳангининг жарангдорлиги билан ажралиб туради. Кўпгина соз ясовчи усталар, мусиқашунослар ушбу чолғунинг ясалишини ўрганишни истайди.

Мақом музейи фонди кундан-кун бойиб бормоқда. Дастлаб Маданият вазири Б.Сайфуллаев ва Ўзбекистон халқ ҳофизи У.Аҳмедов 40 дан зиёд ноёб экспонатлар ҳамда ноёб чолғу асбобларини совға қилишган бўлса, кейинчалик турли хориж давлатларидан ҳам бу санъатга тегишли буюмлар, адабиётлар жўнатилди. Худди шундай анъанани АҚШда фаолият юритаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Изро Малаков ҳам давом эттирди. Унинг ташаббуси билан XIX-XX асрларда Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё воҳаларида фаолият юритган мақом санъати ижодкорлари томонидан ишлатилган кўпгина ноёб экспонатлар музей экспозициясидан жой олди. Экспонатлар орасида бугунги кунда мақом йўналишида фаолият юритаётган америкалик ва канадалик ёш ижодкорлар ҳаётига оид материаллар ҳам мавжуд.

Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади.

 

Report typo